Линклар

Шошилинч хабар
24 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:12

Қонли портлашларга икки йил тўлди


Ўзбекистонда 47 кишининг қурбон бўлишига олиб келган портлашлар ва отишмалар содир этилганига икки йил тўлди. Ўша портлашлар Марказий Осиёда биринчи марта кузатилган худкушлик ҳужуми сифатида тарихга кирди.

2004 йил 29 мартда Тошкентнинг Чорсу бозоридаги “Болалар дунёси” дўкони ва автобус бекати яқинида портлашлар рўй берди.

Айтилишича, иккала портлаш аёллар томонидан содир этилган ва оқибатда ўн беш одам нобуд бўлган. Бир кун аввал Бухоро шаҳрида рўй берган портлашда эса тўққиз одам ўлган.

Ҳукумат расмийлари уюштирилган ҳужумлар оқибатида 47 кишининг қурбон бўлгани, улардан 33 нафари эса ҳужумчиларнинг ўзи эканини билдирди.

Ўзбекистон ҳукумати портлашлар учун жавобгарликни Ўзбекистон исломий ҳаракати зиммасига юклади. Ўзбекистон Бош прокурори Рашид Қодиров ҳужумларга муносабат билдирa туриб: “Бугунга келиб бизда бу ташкилот, яъни Ўзбекистон исломий ҳаракати “Ҳизб ут-таҳрир” ва ваҳҳобийлик оқимларига алоқадор эканини исботловчи далиллар бор”, - деди.

Ўзбекистон расмийларининг даъвосича, “Ҳизб ут-таҳрир” ва Ўзбекистон исломий ҳаракати ҳукуматни ағдариб, Марказий Осиёда исломий давлат қуришни мақсад қилган.

Кузатувчилар фикрича, Ўзбекистондаги портлашлар бошқа давлатлардаги ҳужумлардан фарқ қилади. Яъни “Ал-Қоида”га алоқадор гуруҳлар, асосан, Ғарб давлатларига қарашли объектларга ҳужум қилган. Ўзбекистондаги ҳужумлар эса милиция ходимларига қаратилган бўлиб, портлашлар оқибатида 10 милиционер ўлган.

Тошкентлик мустақил сиёсий таҳлилчи Комрон Алиевнинг “Озодлик” радиосига айтишича, кўпчиликда ҳужумлар милицияга талафот етказиш учун амалга оширилган, деган фикр пайдо бўла бошлаган.

“Халқ томонидан айтилаётган гаплар умумий хулосаси шундан иборат бўлдики, Ўзбекистондаги ҳуқуқ-тартибот идоралари ўз вазифасини бажараётгани йўқ. Ниҳоятда катта салоҳиятга эга бўлган, давлатнинг катта маблағлари сарфланаётган ва сон жиҳатдан ниҳоятда кўпайтириб юборилган ҳуқуқ-тартибот ходимлари ўз вазифасини бажармаяпти, ҳатто бу ҳолатда вазирлар истеъфога чиқиши керак, деган фикрлар айтиб ўтилди. Бир гуруҳ демократлар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари томонидан айтилган бу гаплар гаплигича қолиб кетди”, - деди К.Алиев.

АҚШ Давлат департаментининг дунё давлатларидаги инсон ҳуқуқлари аҳволига оид 2005 йилги ҳисоботида билдирилишича, инсон ҳуқуқлари қўпол равишда бузилаётган Ўзбекистонда сиёсий ва диний сабабларга кўра қамалган камида беш минг маҳбус бор. Мамлакатда қариндоши, қўшниси ёки таниши қамалмаган одам қолмагани таъкидланади ҳисоботда.

Портлашлар сабабли кўп одам ҳибсга олингандан кейин аксарият фуқаролар ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига ўз душманлари сифатида қарай бошлаган.

2004 йил 30 июнда Тошкентдаги АҚШ ва Исроил элчихоналари ҳамда Ўзбекистон Бош прокуратурасига қарши худкушлик ҳужумлари уюштирилди. Оқибатда тўрт милиция ходими нобуд бўлди. Бу воқеа 2004 йилги ҳужумга алоқадорликда айбланган 15 шахс устидан суд жараёни бошланганидан бир неча кун кейин рўй берди.

Орадан қарийб бир йил ўтиб, Андижонда рўй берган қонли воқеалар учун Ғарб давлатлари Ўзбекистон ҳукуматини яна танқид қила бошлади.

Ўзбекистон ҳукуматини очиқдан-очиқ танқид қилиб келган Буюк Британиянинг Тошкентдаги собиқ элчиси Крейг Мюррей фикрича, ҳукумат террорчилар иши деб айтаётган воқеалар халқнинг режимга ишончини бутунлай йўққа чиқарди.

“1999 йилда Тошкентда бир неча портлашлар содир этилгани оқибатида кўплаб одам нобуд бўлди. Ўша портлашлардан кейин халқ тўлқини Ислом Каримовни қўллаб-қувватлай бошлади. Оддий ўзбеклар бу исломий террорчилар иши эканига ишонди. Ҳозир эса бунга ҳеч ким умуман ишонмайди. 1999 йилги портлашларни ҳам исломчилар уюштирган ҳужум эканига ҳеч ким ишонмайди. Андижонда рўй берган воқеалар ҳақида ҳукумат айтаётган версияга ҳам биров ишонмайди”, - деди К.Мюррей.
XS
SM
MD
LG