Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:42

Экологияга оид халқаро хабарлар


Европа комиссияси симоб ишлатилган термометр ва бошқа ўлчагич асбобларни таъқиқлаш ҳаракатида.
Бундан кўзланган мақсад заҳарли оғир металнинг одам саломатлиги, атроф-муҳит, хусусан ёввойи ҳайвонот дунёсига таҳдидини камайтиришдан иборат.
Ҳар йили Европа Иттифоқи давлатларида термометр ва бошқа турдаги ўлчагич асбоблар ишлаб чиқариш учун 30 – 33 тонна симоб ишлатилади. Синган термометрдан тўкилган симоб одам ўпкаси, буйраги ва мия фаолиятига шикаст етказиши мумкин. Шу боис Европа Иттифоқига аъзо давлатлар вазирлари ва парламентлари симоб ишлатилган термометр ва бошқа асбобларни таъқиқлаш масаласини кўриб чиқади. Атроф-муҳит ҳимояси билан шуғулланувчи ташкилотлар симоб ишлатилган термометрлар ўрнига рақамли термометрлардан фойдаланиш вақти келганини айтиб, Европа Комиссияси ташаббусини қўллаб-қувватламоқда.






*** *** ***

Глобал илиқлашув сабабли дунёнинг барча қитъаларида ўсимлик ва дарахт турлари камайиб бормоқда.
Олимлар фикрича, келаси ўн йил ичида минглаб ўсимлик ва ҳайвон турлари бутунлай йўқ бўлиб кетиши мумкин.
Британия олимлари йўқ бўлиб кетиш тахдидига учраган, иқтисодий муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳамда фақат маълум минтақада ўсадиган ўсимлик турларини сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда. Бунинг учун Британияда “Минг йиллик уруғ банки” номли дастур амалга оширилмоқда.
Ҳозирга қадар шу дастур доирасида олимлар дунёнинг турли минтақаларида ўсадиган 14 минг турдаги ўсимликнинг 750 миллион дона уруғини тўплаб, уни сақлашга муваффақ бўлдилар. Британия олимлари 2010 йилгача 30 минг турдаги ўсимлик, яъни, дунёда мавжуд ўсимлик турларининг тахминан 10 фоизининг уруғини йиғиб, сақлаш ниятидалар.






*** *** ***

Ҳиндистон полицияси Махараштра штатида сув танқислигига норозилик билдириб намойишга чиққан минглаб деҳқонни ўққа тутди.
Оқибатда бир деҳқон нобуд бўлди. Маҳаллий полиция маълумотига кўра, сув танқислигидан норози бўлган Чаргар қишлоғидаги беш минг деҳқон душанба куни кечқурун маҳаллий тўғонни бузишга таҳдид қилган.
Оломонни назорат қила олмаган полиция қурол ишлатишга мажбур бўлган.
Ҳиндистон сувдан самарали фойдаланиш бўйича дунёда қуйи ўринда туради. Ҳозир ёз бўлмаса ҳам айрим штатларда сув танқислиги кўзга ташланмоқда. Ражастон ва Гужарат вилоятларидаги қишлоқлар аҳолиси бир неча километр йўл юриб ичимлик суви келтирадилар. Шу боис сув масаласида Ҳиндистонда зўравонликлар тез-тез рўй бермоқда.






*** *** ***


Аҳолиси кўплиги бўйича дунёда биринчи ўринда турадиган Хитойда сувдан самарали фойдаланиш Ҳиндистондагига қараганда анча яхши бўлишига қарамай, мамлакатнинг айрим вилоятларида сув танқислиги кузатилмоқда.
Хусусан мамлакат шимолидаги Хайе дарёси суви йилдан-йилга камайиб бормоқда. Бу эса дарё бўйи ва унга туташ ҳудудлар биологик хилма-хиллигига путур етказмоқда. Бир неча ўн йил олдин минтақадаги нам ерлар майдони уч минг 800 квадрат километрни ташкил этган бўлса, ҳозирга келиб нам ерлар майдони 500 квадрат километрни ташкил этмоқда. Хитой расмийлари нам ерлар майдони камайишига аввало иқтисодий ривожланиш сабаб бўляпти, деган фикрда.

Хитой шимолида жойлашган вилоятларда мамлакат аҳолисининг учдан бир қисми яшайди ва мамлакат ялпи маҳсулотининг учдан бир қисми ҳам шу минтақада ишлаб чиқарилади. Аммо бу вилоятлар мамлакат сув ресурсларининг атиги саккиз фоизига эга. Шу боис 300га яқин шаҳарда ичимлик суви етишмайди. Мутахассислар фикрича, келаси 25 йил ичида вазият бундан ҳам ёмонлашиши мумкин.

Хитой ҳукумати мамлакат жанубидаги Янгци дарёси сувининг бир қисмини Сариқ дарё, Хуайхе ва Хайе дарёларига оқизиш бўйича улкан лойиҳаларни амалга оширишга ҳаракат қилмоқда.

Бироқ Лондондаги “Jane’s” тадқиқот марказининг Хитой бўйича мутахассиси Кристиан Ле Миер фикрича, бу лойиҳалар кўп йиллардан кейин самара бериши мумкин:

“Ҳозир Хитойда жуда кам инфраструктура лойиҳаси бор. Улардан бири Мао Цзе Дун давридан қолган мамлакат жанубидаги дарё сувининг бир қисмини шимол ва шарққа буриш лойиҳасидир. Аммо уни амалга ошириш учун кўп йиллар керак бўлади. Ҳозирда сув Хитой саноати учун муаммо бўлиб қолмоқда. Чунки саноат ва аҳолининг сувга бўлган эҳтиёжи олдингига қараганда анча кўпайган. Бир ёки икки йил ичида вазиятни ўзгартириш имконсиз” - дейди британиялик таҳлилчи.

Хитойликлар ёмғир сувидан фойдаланиш, денгиз сувини чучуклантириб ичимлик сувига айлантириш лойиҳалари устида ишламоқда.

Стокголмдаги Халқаро сув институти ходими Бжорн Гутерманга кўра, Яқин Шарқ давлатларида денгиз сувини чучуклантириб ичимлик сувига айлантириш технологияси яратилганига қарамай, бу сув муаммосини хал қилмаган.

“Сувни тузсизлантириш жуда қимматга тушади. Агар денгиз суви доимий равишда тузсизлантириладиган бўлса, у ҳолда қайта тикланувчан энергиядан фойдаланишга тўғри келади. Аммо бу муаммони хал қилади, деб ўйламайман” - дейди финляндиялик мутахассис Гутерман.







*** *** ***


“Science” журналида яқинда эълон қилинган тадқиқот натижаларига кўра, океан сув сатхи олимлар тахмин қилганидан кўра тез кўтарилмоқда.
Бунга глобал илиқлашув оқибатида Арктика, Антарктикада ва Гренландиядаги улкан музликлар эриётгани сабаб бўлмоқда.

Олимлар, айниқса, Гренландия музликлари жуда тез эрияпти, агар бу жараён шу тарзда давом этса, у Европа иқлими совушига сабаб бўлиши мумкин, деган фикрда.

АҚШ Фазо тадқиқотлари маркази қошидаги “Goddart” институтининг иқлимшунос олими Гавин Шмидга кўра, денгиз сув сатҳининг кўтарилиши қирғоқда ўсадиган ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, шунингдек аҳолига салбий таъсир этади:

“Гренландия ҳақидаги хавотирлар шундан иборатки, тахминан 125 минг йил олдин курраи заминимиз иқлими юз бериши кутилаётганидек иссиқ бўлган. Гренландия ҳозиргига қараганда уч марта кичик бўлган, денгиз сув сатхи эса уч – беш метр баланд бўлган. Денгиз қирғоқларида улкан инфраструктура барпо этилган ва йирик шаҳарлар қурилган. Одам фаолияти туфайли денгиз суви сатҳи яна кўтарилса, у қанча офат келтиришини тасаввур қилиш қийин”.

Ҳаво исишининг атроф-муҳитга таъсирини башорат қилиш қийин. Аммо улкан музликлар эришда давом этаверса, ях бўлаклари океанга оқиб кетади ва океан суви таркибида туз миқдори камаяди. Олимларга кўра, чучук сув шўр сувга нисбатан тез музлайди. Шу боис олимлар агар Гренландия музликлари эришда давом этаверса, шимолий Атлантика океани суви чучуклашиб қишда музлаши мумкин, деган фикрда.

АҚШнинг Пенсилвания университети мутахассиси Ричард Аллей ҳам бу фикрга қўшилишини айтади:

“Бу ҳаёлимизга ҳам келтирмаган нарсалардан бири. Агар сиз бошимга тўппонча тираб, шундай бўлмаслигига кафолат бер, десангиз, мен кафолат бера олмайман. Чунки бу юз бериши мумкин бўлган ҳодиса”.

Олимлар фикрича, иқлим ўзгариши одам фаолияти туфайли юз бераётгани боис уни олдиндан башорат қилиш жуда қийин.
XS
SM
MD
LG