Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:50

Экологияга оид хабарлар


Одам фаолияти туфайли атмосферага чиқаётган кимёвий моддалар Ер атмосферасининг юқори озон қатламига жиддий зарар етказмоқда. Озон ўзининг 1980 йилдаги даражасига қайтиши учун 50 йил эмас, балки ундан кўп вақт керак бўлади.

Америка География иттифоқи олимлари компютерда ўтказган ҳисоб-китобларга кўра, агар хлорфлюроуглерод моддаси ҳозиргидек ишлатилса, озон қатламининг қайта тикланиши 2065 йилгача чўзилиши мумкин.

Агар озон қатламининг қайта тикланиш жараёни секин кечса, қуёшнинг зарарли ултрабинафша нури ер юзига кўпроқ ўтади. Ўз навбатида бу тери саратони касаллигининг кенг ёйилишига сабаб бўлади.





*** *** ***

“Ёввойи табиат” умумжаҳон жамғармаси маълумотига кўра, Каспий денгизидаги браконерлик, яъни ноқонуний равишда балиқ овлаш бакра балиғи сони кескин камайишига сабаб бўлмоқда.




Дунё бозорига балиқ увилдириғи, яъни икрани асосан Каспий бўйида жойлашган Россия, Эрон, Қозоғистон, Туркманистон ва Озарбайжон етказиб беради. Каспий денгизида осётрлар оиласига кирувчи 27 турдаги балиқ яшайди. Уларнинг қарийб ярмидан дунёнинг бошқа ерида учрамайдиган мазали икра олинади. “Ёввойи табиат” умумжаҳон жамғармаси яқинда эълон қилган ҳисоботга кўра, охирги 15 йил ичида бу турдаги балиқлар сони 39 марта камайган.




Шу ойда “Ёввойи табиат” умумжаҳон жамғармаси “Янги йилни икрасиз кутайлик” кампаниясини бошлади. Жамғарма вакили Илья Митасовнинг айтишича:

“Харидорларни вақтинчалик қора икра сотиб олмасликка кўндиришдан иборат. Бизнингча бу осётрлар оиласига кирувчи балиқларини сақлаб қолишнинг энг самарали йўли”.

Мазкур кампания қандай самара бериши мумкин?

“Йил охирида биз тадқиқот ўтказишни режалаштирганмиз. Биз қора икра истеъмоли камайганини кўришга умид қиляпмиз. Агар истеъмол бозорида икрага талаб бўлмаса, таклиф ҳам бўлмайди,” – дея жавоб берди Илья Митасов.

Мутахассисга кўра, Германия, Белгия ва испаниялик атроф-муҳит ҳимоячилари ҳам бу кампанияни қўллаб-қувватлаган. Улар ғарблик харидорларни фақат қонуний равишда мамлакатга олиб келинган икрани сотиб олишга даъват қилмоқда.





*** *** ***

Хитойдаги кимёвий заводлардан бирида 13 ноябр куни юз берган портлаш натижасида Сунгари дарёсига тахминан 100 тонна заҳарли кимёвий модда – бензол оқиб кетган эди. Бу дарё минг километрдан кейин Россиянинг Амур дарёсига қўшилади. Сувга оқиб кетган заҳарли кимёвий модда шу кунларда Россиянинг Амур дарёси бўйида жойлашган Хабаровс шаҳридан оқиб ўтяпти.




Сешанба куни Москвада ўтказилган матбуот анжуманида Россия Фавқулодда ҳолатлар вазири Сергей Шойгу Амур дарёси бўйидаги экологик вазият баҳор фаслида ёмонлашиши мумкинлигини айтди. Вазирга кўра, ҳозирда Амур суви тахминан бир метрга кўтарилган ва заҳарли модда музлаб дарё қирғоқларига ёпишиб қолган. Баҳорда кунлар исиб муз эрий бошлаганидан кейин заҳарли модда атроф-муҳитга салбий таъсир эта бошлайди.




Сергей Шойгуга кўра, ҳозирда Амур дарёси суви таркибидаги бензол моддаси рухсат этилган нормадан ошмаган. Хабаровск шаҳридаги маҳаллий ҳокимият расмийларига таяниб ИТАР ТАСС ахборот агентлигининг хабар беришича, 29 декабр куни бензол моддасининг Хабаровск шаҳридан оқиб ўтиши тўхтайди.





*** *** ***

Тожикистон Алюминий заводининг атроф-мухитга зарари тўғрисидаги Ўзбекистон томони иддаоларига қарамай, Россиянинг Русал компанияси бу заводни замонавий-лаштириш ва янги иккита электролиз цехи қуриш ниятидан қайтмаслигини айтмоқда. Бу муаммога икки мамлакат экологларигина эмас, балки давлат раҳбарлари ҳам аралашмоқда. Яқинда Тожикистон президенти Имомали Раҳмонов Алюминий заводи хусусида Ўзбекистонда шовқин кўтарилаётганида сиёсий сабаблар ётганини айтган эди.
XS
SM
MD
LG