Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:24

Бензин тақчиллиги Тошкентга ҳам етиб келди


Феруза Ўзбекистон вилоятларида қарийб икки ойдан буён давом этаётган бензин тақчиллиги Тошкент шаҳрига ҳам етиб келди. Ҳозир ёқилғи қуйиш шахобчалари олдида соатлаб навбат кутаётганлар ҳайдовчиларни кўплаб учратиш мумкин.

Қизиғи шундаки, бензин фақат шахобчалардагина танқис. Пули бор одамга бензин топиш муаммо эмас. Зеро, ҳайдовчиларнинг айтишича, ҳозир ҳамма жойда чайқовчилардан истаганча бензин харид қилиш мумкин. Аммо унинг ҳар литрини олибсотарлар 800 сўмдан 1200 сўмгача пуллаяпти.

Демак, аҳолининг фикрича, бензин бор. Фақат бензин ёқилғи қуйиш шахобчалари орқали қонуний савдога чиқарилмай, чайқовчилар қўлига бориб тушяпти.

Бензин етарли даражада ишлаб чиқарилиб, нефть базаларига етказиб берилаётганини “Ўзнефтмаҳсулот” компанияси вакили ҳам таъкидлади.

“Заводлар етарлича маҳсулот чиқаряпти. Компанияда бензин инқирози йўқ. Аммо биз шахсий ёқилғи қуйиш шахобчаларидаги вазият учун жавоб бермаймиз”, - деди компания вакили.

“Ўздавнефтгаз” инспекцияси ходимининг айтишича, айни пайтда шахобчаларда бензин танқислиги олдини олиш учун чора-тадбирлар ишлаб чиқиляпти.

Республика истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ҳам муаммо қаршисида ноилож қоляпти. Жамият вакилининг таъкидлашича, бу ҳукуматнинг муаммоси.

Бензин танқислиги муаммоси, ёқилғининг нима сабабдан чайқовчилар қўлига ўтиб кетаётгани масаласида на Вазирлар Маҳкамаси, на ҳуқуқ-тартибот органларидан аниқ жавоб олишнинг иложи бўлди.

Жамиятшунос Баҳодир Мусаевнинг фикрича, Ўзбекистондаги бензин тақчиллиги ва шунга ўхшаган ҳолатлар мамлакатда ҳамма нарса сотилиши ва сотиб олинишини кўрсатади.

“Ўзбекистон бошқарув издан чиққан мамлакат. Жамиятда нима бўляпти, халқ нимани истайди, уни нималар қийнаяпти каби масалаларда ҳеч кимнинг боши қотмайди. Давлат амалдорлари ўз манфаати йўлида бутун жамиятни таъмагирлик ва порахўрлик ботқоғига ботирмоқда. Масалан, бензин танқислиги учун ҳеч бир амалдор жавоб беришни истамайди, бироқ ҳаммаси бензинни қимматроқ нархда чайқовга чиқариш учун елиб югуради”, - деди Б.Мусаев.
XS
SM
MD
LG