Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:44

Крейг Мюррей: “Ғарб давлатларининг Ўзбекистон билан муносабатлари, асосан, мунофиқликдан иборат”


Баъзи Ғарб мамлакатлари, хусусан, Германия махсус хизматлари Ўзбекистонда маҳбуслардан қийноқ остида олинган ахборотлардан фойдаланган. Бу ҳақда Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крэйг Мюррей баёнот берди.

Европа мамлакатларида АҚШнинг Марказий разведка бошқармасига тегишли махфий қамоқхоналар воқеасини тергов қилаётган Европарламент қўмитаси олдида қилган чиқишида Крэйг Мюррей Германияининг Ўзбекистондаги элчиси бундан хабардор бўлгани ва мазкур ҳолатнинг олдини олишга ҳаракат қилмаганини таъкидлади. Собиқ элчи Германия махсус хизматининг Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати билан яқиндан ҳамкорлик қилганига ишора қилувчи маълумотлари борлигини айтди.

К.Мюррей Европарламентдаги чиқишидаги гаплари ҳақида “Озодлик” радиосига ҳам интервью берди.

К.Мюррей: Бугун Брюсселда айтган гапларим янгилик эмас. Ғарб давлатлари Ўзбекистон МХХдан қийноқлар остида қўлга киритилган маълумотларни олгани ҳақида анчадан бери айтиб келаман. Албатта, улар бу қийноқларни қўллашда шахсан қатнашганини таъкидлаганим йўқ. Фақатгина қийноқларнинг маҳсули бўлмиш маълумотлардан фойдаланган.

Мухбир: Аввалги чиқишларингизда Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноқ остида олинган маълумотлардан, асосан, АҚШ ва Британия махсус хизматлари фойдалангани ҳақида гапиргансиз. Бугунги чиқишингизда улар қаторига Германияни ҳам қўшдингиз. Бунга жиддий асосларингиз борми?

К.Мюррей: Ҳа, Германиянинг Тошкентдаги элчихонасида разведка бўлими бор. Бу элчихона жуда йирик, унда 30 га яқин немис дипломати ишлайди. Улардан баъзилари разведка ходимларидир. Улар, асосан, Ўзбекистондаги ҳарбий база масаласи билан шуғулланади ва Ўзбекистон МХХ билан яқиндан ҳамкорлик қилади, жумладан, ўзбеклар учун машғулотлар ҳам уюштириб беради. Бу ҳақда авваллари ҳам айтганман, балки бунга биринчи марта эътибор беришаётгандир.

Мухбир: Ғарб мамлакатлари, АҚШ ҳам, Европа Иттифоқига кирувчи Буюк Британия ва Германия ҳам Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари аҳволининг аянчлилиги, жумладан, қийноқлар қўлланилаётгани борасида Тошкентни танқид қилади, бошқа томондан, сиз айтганингиздек, ўша қийноқлар остида олинган маълумотлардан фойдаланади. Буни нима деб аташ мумкин? Тошкент режими Ғарбнинг Ўзбекистонга нисбатан иккиюзламачилик сиёсатини олиб бораётгани ҳақида бот-бот таъкидлаётгани асосли бўлиб чиқмаяптими?

К.Мюррей: Мазкур масалага бу нуқтадан қарамаган бўлардим. Иккиюзламачилик сиёсати қўлланаётгани рост, албатта. Бу ерда Ғарб давлатларининг мунофиқлиги ҳақида гапирган бўлардим. Шубҳасиз, уларнинг ўзбек хавфсизлик хизмати қийноқлар остида олинган маълумотларни америкаликларга тақдим этаётганидан хабари бўлган, лекин буни билмаганликка олганлар. Ўзбекистон ўзига нисбатан қийноқлар борасидаги танқидлар ёғилганда ўзига иккиюзламачилик сиёсати қўлланилаётгани ҳақида ҳайқиришига ҳам асос бор, албатта. Лекин масаланинг моҳияти – қийноқлар бутунлай тўхтатилиши лозимлигида. Бунга эса Ўзбекистон расмийлари рози бўлмайди. Лекин афсус, Ғарб давлатларининг Ўзбекистон билан муносабатлари, асосан, мунофиқликдан иборат.
XS
SM
MD
LG