Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:33

Европа Иттифоқининг Туркманистон билан шартнома имзоламоқчи бўлаётгани кескин танқидга учрамоқда


Европа Иттифоқи Туркманистон билан энергия таъминоти бўйича шартнома имзолаш арафасида. Танқидчилар Европа Иттифоқи ўзининг энергия манфаатларини кўзлаб Туркманистон билан шартнома имзолаши, Марказий Осиёдаги энг репрессив давлатга демократия ва инсон ҳуқуқлари масаласида ёнбосиши билан баробар, демоқдалар. Европа Иттифоқи қўмитаси муҳокамасидан ўтган шартнома энди Европа Иттифоқи Вазирлар кенгаши муҳокамасига қўйилади.

Бош қароргоҳи Брюсселда жойлашган Бўҳронларни ўрганиш гуруҳи ўз хисоботида Европа Иттифоқининг Туркманистон билан шартнома имзолаш режасини танқид остига олди.

Европа Парламентида ҳам Туркманистон президенти Сапармурод Ниёзов маъмурияти билан шартнома имзолаш таклифига қарши бўлганлар талайгина. Улардан бири Германиядаги “Яшиллар” партияси вакили Чем Ўздемир:

“Туркманистон оддий давлат эмас. Туркманистон, афсуски, диктатор ҳукмрон бўлган дунёдаги энг ёмон режимлардан бири. Таркибида кўплаб сўлчи партиялар, социал-демократлар ва консерваторлар бўлган Европа парламентининг Туркманистонда рўй бераётган фожиага кўз юмиши истеҳзоли”.

Европанинг кўплаб ширкатлари Туркманистон ҳукумати билан шартнома имзолаб катта лойиҳаларни амалга оширмоқда. Масалан, Франциянинг “Буйиг” ширкати ҳудуди асосан чўлдан иборат бўлган Туркманистонда қишки хоккей стадиони қурмоқда.

Очиқ жамият институтининг Туркманистон лойиҳаси ходими Эрика Дейли Европа Иттифоқининг Туркманистон билан шартнома имзолаши Иттифоқ сиёсатига зид эканини айтади:

“Савдо шартномаси Туркманистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволини кескин танқид қилиб келган Европа Иттифоқининг аввалги сиёсатига мос келмайди. Бу Туркманистонга имтиёз таклиф қилганлик билан баробар”, – дейди Эрика Дейли.

Ўздемир ҳам Европа Парламенти муҳокамасига қўйилажак шартнома бошқа давлатларни танқид қилиб келган Европа Иттифоқи сиёсатига зид, деган фикрга қўшилишини айтади.

Эрика Дейлига кўра, агар шартнома тасдиқланса, у Европа Иттифоқига бўлган ишончга путур етказади:

“Агар Европа Иттифоқи ҳеч қандай шартсиз савдо шартномасини тасдиқласа, бу диктатурага инсон ҳуқуқларини кенг кўламда поймол этиш ҳуқуқини берганлик билан баробар бўлади”, – дейди Очиқ жамият институти вакили.

Ўздемир фикрича, Европа Иттифоқи Туркманистон билан нафақат шартнома имзоламаслиги балки, демократик ислоҳотлар ўтказиш борасида Ашхобод расмийларига босимни кучайтириши лозим:

“Биз Туркманистон раҳбариятига нисбатан қатъий ва аниқ позицияда бўлиб, Туркманистон халқи томонида туришимиз керак. Биз Туркманистон ҳақиқий демократик давлат ва цивилизациялашган дунёнинг бир қисми бўлишини хоҳлаётган туркманистонликларни қўллаб-қувватлашимиз керак. Биз Туркманистон раҳбарларига ёнбосмаслигимиз керак”.

Европа парламентининг Ташқи ва Савдо қўмиталари Туркманистон билан энергея ресурслари бўйича шартнома имзолаш таклифини тасдиқлаган. Энди бу масала Европа парламенти муҳокамасига қўйилади. Агар шартнома имзолаш таклифи у ерда ҳам қўллаб-қувватланса, уни Европа Иттифоқи вазирлар кенгаши рад этиши мумкин.
XS
SM
MD
LG