Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:52

Мактаб директори мустақил журналистдан хафа бўлди


Дилнаво Интернет сайтларидан бирида А.Сарбонов имзоси билан эълон қилинган мақолада Тошкентдаги 110-мактаб ҳақида баъзи мулоҳазалар келтирилган. Аммо мактаб жамоаси бу иддаоларни рад этмоқда.

Мактаб жамоаси А.Сарбоновни ушбу таълим даргоҳи шаънига бўҳтон гаплар айтганликда айблаб, Интернетда жавоб мақола чиқаришга ҳам улгурди.

Мактаб директори Шоҳида Ёқубжонованинг “Озодлик” мухбирига айтишича, А.Сарбонов ўз мақоласида уни мактабга тегишли бўлган спорт зали, чўмилиш ҳавзаси ва ошхонани сотиб юборганликда айблаган. Ҳолбуки, ошхона ижарага берилган. Спорт мажмуи эса “Фотон” заводи томонидан қурилган бўлиб, корхона иқтисодий қийинчилик сабаб мажмуани қаровсиз ташлаб кетган. Ҳозир бу спорт мажмуаси таъмирланиб, гимнастика залига айлантирилган. Унинг мактабга алоқаси йўқ. Чўмилиш ҳавзасининг ҳам мактаб тегишли жойи йўқ.

Маълум бўлишича, мактабда катта ва кичик спорт заллари бор. Бошқа мактабга тегишли чўмилиш ҳавзасидан эса 110-мактаб ўқувчилари дарс жадвали бўйича фойдаланади.

Ш.Ёқубжонова А.Сарбонов уни порахўрликда айблаганидан қаттиқ хафа бўлгани, бу исботсиз ёлғон эканини таъкидлади.

“Мактаб ўзини ўзи таъминлашга ўтган. Бизнинг ҳисоб рақамимиз бор. Имкони бор ота-оналар мактабга ёрдам учун 100 минг ёки 1 миллион сўм маблағ ажратади. Мактабга ўқувчи қабул қилишни махсус комиссия ҳал этади”, - деди Ш.Ёқубжонова.

Мактаб ўқитувчилари ҳам А.Сарбонов мақоласида келтирилган маълумотлар бўҳтонлигини билдирди. Мактаб раҳбари чақириб келган бир неча ота-она фарзандини шу таълим даргоҳига жойлаштириш учун пора бермаганини маълум қилди. Ўқувчилар эса дарсдан ташқари ўқишлар ҳам текин экани, пора аралашмаслигини таъкидлади.

“Озодлик” мухбири мактабдан чиқиб кетаётганида эса ўқувчилардан бири қўшимча дарс учун ўқитувчиларга соатига минг сўмдан тўланишини айтиб қолди.
XS
SM
MD
LG