Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:05

Санжар Умаров катта миқдордаги маблағни ўзлаштиришда айбланмоқда


Шайбон 26 октябрь куни Ўзбекистон Бош прокуратураси “Серқуёш Ўзбекистоним” коалицияси раҳбари Санжар Умаровнинг ҳибсга олиниши сабаблари юзасидан расмий баёнот берди.

Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Светлана Ортиқованинг таъкидлашича, Бош прокуратуранинг солиқ ва валютага оид жиноятлар департаменти томонидан “Нефтгазтранс” ва “Миссисипи” қўшма корхоналари раҳбарияти ва масъул шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Бунга корхоналар раҳбариятининг нефть маҳсулотлари билан савдо қилиш давомида 3 миллиард сўмни ўзлаштиргани аниқлангани сабаб бўлган.

“Нефтгазтранс” қўшма корхонаси 1996 йилда “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси ҳузурида ташкил этилган бўлиб, унинг транспорт ва экспедиторлик хизматларини бажариши кўзда тутилган.

Айни шу қўшма корхона, С.Ортиқованинг айтишича, ака-ука Аброр ва Санжар Умаровлар томонидан ташкил этилган “Экойл-техноложес” фирмаси орқали 2003-2004 йилларда 3,5 миллиард сўмлик нефть маҳсулотларини сотиб, савдо-сотиқ ҳолатини бухгалтерия ҳужжатларида қайд этмаган, олинган даромад эса ўзлаштириб юборилган.

“Шу ва бошқа ҳолатлар инобатга олинган ҳолда “Экойл-текноложес” фирмаси раҳбарлари Аброр ва Санжар Умаровларга нисбатан Жиноят кодексининг 167 (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш) ҳамда 184-моддалари (солиқ ва бошқа тўловлардан бўйин товлаш) бўйича жиноят содир этганлик ҳақида айблов ва эҳтиёт чораси сифатида вақтинча ҳибсда сақлаш мақсадида қидирув эълон қилинган эди”, - деди С.Ортиқова.

Унинг сўзларига кўра, ака-укалар қидирилаётган бир пайтда тергов натижалари ўлароқ, йирик миқдордаги бюджет маблағидан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланган. Айни масалада Нодира Ҳидоятова бошқараётган “Буюк сиймолар” фирмасининг иштирокини аниқлаш масаласи алоҳида назарда тутилган бўлиб, бу корхона офисида тинтув ўтказиш ҳақида қарор чиқарилган. Шу фирма офисида гувоҳлар иштирокида тинтув ўтказилаётганида қидирувда бўлган Санжар Умаров келиб қолган ва ҳуқуқ-тартибот ходимларига қаршилик кўрсатиб, тартибсизлик уюштиришга уринаётган пайтда ҳибсга олинган.

С.Ортиқова С.Умаров ҳибсхонада ўзини бошқара олмайдиган ҳолатда экани тўғрисидаги хабарлар юзасидан ҳам муносабат билдириб, бунга тегишли экспертизалар натижасидан келиб чиққан ҳолда жавоб қайтаришини маълум қилди.

“Умуман барча айбланувчилар, хусусан, Умаровга нисбатан тергов томонидан ҳеч қандай ноқонуний хатти-ҳаракатлар амалга оширилгани йўқ. Мен буни тўлиқ масъулият билан таъкидлайман”, - деди С.Ортиқова.

У “Буюк сиймолар” фирмаси раҳбари Н.Ҳидоятовага нисбатан ҳозирча ҳеч қандай айблов йўқлиги, бироқ тергов давомида бирор қонунбузарлик аниқланадиган бўлса, ҳеч ким жавобгарлик қочиб қутилмаслигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG