Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:27

Тарқатилган хабар ёлғон бўлиб чиқди


Шайбон Россия оммавий ахборот воситаларида Европа Иттифоқи Германия талаби билан Ўзбекистонга нисбатан санкция қўллашдан воз кечгани ҳақида тарқатилган хабарлар ҳақиқатдан йироқ.

Бу ҳақда “Озодлик” радиосига Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари маълум қилди. Уларнинг айтишича, Андижон воқеалари муносабати билан Ўзбекистонга халқаро санкция жорий этиш масаласи долзарб бўлиб, ҳали муҳокама қилинади.

Ҳафта аввалида “Россия” телеканали ЕИ Ўзбекистонга санкция қўллашни рад этгани, бунга Германиянинг позицияси сабаб бўлгани ҳақида хабар тарқатганди. Телеканал бу маълумотни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари ҳам тасдиқлаганини билдирганди.

Бу маълумотни рад этган Германия элчихонаси матбуот хизмати вакилининг таъкидлашича, Ўзбекистонга санкция қўллаш масаласи ҳали ҳам долзарб бўлиб турибди.

“Ян Кубишнинг Ўзбекистонга ташрифи бўйича тайёрланган тавсиялар кўриб чиқилади. Шундан кейин бу масалага яна қайтилади. Ҳозиргача санкция масаласида бирор қарор қабул қилинмаган ва уни бекор қилиш ҳақида ҳам гап кетаётгани йўқ”, - деди элчихона матбуот хизмати вакили.

Эслатиб ўтамиз, ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Ян Кубиш ўтган ҳафтада Ўзбекистонда бўлиб, президент Ислом Каримов учрашганди. Аммо ушбу учрашув тафсилотлари ошкор қилинмади.

Гарчи ЕИ Ўзбекистонга санкция эълон қилишни рад этгани тўғрисидаги хабарнинг ҳақиқат экани тасдиқланмаган бўлса-да, у Ўзбекистондаги демократик кучлар вакилларида кучли эътироз туғдириб улгурди. Хусусан, бу борада эътироз билдириб, Германия Будестагига йўлланган очиқ хатга имзо тўплаш акцияси эълон қилинди.

Ўзбекистондаги Демократик ташаббуслар маркази раҳбари Искандар Худойберганов Россия ОАВ томонидан бундай хабарнинг тарқатилиши сабаблари ҳақида ўз тахминини билдирди.

“Ёлғон хабар тарқатиш аслида Россия ташқи сиёсатининг бир кўринишидир. Россия каналларига бир қаранг, уларда нима ҳақида гапирилади? Бу каналлар бошдан-оёқ АҚШ ундай, АҚШ бундай деган даъволардан нарига ўта олмайди. Ўзбекистон масаласида тарқатилган бу ёлғон ҳам шу дийдиёларнинг узвий давоми, холос”, - деди И.Худойберганов.

И.Худойбергановнинг сўзларига кўра, ўзбекистонликлар Россия телевидениеларини кўп кўради ва улар орқали тарқатилаётган хабарларга ишонади. Шу боис, ёлғон хабар улар орқали тарқатилгани, аввало, ўзбекистонликларни алдаш бўлганини сезиш қийин эмас.

Россиялик таҳлилчи Ирода Гусейнованинг эътирофича, “Россия” телеканали юз фоиз давлат ихтиётида бўлгани сабабли берилган кўрсатмага мувофиқ иш юритади.

“Шу боис, ҳеч шубҳасиз, бу (ЕИ санкция эълон қилмагани тўғрисидаги хабар) Путиннинг Ислом Каримовга ўзига хос муруввати, десак бўлади. Бу Каримовга жуда керак ёрдам бўлди”, - деди И.Гусейнова.

И.Гусейнова ҳам ёлғон хабарлар айнан халқни алдашга қаратилганини таъкидлади. У Ўзбекистонда сиёсий уйғоқ кишилар кўплиги, улар ҳақиқатни ёлғондан ажрата олишига ишонишини билдирди.
XS
SM
MD
LG