Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:48

Ислом дунёси билан мулоқот йўлида


Басира 27-28 март кунлари Москвада “Россия ва ислом дунёси ўртасидаги стратегик истиқбол” мавзуида халқаро тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда араб давлатларининг 15 тасидан вакиллар иштирок этди.

Учрашувда Эрон, Иордания, Саудия Арабистони, Кувайт вакиллари, шунингдек, Россия муфтийлар кенгаши раиси Равиль Ғайнутдин, Татаристон президенти Минтемир Шаймиев қатнашди.

Ҳозир Россияда 20 миллиондан ортиқ мусулмон истиқомат қилади. Кузатувчилар фикрича, насроний ва мусулмонлар Россияда тинч- тотув яшамоқда.

“Дунëда туб аҳолисининг кўпчилигини насронийлар ташкил этадиган бирор мамлакат насроний ва мусулмонлар тинч-тотув яшаши жиҳатдан Россия каби ўрнак бўла олмаса керак,”- деди Россиянинг учрашувга раислик қилган собиқ бош вазири, араб ва ислом дунëси бўйича мутахассис Евгений Примаков.

Россиянинг Осиё қисми мусулмонлари диний идораси муфтийси Нафиғулла Аширов мамлакатда мусулмонларга муносабат хусусида бундай деди: “Мусулмонлар бошқа дин вакилларига тегишли бўлмаган муаммоларга дуч келмоқда. Москва вилоятининг Сергиев-Поссад шаҳарчасидаги имомни калтаклаш ҳодисаси адолатли ечимини топмади. Имомни калтаклаган маҳаллий ёшлар жазоланмади. Яҳудийлар синагогига ҳужум қилган Александр Копцев эса суд олдида жавоб берди. Мана шу мисолдан ҳам Россияда мусулмонларга муносабатни кўрса бўлади”.

У бу каби мисоллар Россия қонунлари мусулмонларни камситади, дейишга асос бўла олмаслигини қўшимча қилди.

“Мавжуд қонунчилик маҳаллий амалдорларнинг шахсий амбициялари боис, мусулмонларга нисбатан баъзан ишламайди. Бугун Россия мусулмонлари бошдан кечираëтган асосий муаммолардан бири ҳам шудир”, - деди Н.Аширов.

Учрашувда Евгений Примаков мазкур анжуманнинг Россия ва ислом давлатлари ўртасида маслаҳат кенгаши бўлиши кўзда тутилаëтганини билдирди. Шунингдек, у Москва учрашувида терроризм ва ислом ўртасида алоқадорлик йўқлиги, террористлар, аввало, исломга зиëн етказаëтганини таъкидлади.

Унинг айтишича, бу учрашув экстремизм ва диний муросасизликка қарши кураш чораларини ишлаб чиқувчи муҳим форум бўлиши мумкин.

2005 йилнинг июнь ойида Россия Ислом анжумани ташкилотида кузатувчи мақомини олган эди. Мазкур ташкилот мусулмон давлатларининг энг йирик халқаро ташкилоти ҳисобланади.

Кузатувчи, шарқшунос Сергей Панариннинг сўзларига кўра, Москвада бўлиб ўтган учрашув Россия учун ташқи сиёсатда ислом давлатлари билан кўп томонлама алоқаларни ривожлантиришга кўмак бериши мумкин.

Шарқшунос Сергей Панарин Москвадаги учрашув замирида бир неча маъно бўлишини айтиб, булардан бири бизнес масаласи эканига урғу берди. У бу анжуманга Россиянинг ислом давлатлари бозорига силжиши учун бир қадам сифатида ҳам қараш нотўғри бўлмаслигини эслатиб ўтди.

Анжуманга айнан Евгений Примаков раислик қилгани ҳам бежиз эмас. Кўпчилик кузатувчиларнинг ишонишича, аввалига собиқ СССР, ҳозир эса Россиянинг ислом мамлакатлари билан муносабатлари концепцияси муаллифларидан бири айнан Е.Примаковдир. Ислом дунëси билан стратегик муносабатларни яхшилаш туфайли савдо-сотиққа ҳам кенг эшик очилишини собиқ дипломат ва сиëсатчи, ҳозир эса Россия савдо-саноат палатаси президенти бўлган Е.Примаковдан яхшироқ англайдиган одам бўлмаса керак Москвада, демоқда кузатувчилар.
XS
SM
MD
LG