Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:48

Непал полицияси намойишчиларга ўқ узди


22 апрел куни Непал пойтахти Катманду шаҳрида вазият кескинлашиб кетди. Коммендантлик соати жорий этилгани ҳамда полиция кучларига огоҳлантирмасдан ўт очиш ҳақида буйруқ берилганига қарамай, бошқа минтақалардан одамларнинг Катмандуга кириб келиши тўхтамаяпти. Жума куни подшо Гянендра мамлакатда кўп партиявий демократияни қайта тиклашга ваъда берганига қарамай, аксарият мухолифат раҳбарлари подшо берган ваъдалар етарли эмас, демоқда.

Катмандуда коммендантлик соати жорий этилганига қарамай, мамлакатни подшо Гянендра бошқаришига қарши бўлган ўн минглаб фуқаро пойтахтда уюштирилган норозилик намойишида қатнашди.

Гувоҳлар ва касалхона шифокорларига кўра, аксарияти ўқдан яраланган ўнлаб фуқаро касалхонага ётқизилган. Шанба куни эрталаб норозилик намойиши қатнашчилари полиция ва ҳарбийлар тўсиғини ёриб ўтган. Бироқ намойишчилар пойтахт марказига яқинлашганида зўравонлик содир бўлган. Подшо саройи ва ҳукумат идораларини ўраб турган полиция кучлари аламонни ортқа қайтариш учун одамларга қарата ўт очган.

Жума куни рўй берган зўравонликлардан кейин подшо Гянендра кўп партиявий демократияни қайта тиклашни эълон қилиб, мухолифатнинг еттита партиясидан тузилган коалицияни Бош вазир лавозимига номзод кўрсатишга чақирган эди:

“Мазкур баёнот орқали, биз тасарруфимизда бўлиб келган Непал қироллигининг ижриоя ҳокимияти бугундан бошлаб халққа қайтарилишини эълон қиламан ва у Непал Қироллигининг 1990 йилги конституцияси 35-бандига мувофиқ иш юритишини тасдиқлайман”, - дея баёнот берган эди Непал подшоси.

Кўча намойиши қатнашчилари подшо баёнотига турлича муносабат билдирмоқда. Аёллар ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи Прабха Такар фикрича, подшо қабул қилган қарор мамлакатда рўй бераётган зўравонликларга чек қўйишда туртки бўлиши мумкин:

“Менимча, бу баёнот ҳамма нарсани англатмайди ва ҳамма нарсага якун ҳам бўла олмайди. Мен демократик қадриятлар амалга ошишига умид қиламан. Айни пайтда, мен барча тартибсизлик ва зўравонликлар барҳам топади, деган умиддаман”.

Бироқ, шанба куни мухолифат партиялар раҳбарлари подшонинг таклифини рад этиб, норозилик намойишлари давом этишини билдирди. Мухолифат иттифоқи аъзоси, собиқ Бош вазир Глрижа Прасад Коирала подшонинг таклифлари ҳеч нарсани англатмайди, деди.

Непалда икки ҳафтадан бери давом этаётган норозилик намойишларида 14 одам нобуд бўлди. Айтилишича, аҳолининг аксарияти мухолифатни қўллаб-қувватламоқда. Хавфсизлик кучларининг намойишчиларга қарши қурол ишлатгани вазиятни янада мураккаблаштирган. Кузатувчилар фикрича, мазкур зўравонликлар дастлаб демократик ўзгаришларни талаб қилган мухолифат кучларининг энди монархиядан ҳокимиятни тарк этишни талаб қилишига сабаб бўлган.
XS
SM
MD
LG