Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:07

Ўзбекистон-Россия иттифоқи: Тарафдорлар кўп, лекин…


Феруза “Озодлик” мухбири ўтказган кўча сўровида оддий ўзбекистонликлар расмий Тошкентнинг Россия билан иттифоқчилик муносабати ўрнатишига, асосан, икки хил ёндашувда экани маълум бўлди.

Биринчи тоифа кишилар бундай иттифоққа қарши бўлди.

“Менга бунақа иттифоқ керак эмас. Иттифоқда (совет иттифоқи назарда тутилмоқда) менинг отам, акаларим, тоғаларим ўлиб кетди. Иттифоқдан қолган нарсадан бирортаси бизга тегдими? Россия ҳаммасини ўзи бўлиб олди. Аввал халқнинг фикрини ҳам сўраш керак эди. Фикр берадиган Эркин Воҳидов, академиклар, келажаги буюк, деб кечаю кундуз ҳамма ёққа ноғора чаладиганлар қаёққа кетди!? Энди Россия кўрсатиб қўяди нима қилишни. Ўша пайтда нима қилиб берган эдики, энди бир нарса қилиб берса”, - деди суҳбатдошлардан бири.

Иккинчи тоифа суҳбатдошлар бундан иттифоқ кераклиги, лекин у иқтисодий бўлишини исташини билдирди.

“Совет иттифоқи даврида ҳамма ёқ тўкинчилик эди. Тўкинчилик бўлиш маъносида иттифоқ бўлса, майли. Аммо яна қарам бўлиб қолсак, бундай иттифоқнинг кераги йўқ”, - деди суҳбатдош йигит.

Суҳбатдош аёл эса Ўзбекистоннинг Россия билан иттифоқдош бўлишини жуда-жуда хоҳлашини таъкидлади. Унинг айтишича, совет давридаги каби муносабатлар бўлишини истайди.

Яна бир йигитнинг фикрича, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги иттифоқ Европа мамлакатлари орасидаги муносабатга ўхшаш бўлиши керак. Яъни Европа давлатлари бир иттифоққа бириккан, аммо ўз мустақил сиёсати бор.

Суҳбатдошларнинг деярли барчаси битта фикрда якдил экани билинди. Яъни Ўзбекистон президенти бундай қарорга келишдан олдин халқ билан маслаҳатлашиши керак эди.
XS
SM
MD
LG