Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:14

Елена Урлаева Бош прокурорга хат ёзди


Феруза “Озод деҳқонлар” партияси аъзоси, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Елена Урлаева ўзи мажбуран сақланаётган Республика руҳий хасталиклар шифохонасидан туриб Ўзбекистон Бош прокурорига очиқ хат йўллади.

Мактуб ибтидосида Е.Урлаева Ўзбекистондаги сиёсий ўйинлар, қонунлар топталиши, турли қийноқлар йўли билан гуноҳсиз одамларни айбдор қилиш, ноқонуний ҳибслар ва тинтувларда Бош прокурорни айблайди ва бундай ёзади: “Қонун ва қоидаларга амал қилинмайдиган ҳар қандай ўйинда шахсият осонгина синдирилади, инсоний қадриятлар йўқ қилинади, атрофга қўрқув сингдирилади, ҳамма нарсада оғриқ пайдо бўлади, шафқатсизлик ва ҳокимият қудрати ғолиб чиқади. Адолат ва инсон ҳаёти учун қайғуриш эса фақат сизнинг ёлғондан иборат нутқларингиздагина тилга олинади”.

Шу ўринда эслатиш жоиз, Е.Урлаева август куни ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан ушланиб, мажбурий равишда руҳий хасталиклар шифохонасига ётқизилганди. Шифокорлар руҳий касал эмаслиги тўғрисида берган тиббий хулосасига қарамай, у ҳамон шифохонадан чиқарилгани йўқ.

Бош прокурор номига йўллаган очиқ хатида Е.Урлаева 27 август куни ўзининг қандай ҳибсга олингани, гўёки аввалдан тайёрланган режа асосида айбланиб, руҳий касалга чиқарилгани ҳақида ёзади: “Сўроқ ва таҳқирлашлар бутун тун бўйи давом этди. Сўнгра мени қўлга олишган жойга олиб боришди. Бу ерда кутиб турган 20 дан ортиқ ҳуқуқ-тартибот ходимининг қўлида жомадончалар, видеокамералар, фотоаппаратлар бор эди. Яъни улар тергов эксперименти ўтказиши учун лозим барча анжомлар тайёрлаб қўйилганди. Шундан сўнг Сирғали тумани ИИБ тергов бўлими бошлиғи 63-хонада менинг қўлларимни нусха олинган суратларга мажбуран тегдириб олди. Суратда эса мевали шох ва қандайдир япроқлардан иборат гулчамбар ўртасида патлари юлинган товуқ акс эттирилган эди”.

“Озод деҳқонлар” партияси раҳбари Нигора Ҳидоятованинг таъкидлашича, бу хатни Е.Урлаеванинг шахсан ўзи ёзган ва шифохонадан бериб юборган. Мактубда ёзилган барча ҳолатлар ҳақиқат.

Е.Урлаеванинг адвокати Виталий Красиловский “Озодлик” мухбири билан мулоқот чоғида ўз ҳимоясидаги шахснинг бирорта процессуал ҳужжати билан шу вақтгача танишмаганини маълум қилди.

Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Е.Урлаева ёзган очиқ хатдан бехабар бўлиб чиқди. У “Озодлик” мухбиридан мактуб муалифи кимлигини билгач, бундан ажабланмаса ҳам бўлишини айтиш билан кифояланди.
XS
SM
MD
LG