Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:15

Парламент сайловлари арафасида Озарбайжондаги вазият


6 ноябр куни Озарбайжонда парламент сайловлари ўтказилади. Сайлов яқинлашар экан мухолиф партиялар ҳукумат расмийлари мухолифат вакилларига босим ўтказаётгани ва сайлов натижалари соҳталаштирилиши мумкинлигидан ташвиш билдирмоқда. Айни пайтда, Озарбайжондаги оммавий ахборот воситалари ҳукумат фойдасига тарғибот кампанияси олиб бормоқда.

Сайлов яқинлашган сари мамлакатдаги сиёсий вазият таранглашмоқда. Пайшанба куни Озарбайжон президенти Илхом Алиев икки вазирнинг қамоққа олингани давлат тўнтариши амалга ошишини бартараф қилганини айтди. Соғлиқни сақлаш вазири Али Инсанов ва Иқтисодий ривожланиш вазири Фарход Алиев октябр ойида лавозимидан бўшатилган эди. Ҳукумат икки собиқ вазирга сайлов арафасида давлат тўнтариши амалга оширишда Озарбайжон демократик партияси раҳбари Расул Гулиевга ёрдам берганликда айбланмоқда.

1996 йилдан бери АҚШда сургунда яшаётган Гулиев эса ўзига қўйилаётган айбни рад этмоқда. Икки собиқ вазир пайшанба куни телевидение орқали қилган чиқишида ўз айбига иқрор бўлди.

Аммо оддий озарбайжонликлар собиқ вазирлар тўғрисида турли фикрда:

“Биз Фарход Алиев айбдор эмас, деб ўйлаймиз. Али Инсанов эса коррупцияга алоқаси бор”, - дейди фуқаролардан бири.

Собиқ икки вазир ойнаи жаҳон орқали ўз айбига иқрор бўлгани хусусида бошқа бир озарбайжонлик бундай деди:

“Улар қўлга олинишидан олдин ҳамма нарса бизга яхши маълум эди. Шу мамлакат фуқаролари сифатида биз нималар бўлаётганидан биламиз. Икки собиқ вазирни телевидениеда кўрсатиш бу шунчаки масхарабозлик”.

Озарбайжонда 6 ноябрда ўтказиладиган парламент сайловида иқтидордаги партиядан ташқари яна тўртта мухолиф блок ва партия қатнашяпти. Ҳукумат қарорига кўра, сайловолди кампанияси давомида ҳар бир партияга телевидение орқали ҳар куни тўрт дақиқадан текин эфир вақти ажратиляпти. Шунга қарамай, Озарбайжондаги сайлов жараёнини кузатаётган хорижлик ташкилотлар вакиллари яна кўп ишлар амалга оширилиши кераклигини айтмоқда. Хусусан Ҳюман райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Озарбайжондаги вакили Мотилда Богнер Озолдик радиосига бундай деди:

“Иқтидордаги партия вакиллари билан бир қаторда сайловларда қатнашаётган мухолифатнинг йирик блоки ва партиялари номзодларига ҳам тенг ҳуқуқлилик асосида бепул эфир вақти ажратаётганини қутлаш лозим. Бироқ бепул эфир вақтидан бошқа пайтда оммавий ахборот воситалари бир томонлама ҳукуматга ёнбосмоқда. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти оммавий ахборот воситаларининг атиги бир неча соатлик кўрсатув ва эшиттиришларини текширганида уларнинг барчаси ҳукумат фойдасига ёнбосаётганини аниқлади”.

Озарбайжон қонунларида сайлов кампанияси давомида президент бетараф қолиши кераклиги аниқ ёзилган бўлса-да, пайшанба куни кечки кўрсатувлар пайтида президент Илхом Алиев мухолифатни танқид қилди.

Пайшанба куни Озарбайжон мухолифати раҳбарлари агар парламент сайлов натижалари сохталаштирилса, кўчаларда тинч намойишлар ўтказишга ваъда берди.

Айни пайтда, 6 ноябр куни ўтказиладиган парламент сайловларини кузатиш учун Озарбайжонга борган хорижий давлатлар вакиллари сони 600дан ошди. Бу сайловни мингдан ортиқ маҳаллий кузатувчи ҳам кузатиши айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG