Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:21

Европа Ўзбекистонга қарши чораларни кучайтирмоқда


Ҳурмат Европа парламенти вице-президенти Алейо Видал Куадра Рока инсон ҳуқуқларини топтаётгани ва ҳуқуқ ҳимоячиларини таъқиб этаётгани учун Ўзбекистон ҳукуматини кескин танқид қилди.

“Андижон шаҳрида май ойида юзлаб одам қирғин қилинди, шу воқеалардан кейин инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига таъқиблар мисли кўрилмаган даражада кучайди. Ўзгача фикрга қарши бу каби усулда курашиш Ўзбекистондаги тузумнинг халқнинг иқтисодий ва сиёсий эркинликлар, суд ислоҳотлари борасидаги хоҳиш-истагини ҳазм қила олмаслиги маҳсулидир”, - деди вице-президент.

У Ўзбекистон ҳукумати халқаро меъёрларга ҳурматсиз қараб, дунё ҳамжамиятида ўз обрўсини тўкиб бўлганини ва бу тузумнинг жаҳон миқёсида қораланиши бошқа давлатларга ҳам ўрнак бўлиши кераклиги таъкидлади.

Европарламент раҳбарларидан бирининг бу баёноти Европа Иттифоқининг Ўзбекистонга нисбатан санкцияларни кучайтириш чақириғининг мантиқий давоми бўлди. Аввалроқ ЕИ давлатлари ташқи ишлар вазирларининг Люксембургда ўтган учрашувида Ўзбекистонга санкциялар жорий этилганди. Ташкилот Андижондаги исённи “ҳаддан зиёд куч ишлатиш” йўли билан бостиргани учун Ўзбекистонга қурол эмбаргоси жорий этишга ва ўзбек расмийларига виза беришни тўхтатишга қарор қилганди.

Брюсселдаги “Ўзбекистонда демократик ислоҳотлар учун” халқаро уюшмаси Европа тузилмаларининг Ислом Каримов ҳукуматига нисбатан бундай кескин сиёсатини олқишлади. Аммо уюшма вице-президенти Олег Шестакович Ўзбекистонга нисбатан чоралар фақат шу билан чекланиб қолмаслиги кераклигини таъкидлади.

Унинг фикрича, Европа тузилмалари Ўзбекистонга нисбатан сиёсатини янада кескинлаштириши керак. Бу тузилмалар оддий ўзбекистонликларга эмас, балки айнан у ердаги мавжуд режимга қарши кескин позицияда бўлиши лозим. Тузумга босим ўтказиш сўзда эмас, амалда бўлиши шарт.

“Ўзбекистондаги режим Андижон воқеаларидан сўнг ўз башарасини кўрсатди. Авваллари бу тузум қатағонларни Американинг сукут сақлаб келганидан фойдаланиб амалга оширган бўлса, энди Россия розилиги билан давом эттиряпти”, - деди О.Шестакович.

Ўзбекистон ҳукумати халқаро ҳамжамиятнинг Андижон воқеалари бўйича мустақил текшириш ўтказиш чақириғини рад этиб келмоқда. Аввалроқ АҚШ сенаторлари ҳам Вашингтон Ўзбекистонга кескин чора кўриши керак, деган таклиф билан чиққанди.

АҚШ Конгрессидаги чиқишида давлат котиби ёрдамчиси Дэниел Фрид Қўшма Штатлар Ўзбекистон масаласида ўзининг европалик ҳамкорлари билан маслаҳатлашишини билдирди.

Конгрессмен Уилям Делаҳант эса аниқ мақсадга йўналтирилган жазо чораларини кўриб чиқишга чақирди. Бу чоралар Ўзбекистон халқи ҳукуматнинг ножўя ҳаракатлари учун азоб чекмаслигини таъминлаши лозим.

Конгрессмен Буш маъмурияти шундай жазо чоралари борасида тезроқ қарорга келиши кераклигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG