Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:55

Озод Шарафиддинов вафот этди


Зикрилло Ишонч Таниқли мунаққид, таржимон ва адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов 4 октябрь куни 76 ёшида вафот этди. У анча вақтдан буён оғир касал бўлишига қарамай, умрининг охиригача ижоддан тўхтамади.

Ўтган асрнинг 50-йилларига адабиёт оламига кириб келган О.Шарафиддинов юзлаб илмий, публицистик мақолалар, 30 дан ортиқ катта-кичик асарлар муаллифи эди. “Жаҳон адабиёти” журналига раҳбарлик қилиб, дунёга машҳур ёзувчиларнинг сара асарларини ўзбек китобхонларига етказишга улкан меҳнати сингди.

О.Шарафиддинов кўплаб адабиётшунос олимлар, фан номзодлари, фан докторларини етиштиришда катта ҳисса қўшган.

Ёзувчи Ўткир Ҳошимовнинг сўзларига кўра, О.Шарафиддиновни деярли ҳамма ёзувчи ва шоирларнинг устози, деса хато бўлмайди. У ҳамма асарга ҳалол баҳо берарди, ҳаётда ҳақгўй эди.

“60-йилларда Тошкент давлат университетида ўқиб юрганимизда баъзи домлалар Абдулла Қодирийни, Чўлпонни халқ душмани сифатида тилга олган пайтларда Озод ака Чўлпоннинг шеърларини ёддан ўқиб берарди”, - деди Ў.Ҳошимов.

Танқидчи, адабиётшунос Умарали Норматов О.Шарафиддинов билан узоқ йиллар бирга ишлаган.

“Озод ака олмиш йиллик адабий фаолиятини миллат учун, миллат озодлиги учун, маданият равнақи учун фидо этди, - деди У.Норматов. - У шахс сифатида, миллат учун курашган сиймо сифатида ёдимизда қолади”.

Марҳум олимнинг шогирди адабиётшунос Абдуғафур Расуловнинг айтишича, О.Шарафиддинов расман 30 та олим тайёрлаган бўлса-да, унинг шогирдлари минглаб топилади.

“Озод акага расман қаҳрамонлик унвони берилган. Аслида у ўз табиати билан қаҳрамон одам эди. Қилган ҳаракати, ишлари билан қаҳрамон, буюк инсон эди”, - деди А.Расулов

Турколог Бахтиёр Исабеков Озод Шарафиддиновни ўзи кўрган, ҳамсуҳбат олимлар орасида буюклардан бири бўлганини таъкидлади.

“Озод акада қизиқ хусусият бор эди. Совет даврида коммунистик партияга содиқлик принципидан келиб чиқиб, адабиётдаги ўз қарашларини бемалол айта олар, коммунистик нуқтаи назардан қабул қилдира олганди. У катта олим сифатида ўзининг шу пайтгача қилган ишлари айнан миллийликка жавоб бера олмаслигини биринчилар қатори англаб етди”, - деди Б.Исабеков.

Озод Шарафиддинов Тошкентдаги “Чиғатой” қабристонига дафн этилди.
XS
SM
MD
LG