Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:02

Зардўзлик фақат аёллар ҳунари эмас


Басира Йигирмадан ортиқ мамлакатда ўз кўргазмаларини намойиш этган бухоролик машҳур зардўз Бахшулло Жумаев бу ҳунар фақат аёлларга хослиги ҳақидаги гап-сўзларга қўшилмайди.

У зар тикиш эркаклар иши эканини айтади. Зардўзнинг сўзларига кўра, бу ҳунар тарихи эрамизнинг 1-2 асрларига бориб тақалади. Аммо ўтган асрнинг бошларида зардўзлик санъати йўқолиш арафасида бўлган.


“Аслида инқилоб (октябрь инқилоби) зардўзликдаги бир қанча нақш турлари йўқ бўлиб кетишига сабаб бўлди. Зардўзлик санъати батамом йўқолиш босқичида эди. Ундан кейинги босқич мустақиллик йилларидан бошланади. Қандайдир сиёсий воқеалар рўй бераётганда зардўз учун қийинчиликлар пайдо бўлади”, - дейди Б.Жумаев.

Бу санъатни маромида етказган Б.Жумаев ўз маҳсулотларида ўттиздан ортиқ нақш ишлатади. Унутилаётган ҳунарни ривожлантираётгани учун у бир неча халқаро мукофотга созовор бўлган. Шунингдек, Б.Жумаев халқаро уста унвони соҳиби ҳисобланади.

“Албатта, чет элда кўпчилик бизнинг маҳсулотларимизга қизиқади. Европа мамлакатларининг кўпида наҳотки шуни инсон қўли яратган, дея ҳайрон қолишади. Шунинг учун биз бошқа мамлакатларга бораётганимизда ўзимиз билан ускуналарни олиб бориб, маҳсулотларни қандай тайёрлашни кўрсатамиз. Уларнинг ўзлари ҳам зардўзи гуллар тикишга ҳаракат қилади”, - дейди Б.Жумаев.

Устанинг уч ўғли ҳам ота ҳунарига ҳавасманд. Жумладан, ўғли Бобур ота изидан бормоқда.


“Дўстларим зардўзлик қизлар иши эканини айтади. Балки бошқа касб топарсан, дейишади. Аммо менга шу касб ёқади, бу санъатсиз яшай олмайман”, - дейди Бобур.

Бухорода зардўзлик ҳунари кенг тарқалган. Б.Жумаевнинг айтишича, Бухоро вилоятида зардўзлик билан 50 мингдан ортиқ уста шуғулланади.


“Уларнинг ҳаммаси зардўзликни санъат даражасига етказа олади, деб айта олмайман. Зардўзлик кўпчилик учун ўз маҳсулотини бозорда сотиб тирикчилик қилиш манбасига айланган. Мен ўз ишининг ҳақиқий устаси бўлган фақат 10- 12 устани танийман. Уларнинг ишлари ҳақиқий санъат”, - дейди зардўз.

XS
SM
MD
LG