Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:04

2006 йилдан бошлаб Ўзбекистонда айрим тоифа тиббий мутахассисларининг ойлик иш ҳақига маошининг 25-35 фоизи миқдорида устама ҳақ тўланади.


Феруза Бу ҳақда мамлакат президентининг қарори қабул қилинди.

Бундан илгари Ўзбекистон президенти халқ таълими ходимлари, тўғрироғи мактаб директори ва уларнинг ўринбосарлари ойлик маошини ошириш ҳақида ҳам қарор чиқарганди. Ўшанда зиёли Бахтиёр Исабеков “Озодлик” мухбири билан суҳбат чоғида: “Олдинги қарорлар кўпроқ ишбилармонлар ҳақида эди. Фол очишдан йироқман-у, ўқитувчилардан кейин тиббиёт ходимларининг маоши оширилса ҳам ҳайрон бўлмайман. Чунки ижтимоий портлаш хавфи бор соҳаларни босиб туриш учун шундай тадбирлар қўлланилади”, - деган эди.

Не ажабки, фол очмайдиган одамнинг башорати тўғри чиқди. Президент қарори нафақат тиббиёт ходимларининг айрим тоифалари учун устама ҳақ тўлашни, балки кейинги йилда мазкур соҳа мутахассислари маоши 1,3 баробар кўпайтирилиши ҳам белгилаб беради.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Саломатлик институти вакиласи Раҳима Чўлпонова президент қарорини барча тиббиёт ходимлари қувонч билан, ҳукуматнинг ғамхўрлиги ва улар меҳнатига эътибори ўлароқ қабул қилганини таъкидлади. У қарордан кўзланган асосий мақсад соҳа мутахассисларининг ўз устида кўпроқ ишлашини рағбатлантириш, аҳолига сифатли ва малакали тиббий ёрдам кўрсатишни яхшилаш эканини бот-бот такрорлади.

Бироқ Тошкентдаги тиббий муассасаларнинг айрим ходимлари билан суҳбат чоғида “Озодлик” мухбири бу қарордан ҳаддан ташқари хурсандчиликни сезмади.

“Бу ой 10 минг сўм мукофот қўшилиб, кейинги ой 8 минг сўм солиққа ушлаб қолинади. Кам ойлик олганда қандай кун кечирган бўлсак, ошгандан кейин ҳам ҳаётимиз ўзгармайди. Аслида, ойлигимиз нарх-наво билан тенг оширилиб борилса, ёмон бўлмасди. Агар қўшилган иш ҳақи билан ҳисобласак, ойлигимиз 40 минг сўм бўлади”, - деди суҳбатдошлар.

Уларнинг барчаси президент қарорида белгиланган мақсадлар турмуш кечиришларига ҳеч қандай ўзгаришга олиб келмаслигини бир овоздан таъкидлади.

“Чунки ойлик ошгандан кейин йўлкира кўтарилади, нарх-наво ошади. Шунинг учун ойлик ошганининг фарқи сезилмайди”, - деди тиббиёт ходимлари.

Президент қарорига кўра, 2006 йил 1 январдан Тиббиёт муассасаларини ривожлантириш жамғармаси негизида Тиббиёт муассасаларини моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади. Ушбу жамғарма маблағлари тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантириш ва муассасаларнинг моддий-техникавий базасини ривожлантириш ва таъмирлашга сарфланади.
XS
SM
MD
LG