Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:13

Тошкент нонвойхоналари газсиз қоляпти


Саида Тошкентдаги хусусий нонвойхоналар нонни газда эмас, кўмирда пиширишга ундалмоқда. Нонвойлар кўмирда нон ёпиш харажатлар янада ошиб кетишига сабаб бўлишини айтмоқда.

“Кўмирнинг тоннаси 65 минг сўм экан. Агар мен 18 тонна олсамгина олиб келиб беришаркан. Унинг нархи бир миллиондан ошиб кетади, бунча пулни қаёқдан оламан”, - дейди тошкентлик нонвойлардан бири.

Нонвойларнинг айтишича, кўмирда пиширилган нон кўп ҳам харидоргир эмас. Бундан ташқари, кўмир қиммат бўлгани боис, бозорда ҳам нон нархини оширишга тўғри келади.

“Мен газ пулини кейинги ойлар учун ҳам тўлаб қўйганман. Аммо газни узиб кетишди. Иссиқхоналари бор казо-казолар қолиб, бизнинг кўзимизни очиришмаяпти”, - дейди суҳбатдош нонвойлардан бири.

Яна бир нонвойнинг билдиришича, кўмирда нон ёпиб барака топмагач, узиб кетилган газни ўзича ёқиб, ишини давом эттирган. Лекин мутасаддилар келиб, бу иши учун унга 570 минг сўмдан ортиқ жарима ёзиб кетган.

Тошкент шаҳри газ бошқармаси бўлим бошлиғи Владислав Шеннинг сўзларига кўра, газ босими пасайиб кетгани сабабли чиқарилган бу қарор фақат нонвойхоналарга тегишли эмас.

“Йирик нон заводи ёки болалар боғчасини газсиз қолдира олмаймиз-ку! Шунинг учун Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарори асосида тандирхоналар, нонвойхона ва иссиқхоналар ҳисобига газни тежаяпмиз”, - деди В.Шен.
XS
SM
MD
LG