Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:01

Европалик имомлар Венада учрашади


7 апрель куни Вена шаҳрида Европа имомлари анжумани очилади. Уч кунлик йиғилишда Европадаги мусулмон жамоаларининг ўзлигини сақлаб қолган ҳолда маҳаллий жамиятларга интеграциялашуви масаласи муҳокама этилади.

Австрия мусулмон жамоалари, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Вена шаҳри ҳокимлиги томонидан уюштирилаётган мазкур анжуманда Европа Иттифоқининг юқори лавозимли расмийлари ҳам иштирок этади. Тадбирда қирқдан ортиқ давлатдан 130 га яқин имом қатнашиши ва анжуман охирида Европада яшаётган мусулмонларнинг ҳозирги аҳволига доир баёнот қабул қилиниши режалаштирилган.

Австрия Мусулмон жамоалари ташкилоти вакили Карла Омина Бағажатининг айтишича, анжуманнинг очилиш маросимидаги йиғилишига Еврокомиссия раиси Хосе Мануэл Баррозо раислик қилади. Шунингдек, унда Австрия канцлери Волфганг Шуссел, ташқи ишлар вазири Урсула Плассник, парламент раиси Андреас Кохл, Европа Иттифоқининг ташқи алоқалар бўйича мутасаддиси Бинета Ферреро-Валднер иштирок этади.

Европа мусулмонларининг шунга ўхшаш биринчи йирик анжумани 2003 йилда Австриянинг Граз шаҳрида ўтказилган эди.

Бағажатининг сўзларига кўра, Австрия Европа давлатлари ва уларда яшаётган мусулмон жамоалари ўртасидаги мулоқотга ва бир-бирларини яхши тушунишига янги туртки беришни мақсад қилган.

“Ҳозир Европа Иттифоқига Австрия раислик қилмоқда. Менимча, шу вазиятда Австрия ҳукумати, айниқса, ислом масаласида мулоқот олиб боришдек азалий анъанасини давом эттираётгани олқишга сазовор. Бу Европа давлатларини ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва ҳаммамиз дуч келаётган муаммоларни ҳал этиш йўлларини топишда мулоқот ўтказишга рағбатлантиради. Шу билан бирга, мусулмонлар ўртасидаги мулоқот ҳам муҳим аҳамиятга эга”, - деди Бағажати.

Сўнгги пайтларда Европада яшаётган мусулмонларга тазйиқлар кучайди. Британия миллий партияси ва Австриядаги Озодлик партияси каби ўнг қанот сиёсий гуруҳлар муҳожирлар, айниқса, мусулмонларни европача ҳаётга таҳдид солаётганликда айбламоқда.

2004 йилда нидерландиялик кинорежиссёр Тео ван Гогнинг мусулмон экстремисти томонидан ўлдирилиши, 2004 ва 2005 йилларда Мадрид ва Лондондаги транспортларда портлашлар содир этилгани Европада мусулмонларга нисбатан муносабатни ёмонлаштирди.

Карла Омина Бағажати фикрича, ҳозирги бўҳронли вазиятда Европада яшаётган мусулмонлар икки нарсани, яъни яхши мусулмон ҳамда қонунга бўйсунувчан, Европадаги демократик жамиятга интеграциялашган фуқаролар эканлигини исботлаши керак.

“Мусулмонлар, улар хоҳ Буюк Британия, хоҳ Испания ёки Россияда яшаётган бўлсин, барчаси Европанинг бир қисми эканини ҳис қилади. Мусулмонларга Европанинг бир қисми сифатида қарашларини хоҳлаймиз. Биз мусулмонлар ҳақидаги барча нотўғри тушунчалар йўқ бўлишини истаймиз. Биз мусулмон эканимизни, динимиз қонунлари асосида яшашимиз, бу Европанинг бир бўлаги бўлишимиз учун халал бермаслигини, демократик қадриятлар, плюрализм, инсон ҳуқуқлари ва давлатнинг жамиятда тутган ролидан хурсанд эканимизни кўрсатиш тарафдоримиз”, - деди Бағажати.

Вена анжуманида Ислом оламида катта нуфузга эга бўлган уламолар қатнашиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG