Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:31

Милошевичнинг жасади солинган тобуд Белградга олиб келинди.


Собиқ Югославия президенти Слободан Милошевичнинг жасади солинган тобуд чоршанба куни Амстердам шаҳридан Белградга олиб келинди. Милошевични дафн маросими шанба куни бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Слободан Милошевич 11 март куни БМТнинг уруш жиноятлари бўйича Ҳаагадаги халқаро трибунали қамоқхонасида тўсатдан вафот этган эди.

Милошевич 90-йиллар бошида Югославиянинг парчаланиши жараёнида Болқонларда содир этилган қатлиомлар асосий сабабчиси бўлгани учун одамлар уни “Болқон қассоби” деб атаган. Унинг устидан бошланган жиноий иш беш йилдан бери халқаро трибуналда кўрилаётган эди. Кўпчилик Милошевич тириклигида содир этган жиноятлари учун суд ҳукм чиқармасдан вафот этганидан афсусда. Милошевич тарафдорлари эса у ўз ватанига тирик қайтмаганидан афсусда.

АҚШ собиқ президенти Билл Клинтон 14 март куни Нью Йоркда Милошевич вафоти ҳақида бундай деди:

“Менимча, маҳкама тугашидан олдин Милошевичнинг вафот этгани Болқонлар учун яхши бўлмади. Чунки унинг айби аниқланган эди. У ўз айбини тан олишдан аввал вафот этгани яхши эмас”.

Милошевич аъзо бўлган Социалистик партия расмийлари собиқ Югославия раҳбари ўзи туғилган Белграддан 80 километр нарида жойлашган Позаревач шаҳрида дафн этилишини билдирди. Унгача Милошевичнинг жасади видолашиш учун партиянинг Белграддаги Бош қароргоҳига қўйилади.

Дафн маросимида Милошевичнинг Москвада яшаётган рафиқаси Миряна Марковичнинг қатнашиш ёки қатнашмаслиги маълум эмас. Агар Миряна Маркович Сербияга қайтса, унинг паспорти аэропортда олиб қўйилиши ва ўз салоҳиятини оширганлик айби билан маҳкамага тортилиши мумкин.

Сербия президенти Борис Тадич Милошевич давлат арбоби даражасида дафн этилишини қатъиян рад этди. Сербия Бош вазири Воислав Коштуница ҳам сешанба куни шуни яна бир карра тасдиқлади.

Чоршанба куни эрталаб россиялик шифокорлар гуруҳи Милошевич ўлими сабаблари юзасидан ўтказилган тиббий текширувнинг дастлабки хулосалари билан танишди ва Милошевичнинг ҳақиқатан ҳам юрак хуружидан ўлганини тасдиқлади.

Сербия ва Черногория Мудофаа вазири Зоран Станкович 14 март куни Озодлик радиосига Милошевич устидан қўзғатилган жиноий иш ёпилишидан олдин қатор саволларга жавоб топиш кераклигини айтди:

“Йиғилган барча ҳужжатлар ва анализ натижалари асосида у вафот этишидан бир кун олдин ва оламдан ўтган кечада қандай дорилар ичганини аниқлаш керак. Шевенинген қамоқхонаси шифокорлари ёки қамоқхона нозирлари хатоликка йўл қўйганми ёки йўқ? Балки бу ҳеч кимнинг айби эмасдир? Шу саволларга ойдинлик киритилганидан кейингина, иш омма ва манфаатдор томонлар учун ёпилиши мумкин”.
XS
SM
MD
LG