Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:11

Тошкентда диндорлар устидан навбатдаги суд бошланди


Тошкентда диний оқимларга аъзоликда айбланаётган икки киши устидан суд бошланди. Нозим Раҳмонов ва Шарофиддин Латипов ўтган йил ноябрда Қозоғистонда ҳибсга олиниб, Ўзбекистонга қайтариб берилган эди.

Н.Раҳмонов ва Ш.Латипов 2005 йил ноябрда Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида номаълум вазиятларда ҳибсга олиниб, унданда шубҳалироқ вазиятда Ўзбекистон қамоқхонасида пайдо бўлиб қолган 9 фуқаро орасида бўлган.

Улар Ўзбекистон Жиноий кодексининг диний оқимларга аъзолик, террорчилик ва экстремизм борасидаги моддалари билан айбланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ўзбекистонлик 9 фуқарони Чимкентда ким ва қандай вазиятда ҳибсга олгани ҳамон ноаниқлигича қолмоқда.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бу ўзбекистонликларнинг ҳибсга олиниши ноқонуний тарзда бўлганини билдиряпти. Жумладан, “Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти ўзбекистонликларнинг бу тарзда ушланишига Қозоғистон хавфсизлик хизматининг бевосита алоқаси борлигини таъкидлаб, мамлакат президенти Нурсултон Назарбоевга йўллаган мактубида бу воқеа юзасидан текширув ўтказишни сўради.

Ташкилотнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Андреа Берг мактуб айнан шу кунларда юборилганига ўшанда ҳибсга олинганлардан икки нафари устидан суд бошлангани сабаб бўлганини айтди.

“Мактубдан мақсад Қозоғистон президенти Н.Назарбоевга ноқонуний тарзда Қозоғистондан Ўзбекистонга қайтарилган ўзбеклар устидан суд бошланганини хабар қилиш ва бу юзасидан текширув ўтказишга чақиришдир”, - деди Андреа Берг.

Ташкилотнинг 6 бетлик мактубида Қозоғистонда ўзбекистонликлар билан содир бўлган воқеа тафсилотлари келтирилади ва уларнинг номаълум вазиятда ҳибсга олиниши ҳамда ғойиб бўлишига қозоқ хавфсизлик кучларининг алоқаси борлиги таъкидланади.

Андреа Бергнинг айтишича, мактубда келтирилган маълумотлар воқеанинг бевосита гувоҳи бўлган ва Қозоғистон хавфсизлик кучлари таъқибларидан омон қолган ўзбекистонликлар гувоҳликларига асосланган.

“Бу 9 киши Қозоғистонда ҳибсга олинганда уларнинг икки шериги хавфсизлик кучларидан қочишга муваффақ бўлган. Ташкилотимиз ходимларининг бу 2 киши билан суҳбати давомида олинган маълумотлар президент Назарбоевга жўнатган мактубимизда акс этган”, - деди А.Берг.

Қозоғистон хавфсизлик хизмати ходимларидан қочишга муваффақ бўлган ўзбекистонликларнинг бири “Озодлик” мухбири билан ҳам суҳбатлашган эди. Ўшанда бу йигит улар яшаган уй эшигини бузиб, бостириб кирган шахслар ўзини Қозоғистон хавфсизлик хизмати ходимлари, деб таништиргани ва воқеанинг бошқа тафсилотларини айтганди.

Шунга қарамай, Жанубий Қозоғистон хавфсизлик хизмати департаменти ва ички ишлар бошқармаси Чимкентдаги бу воқеага ҳеч қандай алоқаси йўқлигини билдириб келяпти.

Маълум бўлишича, Тошкентда бошланган судга кузатувчилар, жумладан, “Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти вакиллари киритилмаган.

А.Берг суд раиси жараённи кузатиш учун Олий суднинг ижозати кераклигини айтганини маълум қилди.

“Судга айбланувчиларнинг яқинлари киритилди, холос. Бизга эса рухсат этилмади. Шунингдек, суднинг очиқ ёки ёпиқ тарзда ўтказилаётгани борасида ҳам аниқ жавоб олмадик”, - деди А.Берг.

“Ҳьюман райтс уотч”нинг Н.Назарбоевга йўллаган мактубида ўзбекистонлик 9 фуқаронинг Қозоғистон ҳудудида ҳисбга олиниши ушбу мамлакатнинг халқаро мажбуриятларига зид экани ва Қозоғистон Ўзбекистонга қайтарилган одамлар устидан ўтказиладиган суд жараёнларини кафолатлаши лозимлиги айтилади.

Шунингдек, мактубда мазкур воқеа Қозоғистоннинг 2009 йилда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига раислик қилиш режасига путур етказиши таъкидланади.
XS
SM
MD
LG