Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:47

Ўзбекистон матбуоти Маҳбуба Зокировани “фош этиш”га киришди


Шайбон Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари андижонлик гувоҳ Маҳбуба Зокированинг Олий судда берган кўрсатмаларини инкор қилишга киришди. Газеталарда гувоҳнинг сўзларини шубҳа остига олувчи мақолалар пайдо бўла бошлади.

“Маҳбуба ролни яхши ўйнаёлмади”, “Кўнгил нотоза бўлса”, “Ўйинлар билан халқни алдаб бўлмайди”. Ўзбекистоннинг 18 октябрь куни сотувга чиққан марказий нашрларида М.Зокирова берган кўрсатмага бағишланган мақолалар шундай номланади.

Андижоннинг Хакан қишлоғида яшовчи, тўрт фарзанднинг онаси Маҳбуба Зокированинг 14 октябрь куни Олий судда берган кўрсатмасидан кейин аксарият кузатувчиларга унга қарши катта кампания бошланишини таъкидлаган эди. Бу тахминларнинг ҳақиқатлигини кутиш узоққа чўзилмади.

Ўзбекистон матбуоти М.Зокированинг “пўстагини қоқиш”га тушиб кетди. Масалан, “Ўзбекистон овози” газетаси бош муҳаррири Сафар Остонов унинг гувоҳлигини ўйин, деб баҳолади. “Ўйинлар билан халқни алдаб бўлмайди” сарлавҳали ушбу мақоладан иқтибос: “Унинг ҳикоясида воқеалар шундай тасвирландики, буларни бошидан ўтказган одам ҳаяжонсиз, кўз-ёшсиз гапиролмайди, айниқса, аёл киши. Лекин у ҳар икки гапнинг бирида “иннан кейин”, “иннан кейин”, деб қўярди, гап оҳангидан гўё биров уқтирган, омонат гапларни айтаётгандек, худди ёдлаб олган нарсасидан ташқарига чиқиб кетишдан чўчиётгандек гапирарди”.

“Халқ сўзи” газетасида Жўшқин имзоси билан эълон қилинган мақолада қуйидаги сўзлар бор: “Ҳа, бу гувоҳни айни пайтда суд залида ўтирганлар ҳам “тушуниб” бўлганди. Негаки, савол-жавоб жараёнида Маҳбуба Зокирова ўзи билмаган ҳолда оилавий ҳолда митингга махсус чиққанлигини, онги акрамийлик таълимоти билан тўла заҳарланганлигини фош этиб қўйди”.

“Қишлоқ ҳаёти” газетаси эса Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги махсус мухбирлари Ғулом Мирзаев ва Беҳзод Норбоев қаламига мансуб мақола эълон қилинди.

“М.Зокированинг пойинтар-сойинтар ва ёлғон кўрсатмалардан иборат гувоҳлик берганининг туб сабаблари, нохолис кўрсатмалардан кўзланган мақсад нима эканлиги, қолаверса, бунинг ортида қандай ғаразли кучлар пинҳонлигини ҳам тушуниб олиш қийин эмас”, - дейилади мақолада.

Шу ўринда бир ҳолатга эътибор қаратиш керак. Ўзбекистон матбуоти ходимлари суд ҳукми чиқмаёқ ким тўғри, ким нотўғри кўрсатма бераётгани ҳақида хулосага келиб улгурган, аммо улар хорижий ҳамкасбларини ҳукм эълон қилинмасдан ҳар хил “нохолис” ахборотларни тарқатаётганликда айблашдан чарчагани йўқ. Яъни уларга мумкин, бошқаларга эса йўқ.

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Ўзбекистон матбуотида М.Зокирова кўрсатмаларига қарши эълон қилинган мақолалардан қалби яраланганини таъкидлади.

“Маҳбубахон қуролли кишилар майдондаги ўз яқинлари ва хайрихоҳларига ўқ узиши мантиққа зидлиги, оломонга ҳарбийлар ўқ отганини айтди. Унинг қайси гапи нотўғри? Газеталарни ўқиб, ҳалигача ўзимга кела олганим йўқ”, - деди Т.Йўлдошев.

Айрим юмушлар билан Тошкентга келган фарғоналик йигитларнинг “Озодлик” мухбири билан суҳбатда айтишича, М.Зокированинг гаплари ҳақиқий экани, юракдан чиққани шундоққина билиниб турганди. Шунинг учун унинг гаплари тўғрилигига шубҳа йўқ. Марказий нашрлардаги мақолалардан мақсад эса ҳукуматнинг айбини яширишдир.

“Ўзбекистон матбуоти ҳар доимгидек буйруқ асосида иш тутяпти. Улар М.Зокировани балчиққа ботириш, уни ақлсизга чиқариш ёки берган кўрсатмаларини ёлғонга йўйиш учун имкон даражасида ҳаракат қилади. Лекин халқ кимнинг ҳақлигини билиб турибди”, - деди фарғоналик суҳбатдош йигитлар.

Фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдусалом Эргашевнинг таъкидлашича, М.Зокирова жуда самимий гапирган. Агар унга ўргатилган бўлганида гаплари бундай самимий чиқмас эди.

“25 миллион халқнинг ичида битта жасоратли топилмайди, дейдиганлар ғирт аҳмоқдир. Чунки ўзбекларнинг ҳаммаси ҳам “тақдирим бир банданинг қўлида”, деб қўрқадиган эмас”, - деди А.Эргашев.
XS
SM
MD
LG