Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:39

БМТ Хавфсизлик Кенгаши Сурияга оид резолюция қабул қилди


Жорий йил феврал ойида Байрут шаҳрида Ливан собиқ Бош вазири Рафиқ Харирий ҳаётига суиқасд уюштирилган эди. БМТ Хавфсизлик Кенгашининг душанба кунги йиғилишида Сурия ҳукуматидан Ҳаририй ўлдирилиши юзасидан текширув олиб бораётган БМТ комиссияси билан ҳамкорлик қилишни талаб қилувчи резолюция қабул қилинди.

Хавфсизлик Кенгаши аъзолари бир овоздан қабул қилган резолюция Сурия ҳукуматини БМТ комиссияси билан тўлиқ ҳамкорлик қилишга чақиради. Бундан мақсад эса Сурия расмийларини Ҳаририй ўлимига алоқадорликда гумон қилинаётган шахсларни тутиб, БМТ терговчилари ихтиёрига топширишга даъват қилишдан иборат. БМТ талаби Сурия президенти Башар Ал-Асадни ноқулай вазиятда қолдирди. Зотан текширув олиб бораётган БМТ мутахассислари президент Ал-Асаднинг укаси ва куёвини сўроқ қилишни истамоқдалар.

Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райс қатнашчиларга қабул қилинган резолюция Сурия ҳукуматидан ўз хатти-ҳаракатларини ўзгартириш бўйича стратегик қарор беришини талаб қилишини айтди:

“Бугун бундай қарор қабул қилиш орқали биз ёлғон баёнотлар тарқатган, терроризмни қўллаб-қувватлаган, қўшни давлатлар ички ишларига аралашган ва Яқин Шарқдаги вазият беқарорлашувига олиб келган хатти-ҳаракатлари билан Сурия ҳукумати ўз-ўзини халқаро ҳамжамиятдан изоляция қилганини кўрсатдик”, – деди АҚШ Давлат котиби.

Резолюция ташаббусчилари бўлган АҚШ, Британиия ва Франция агар Дамашқ расмийлари БМТ комиссияси билан ҳамкорлик қилмаса, Сурияга қарши санкция жорий этилиши тўғрисидаги бандни резолюция лойиҳаси матнидан олиб ташлашга мажбур бўлдилар. Бу Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси бўлган Хитой ва Россия вакиллари илтимосига кўра амалга ошди.

Сурия ҳукумати ўз шаънига айтилаётган барча айбловларни рад этмоқда.

БМТ резолюцияси Ҳаририйнинг ўлимига алоқадор, деб тахмин қилинган Сурия ва ливанлик расмийларга виза бермаслик ва уларга тегишли банк ҳисобларини музлатиш каби чораларни ҳам ўз ичига олади. Резолюция матни БМТ Хартиясининг 41 бандида қайд этилган мамлакатга иқтисодий эмбарго жорий этиш чорасини назарда тутмаган.

Британия Ташқи ишлар вазири Жэк Строуга кўра, агар Дамашқ расмийлари қабул қилинган резолюция талабларини бажармаса, Хавфсизлик Кенгаши бошқа чоралар кўради:

“Биз Сурия ҳукуматига сабр-тоқатимизнинг чеки борлигини ҳам билдириб қўймоқчимиз. Агар тўлиқ ҳамкорлик йўлга қўйилмаса, Хавфсизлик Кенгаши резолюцияси талаблари бажарилишини таъминлаш учун бошқа чоралар қўллашга мажбур бўламиз”, – деди Британия Ташқи ишлар вазири.

Ҳозирда БМТ Хавфсизлик Кенгашига раислик қилаётган Руминия Ташқи ишлар вазири Михай Разсан Унгурену мухбирларга Ливанда беқарор вазият юзага келишининг олдини олиш учун шундай чора кўриш керак бўлганини айтади:

“Ироқдаги воқеалар, Эронда юзага келган сиёсий вазият, давом этаётган Яқин Шарқ тинчлик жараёни туфайли Ливан масаласи эътибордан бир оз четда қолаётган эди. Қабул қилинган бундай кескин қарор сиёсий суиқасд келтириб чиқарган вазиятга ўз вақтида ойдинлик киритади, деган умиддамиз”.

Хавфсизлик Кенгаши томонидан қабул қилинган резолюция сешанба куни Сурия матбуоти саҳифаларида танқид қилинди. Маҳаллий кузатувчилар бу ҳужжат тайёрланишига, асосан АҚШ бош-қош бўлган, деган фикр билдирдилар.

Айни пайтда, Сурия президенти Башар Ал-Асад Ливан собиқ Бош вазири Ҳаририйга суиқасд уюштирилиши бўйича БМТ комиссияси ва Ливан Адлия тизими расмийлари билан ҳамкорлик қилувчи махсус қўмита ташкил этиш тўғрисида буйруқ берди.
XS
SM
MD
LG