Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:13

ОИТС-ОИТВга чалинганларнинг кўпи Тошкентда яшайди


Феруза БМТнинг болалар жамғармаси - Юнисеф 2005 йил 25 октябрдан “ОИТСга қарши курашда болалар учун бирлашинг!” шиори остида бутунжаҳон ҳаракатини бошлади.

Тошкентда ушбу глобал кампания Ўзбекистонда ҳам бошланганига бағишланган тақдимот маросими ўтказилди.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон ОИТС маркази эпидемиология бўлими бошлиғи Носир Жўраевнинг билдиришича, ўтган йили мамлакатда ОИТС-ОИТВга чалинган 5,6 мингдан ортиқ бемор рўйхатга олинган. Уларнинг аксар қисми, яъни 40 фоизи Тошкент шаҳри, 30 фоизи Тошкент вилояти ҳиссасига тўғри келади. Беморларнинг 50 фоиздан ошиғи 25-34 ёшдаги эркак ва аёллардир.

“Дунё бўйича ОИТС-ОИТВ, айниқса, аёллар ва болалар ўртасида кўп учрайди. Ўзбекистонда эса касалликка чалинганларнинг 25 фоизинигина аёллар ташкил этади. Ўзбекистонда болалар ва ҳомиладор аёлларнинг мазкур касалликка чалиниш кўрсаткичи жуда паст. 2002 йилдан бери ҳомиладор аёлларнинг 112 нафарида ОИТВ қайд этилган”, - деди Н.Жўраев.

Юнисеф ОИТСга қарши глобал кампанияни Ўзбекистонда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати билан биргаликда ўтказмоқда.

“Камолот” матбуот котиби Саид Абдулазиз Юсуповнинг “Озодлик” мухбирига айтишича, Ўзбекистон ОИТС-ОИТВ тарқалиши бўйича Марказий Осиё давлатлари орасида энг паст кўрсаткичга эга. Ёшлар ҳаракати кўнгиллилар ёрдамида бу муаммога қарши курашни кучайтирмоқда. Ҳозир кўнгиллилар сони 300 мингдан ортиқ.

Юнисеф маълумотларига кўра, Ўзбекистонда гиёҳванд моддаларни шприцлар орқали қабул қилувчиларнинг аксарини ёшлар ташкил қилади. Ёшлар ўртасида бетартиб жинсий ҳаёт кечириш ҳолатлари кўп учрайди. Ҳолбуки, ОИТС-ОИТВни асосий тарқатувчилар айнан гиёҳвандлар ва фоҳишалар ҳисобланади.

“Камолот” масъуллари тадбирга келган ўзбек ёшларининг мана шу муаммолар юзасидан “Озодлик” мухбири билан суҳбатлашишига тўсқинлик қилди.
Ўзбекистонда ОИТС-ОИТВга чалинганларнинг 70 фоиздан ортиғи сўнгги икки йил давомида рўйхатга олинган. Норасмий маълумотларда мамлакатда мазкур касаллик билан оғриган, аммо қайд этилмаган минглаб беморлар борлиги айтилади.
XS
SM
MD
LG