Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:15

Андижонлик гувоҳ Маҳбуба Зокированинг Олий суддаги кўрсатмаси


“Озодлик” радиоси

Маҳбуба Зокирова: Мен Зокирова Маҳбуба Ғофиржон қизиман. 1972 йил Андижон шаҳрида туғилганман.





Судья: Маълумотингиз?

М.Зокирова: 8-синфни битирганман.

Судья: Ишлайсизми?

М.Зокирова: Илгари ишлаганман.

Судья: Турар-жойингиз қаерда?

М.Зокирова? Ҳакан қишлоғида.

Судья: Андижон вилояти, Ҳакан қишлоғи, Қумқума 304 дебди, тўғрими?

М.Зокирова: Қумкўча.

Судья: 304-хонадонми?

М.Зокирова: Ҳа.

Судья: Зокирова, сизни гувоҳ сифатида чақиртирганмиз. Гувоҳ билган нарсалари тўғрисида судга тўғри кўрсатув бериши керак. Ёлғон кўрсатма берганлик учун жавобгарлик бор. Шу тўғрида сизни огоҳлантираман. Тилхатга имзо чекинг. (Узоқ паузадан кейин) Марҳамат, энди шошилмасдан кўрган, билган нарсаларингиз, воқеалар тўғрисида гапириб берсангиз.

М.Зокирова: 12 май куни қизим билан менинг туғилган кунимиз эди. Ҳар йили туғилган кунимизни нишонлаб, дадамиз айлангани олиб чиқарди. Ишда бўлиб қолиб, олиб чиқа олмай қолди. Кейин ўзим болаларни шаҳарга олиб чиқувдим. Шаҳардаги Навоий парки олдида оломон, одам роса кўп экан. Нима бўлаётган экан, деб қизиқиб бордим. Борсам, мендақа аёллар, болалилар роса кўп экан. У ерда қуролланган бир-иккита одамлар ҳам бор экан. Менинг хаёлимга келмаган улар террористми, қуролланганми. Қуролнинг роса камлигига ҳам ақлим сиғдира олмади. Қоровуллар деб ўйладимми, билмайман. Ўша ерда турдик. Ҳамма халқ чиқиб, роса гапиришди. Айниқса, инвалидлар, аёллар. Ҳамма бошидан ўтган воқеаларни гапирди. Каримов келар экан, деган гап бўлди. Аниқ келади, дейишди. Унинг ичида битта қарироқ кишини олиб чиқишди. Каттароқ кишини. Унга бир нарсалар деди. Ҳозир аниқ эсимда йўқ. Ундан кейин вертолёт келди. Па-а-аст учди. Икки марта айланди бошимиздан. Вой, ана Каримов ростдан келаркан, деб кутиб ўтирдик. Энди президентимиз бизнинг Андижонга ҳам келиб гаплашаркан, деб ишонибмиз. Кейин Каримов келмасдан, мен оломоннинг чеккароғида эдим, йўлнинг бўйида машинада солдатлар тариллатиб отиб ташлади. Ёнимда биттаси ётиб қолди. Битта ёш қиз бола “оёғимга тегди”, деди. “Вой ростдан тегдими” (ётиб олганман) десам, “йўқ оёғимга эмас экан, тапичкамнинг товонига тегди” деди. Бундай қарасам, ўқ кирган экан. “Во-о-ой, ростдан ўқ экан”, деб қўрқиб кетдим. 4 та майда-майда болам бор. Мана бу ёғда (ташқарида демоқчи) туришибди ҳозир. Ўзимдан эмас, болаларимдан қўрқдим. Ҳали халққа қаратиб ўқ отганига ишонмайман. Шундан кейин қуролланган одамлар, эркаклар “ичкарига киринглар, аёллар ичкарига кирсин, ўқ тегмасин шуларга, эркаклар, тўсинглар” деди. Қуролланганлар унча йўқ эди. Кўпи қуролланмаган эркаклар эди. Кейин ичкарига аёллар кирди, чеккада болалар (эркаклар демоқчи). Кўпчилиги ўлиб кетди. Ана шунақа бўлишди. Бир пайт ўша катта сўзга чиққан киши, 3-4 тасидир, 5-10 тасидир, билмайман, “олдига қўямиз, давлатнинг одамларини қўйсак отмайди халқни, ўзининг одамини ўзи қандай отади, қўрқманглар”, дейишди. Олдига қўйишгандир, мен тўполонгда болаларим билан чалғиб, кўрмадим. Кейин олдига қўйган эди, бирпас юрдик. Ро-о-са ёмон отишма бўлди. Уни айтишга сўз ожиз. Урушда ҳам унақа бўлмаган. Даҳшат, қон. Бундай ётсак, ётган еримиздан қон оқиб ўтаверди. Қўрқинчдан билмайман нима бўлганини. “Ўзиникини ҳам отиб юборди, энди бизга нима бўлади”, дедикда ҳамма жон сақлашга ҳар ёққа қочди. У ерда 10 мингтача одам бўлса, қочиб-қочиб ана шунчаси борилибди. Ўша ерда кўпчилик қочилди, қирилди. Ўша аҳволда ҳам мана шу томонга бурилди. Қочиш, жон сақлаш нимасида. Ўқдан қочиб, бурилиб кириб кетишди битта кўчанинг ичига. Болам тўполонгда, ўқнинг ичида, ё кўтарган одам ўқ еганми, уч яшар болам, битта 7-8 ойлик жижим (чақалоғим демоқчи) ўзимда эди, ўша боламни кўтарган одам ўқ еганми, ё йиқилиб қолиб кетганми, болам қолиб кетибди. Жижимни олиб, нарироққа борганман, “во-о-й бола-а-ам”, дейман, одамлар ўляпти, тариллаб отишяпти. Битта бола югуриб бориб, боламни олиб келиб берди. Йиғлашяпти болаларим. Ҳамманинг жони чиқиб бўлган. Уни ҳозир эсласам, қўрқиб кетяпман. (Овозини пастлатиб) Сизлардан қўрқмаяпман. Ўша воқеани эслаб туриб, қўрқиб кетяпман тўғриси. Шунақа даҳшат. 41-йилги уруш ҳам унчалик бўлмаганда. У ҳам майли. Яна ундан даҳшатлиси бор. Ундан кейин кетилди. Қуролланган бир-иккита, қуроли борми-йўқми, билмайман, бордур, одамлар унча отишмади. Кўпроқ қочишга ҳаракат қилди. Аёллар, болалар ўлмасин, отмасин, деб уйларга халқлар эшигини очиб, “кириб олинглар, отиб юборади, нима кераги бор бекордан ўлиб кетишни” деб, дарвозаларини очишиб берди. Кирганлар кирди, мен кирмадим. Кирсаман, қувлаб келишаётган эди-да, кўзим билан уни кўриб қолдим, машинада солдатларни, “барибир қувлаб ўлдириб юборади, ундан кўра ўлгунимча қочаверай”, деб қочдим. Қочиб кетдик. Йўлларда машиналар ўтди. “Барибир отиб ташланади” деган фикрлар бўлди. “Ундан кўра чегарадан ўтиб кетилса, отишга ҳаққи йўқ, отмайди. Бизни ҳалиги, нима деб ўйлашди булар. Отиб юбориш керак, деб ўйлашяпти, шекилли”, деб қочавердик. Тешиктошга чегарага етганда қурол йўқ эди ҳеч кимда. Аёллар, қари-қари кампирлар, унинг ичида иккиқат аёллар йўлда, вой, болалар, рўмолларини олишиб, оқ байроқ қилиб, “отмайди, сизларни, аёлларни ўтказиб юборамиз. Майли бизларни отса отар”, деб эркаклар оқ байроқ қилиб борилди. Борсак, оқ байроққа ҳам қарамасдан, энг алам қилгани, немис Гитлер ҳам, тўғриси, оқ байроқ кўтарганларни отмаган, унда отди. Мен кўзим билан кўрдим, 4 та боламни ўртага қўйиб қасам ичаман, отди. Вой, у ердаги даҳшатни қўяверасизлар. У ерга боргунча оёқларимиз шишиб, ялангоёқ, ёмғир, ҳаммаёқ ҳўл. Битта боламни кўтариб олган одам, ўқ еб ўлганми, йиқилиб ўлганми, ташлаб кетганми, билмайман, мен қочяпман, уч яшар ўғлим ўликларнинг ичида, мана бу ёқда ҳозир (ташқарида турибди демоқчи), ая деб йиғлаяпти. Ўқ тариллаб отиляпти. Асфальтда ўқ тегса, ўт чиқар экан. Энди даҳшат. Болам йиғлаётган эди. Болам бўлса ҳам бориб, ўқдан олиб чиққани қўрқаман. Қўрққанимдан бора олмайман. Нариёғда туриб, болам, деб бақирсам, бўйи узун, оппоқ бола югуриб бориб боламни шундай эзиб туриб (ўқдан сақлаш мақсадида устига ўзини ташлаб демоқчи), миясига ўқ тегиб ўлди. Ана шу бола учун ҳам мен ростини айтаман. Ро-о-ст гапираман. Агар ёлғон гапирсам… Қандай мен ёлғон гапираман! Ёлғон гапирмайман мен ўша бола учун ҳам. Менинг болам учун жонини берган бола учун. Менга қарз бўлиб қолди. Ўшаларнинг кўрсатган анақаси. Ўлиб кетган боланинг бола-чақаси бордур. Ўша менинг боламни мана шундай эздию, ўзи мана шундай миясига ўқ еб ўлди қон оқиб ўша ерда. Во-ой дедим, болам ҳалигининг тагида қолди. Кейин 4-5 таси югуриб бориб, ярадорларга қўшиб, боламни кўтариб келди.

(давоми бор)
XS
SM
MD
LG