Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:21

Газдан кўмирга ўтиш муаммонинг ечими бўладими?


Лобар Сўнгги йилларда Сирдарё вилоятида табиий газ тақчиллиги кузатиляпти. Шу сабабли жорий йилда вилоят ҳокими қиш мавсумида аҳолига ёқилғининг бошқа турларини етказиб бериш ҳақида қарор қабул қилди.

Боёвут туманида яшовчи аҳолининг сўзларига кўра, беш йилдирки, туманга табиий газ етиб келмайди. Аҳолининг аксарияти қишни тезак ёки ғўзапоя ёқиб ўтказяпти. Аммо ғўзапоя ёки кўмир сотиб олишга ҳам қурби етмаётганлар кўп.

Қиш совуқ келиши ва табиий газ босими пасайиши сабабли ўтган йили вилоятдаги кўпгина мактабларда 45 минутлик дарс соатлари 25-30 минутга қисқартирилган эди.

Вилоят халқ таълими бошқармаси вакили Тўлқин Қобиловнинг айтишича, жорий қиш мавсумида вилоятдаги 500 га яқин таълим муассасасининг барчасида меъёрдаги ҳароратни сақлашга эришилади. Бунинг учун бюджетдан кўмир сотиб олишга 65 милион сўм ажратилган.

Бир неча йилдан буён такрорланиб келаётган газ етишмовчилиги муаммосини инобатга олиб, вилоят ҳокими бу йил ёқилғининг газдан бошқа муқобил турларига ўтиш тўғрисида қарор чиқарди.

Вилоят ҳокимлиги мутахассиси Алишер Кўчмуродовнинг билдиришича, ҳозир соғлиқни сақлаш ва халқ таълими тизимида қишга тайёргарлик бўйича режадаги захира кўмир тўлиқ келтирилган. Бироқ аҳоли учун келтирилиши зарур бўлган кўмир ҳали етарли эмас. Аҳоли учун кўмирнинг биржа нархи 19 минг 600 сўмни ташкил этади.

Аммо аҳоли вакиллари кўмирнинг бир қопини 2,5-3 минг сўмдан олаётганини айтмоқда. Улар қоплаб олаётган кўмирнинг бир тоннаси салкам 60 минг сўмга тўғри келади.

Мустақил кузатувчи Муҳаммад Алининг фикрича, бу йилги қиш мавсуми ҳам аҳоли учун қийин келади. Чунки вилоятни кўмир билан таъминловчи “Сирдарёкўмир” масъулияти чекланган жамиятининг молиявий имкониятлари жуда чекланган. Кўмир сотиб олишга жамиятда маблағ йўқ.

“Омборларда захира кўмир кам. Битта қишлоққа ҳам етмайди. Туманлар ҳокимлари эса кўмирга эҳтиёжни камайтириб кўрсатяпти. Натижада аҳолига кўмир етмай қолиши мумкин”, - деди М.Али.
XS
SM
MD
LG