Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:11

Ўшдаги газеталар давлат тасарруфидан чиқишга шошилмаяпти


Абдуллоҳ Эргаш

Қирғизистонда март инқилобидан кейин маҳаллий сиёсатчилар давлат тасарруфидаги оммавий ахборот воситаларининг эркин ва мустақил бўлиши лозимлиги ҳақидаги таклифни илгари сурди. Айни пайтда ушбу таклиф журналистлар ўртасида кенг муҳокама қилиняпти.

Қирғизистондаги марказий нашрлар мустақил фаолият юритишга тайёр эканини билдираётган бир пайтда мамлакат жанубидаги ОАВ ходимлари давлат тасарруфидан чиқишни кўп ҳам истаётгани йўқ.

Ўшдаги 15 газетадан 4 таси, 11 та телерадиокомпаниядан биттаси давлатга қарашлидир. Давлат тасарруфидаги нашрлар орасида энг кўп чоп этиладигани қирғиз тилидаги “Ўш жанириғи” газетаси ҳисобланади. Жанубда анча оммавий бўлган бу газета давлат тасарруфидан чиқишга тайёр эмаслигини билдиряпти.

Газета бош муҳаррири ўринбосари Манас Ўрозбой ўғлининг фикрича, республика миқёсидаги газеталар мустақил бўлса, яшаб кетиши мумкин. Аммо вилоятда чиқадиган газеталар давлат ёрдамисиз ўзини ўзи эплай олмай, ёпилиб қолиши эҳтимолдан йироқ эмас. Энг йирик реклама берувчилар пойтахтда жойлашгани, марказий газеталар адади катталиги уларнинг муваффақиятли иш юритишига омил бўлади. Масалан, биргина “Вечерный Бишкек” газетаси кунига 100 минг нусхада чиқади. Вилоят газеталари адади эса ошиб кетса, 5 минг нусхага боради.

“Ўш садоси” газетаси бош муҳаррири Муҳаммадсоли Исмоилов маҳаллий нашрлар мустақил бўлиб, сўз эркинлиги тамойили асосида ишласа ҳам ўз харажатларини қоплай олмаслигини таъкидлади. Зеро, бугунги кунда аҳоли маҳаллий газеталарга обуна бўладиган даражада иқтисодий имкониятга эга эмас.

“Ҳозирги шароитда вилоят маъмуриятининг молиявий мадади бўлмаса, газета ёпилиб қолиши хавфи бор. Биз ҳозир ҳам эркин фаолият кўрсатамиз. Вилоят маъмурияти бизга буйруқ ёки кўрсатма бермайди”, - деди М.Исмоилов.

“Ўш садоси” бош муҳаррири ўринбосари Аҳмаджон Муҳаммаджоновнинг таъкидлашича, жанубдаги газеталарни давлат тасарруфидан чиқариш учун, аввало, реклама бозорини шакллантириш лозим. Бундай бозор шаклланмагани боис, ҳозир маҳаллий мустақил нашрлар ҳам мунтазам чиқмаётир.
XS
SM
MD
LG