Линклар

Шошилинч хабар
28 январ 2021, Тошкент вақти: 11:10

Халқаро хабарлар

Покистон хавфсизлик кучлари Афғонистон билан чегарадош Шимолий Вазиристон вилоятида жанггари эканликда гумон қилинган етти шахсни отиб ўлдирди.

Покистон армияси матбуот вакили генерал-майор Шавкат Султоннинг билдиришича, қуролли тўқнашув вилоятнинг энг йирик шаҳри Мирон Шоҳ яқинида содир бўлган. Генерал Султонга кўра, дастлаб жанггарилар пистирмадан ҳужуми уюштиргани оқибатида бир ҳарбий нобуд бўлган, бошқаси яраланган. Шундан сўнг ҳарбийлар ҳужумга ўтиб, гуруҳни йўқ қилган.

Кун янгиликлари

Туркия Мудофаа вазирлиги: Хатайда қўлга олинган ИД жангариларининг тўрт нафари ўзбекистонлик

Туркияда “Ислом давлати” террор ташкилотининг 12 нафар жангариси қўлга олинган. Улардан тўрт нафари ўзбекистонлик, беш нафари россиялик, яна уч нафари қирғизистонликдир.

Туркия Мудофаа вазирлиги маълумотига мувофиқ, ИД жангарилари Туркияга Сурия томонидан ноқонуний йўллар билан кириб олмоқчи бўлган, бироқ Хатай вилоятининг Рейҳанли туманидаги ўтказиш масканида қўлга олиниб, туман полиция бўлимига етказилган.

Бу одамлар 2020 йил 31 декабрида қўлга олинган бўлсалар-да, Мудофаа вазирлиги бу ҳақда фақат 27 январга келиб маълум қилган, аммо уларнинг исмларини ошкор қилмаган.

Вазирлик баёнотида қўлга олинганлардан бири Интерпол томонидан қизил бюллетень билан қидирилаётган шахс бўлгани қайд этилган. Бу каби ҳужжат билан қидирувга берилган шахсларни кейинчалик экстрадиция қилиш шарти билан вақтинча қўлга олиш талаб этилади, бироқ бу талаб мажбурий юридик кучга эга эмас.

Россия профессори фашистлар Германияси 6 миллион яҳудийни ўлдирганини рад этди

Освенцим (Аушвиц) ўлим лагерининг собиқ маҳбуслари ўзларининг озод қилинганининг 75 йиллигини хотирлашмоқда.

Россия халқ хўжалиги ва давлат хизмати академияси профессори, Санкт-Петербург давлат иқтисодиёт университетит ўқитувчиси Владимир Матвеев Ленинград вилояти ўқитувчилари учун ўткизган вебинарида “тарихчилар айтгани каби кенг кўламли Холокост содир этилмаган”, деб маълум қилди.

“Барча концентрация лагерларидан 6 миллион жабрдийдани ўтказиш мумкин эмас эди. Шунинг учун 6 миллион деган рақам ўйлаб топилган”,-деди Матвеев.

Унга кўра, яҳудийларни қириш амалиёти “қабиладошларнинг бир-бирининг ўлдириши” бўлган ва “яҳудийлар элат холос, шунинг учун миллатлараро кўриниш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас”.

Профессорга кўра, “Германияда яҳудийларнинг жасадлари ёилган печлар топилган эмас, одамларни газ билан бўғиб ўлдирувчи камералар ҳам бўлмаган”.

Владимир Матвеевнинг айтишича, газ фақат дезинфекция мақсадида қўлланилган.

“Холокост кенг кўламли даражада бўлмаган. Ўйлайманки, ҳар бирингиз ўқувчиларга бу ғояни еткизиб бера оласиз. 1938-1945 йилларда геноцид бўлган. Лекин Холокост бўлган эмас”,-деб айтган у.

27 январда Холокост қурбонларини хотирлаш халқаро куни нишонланади. 1945 йилнинг 27 январида Совет Армияси Польшадаги Освенцим (Аушвиц) ўлим лагерини озод қилган эди. Иккинчи жаҳон урушида бир миллиондан ортиқ яҳудий мазкур лагерда Адольф Гитлер раҳбарлигидаги фашистлар Германияси томонидан ўлдирилганди.

Фашистлар Германия томонидан ташкил қилинган бошқа ўлим лагерларида ҳам миллионлаб яҳудийлар ва бошқа халқлар вакиллари газ камераларида заҳарланиб, бўғиб ўлдирилган.

Байден ва Путин илк маротаба телефон орқали мулоқот қилди. Гап Навальний тўғрисида бўлди

Мулоқот Жо Байден ташаббуси билан уюштирилди.

20 январь куни ўз лавозимига киришган АҚШнинг 46-президенти Жо Байден 26 январда Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Мулоқот Жо Байден ташаббуси билан уюштирилди.

Оқ Уйнинг билдиришича, Байден Кремль танқидчиси Алексей Навальнийнинг қамоққа олинганидан ташвиш билдирган. Шунингдек, Байденнинг ядровий қуролларни қисқартириш шартномаси муддатини яна 5 йилга узайтириш ташаббуси муҳокама қилинган.

АҚШ президенти Украина масаласига ҳам тўхталиб, Вашингтон “Россия агрессия қилаётган бир паллада” Украина ҳудудий яҳлитлигини қатъий равишда қўллаб-қувватлашини билдирган.

Associated Press агентлиги манбалирининг билдиришича, Байден Путинни Москванинг бирорта агрессив ҳаракати жавобсиз қолмаслиги ҳақида огоҳлантирган.

Кремль матбуот хизмати эса АҚШ ва Россия президентлари ядровий қуролларни қисқартириш шартномаси муддатини 5 йилга узайтириш масаласида ўзаро ноталар билан алмашинилганидан қониқиш билдирганларини маълум қилди.

Кремлга кўра, икки президент пандемияга қарши самарали курашиш, савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилган. Путин Байденга Россия Вашингтон билан муносабатларни яхшилашдан манфаатдор эканини билдирган.

Кремль расмий билдирувида томонлар Навальний ва Украина масаласини муҳокама қилгани ҳақида маълумот берилмади.

G7 ташқи ишлар вазирлари Навальнийни зудлик билан озод қилишга чақиришди

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Боррель

G7 ёки “Катта еттилик” (Буюк Британия, Германия, Италия, Канада, АҚШ, Франция ва Япония) ташқи ишлар вазирлари ҳамда Европа Иттифоқининг ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Боррель Россия расмийларини мухолифатчи Алексей Навальний ва 23 январдаги акцияда қўлга олинганларнинг барчасини “зудлик билан ва ҳеч бир шартсиз” озод қилишга чақирди.

Вазирлар Навальнийнинг “сиёсий сабабларга кўра” ҳибсга олинганини қоралаб, россиялик расмийларни ўз халқаро мажбуриятлари ҳамда инсон ҳуқуқларига риоя қилишга чақиришди.

Дипломатларга кўра, Навальнийнинг 2017 йилдаёқ Инсон ҳақлари бўйича Европа суди томонидан асоссиз деб топилган айблов бўйича ҳибсга олинишини ўта ачинарлидир.

G7 ташқи ишлар вазирлари ҳамда ЕИнинг ташқи ишлар мутасаддиси яна бир бор Москвани суриштирув ўтказиб, Навальний “Новичок” моддаси билан заҳарланганидан кейин “Россия Федерацияси ҳудудида кимёвий қурол қўлланилиши юзасидан ишончли изоҳ тақдим этиш”га чақирган.

Вазирлар Навальний ҳимоясига 23 январь куни ўтказилган акцияларда “минглаб тинч намойишчи ва журналистлар қўлга олинган”и юзасидан ҳам чуқур хавотир изҳор қилишиб, россия расмийларини “тинч йиғилиш ҳуқуқидан фойдалангани учун ўзбошимчалик билан тутиб кетилганларни озод қилиш”га чақиришган.

Шу йил 23 январида Россия бўйлаб Алексей Навальний ҳимоясига оммавий намойишлар бўлиб ўтган. Мухолифатчи 17 январь куни Берлиндан Москвага учиб келиши билан қўлга олинган. Германияга у ўтган йил ёзида “Новичок” моддаси билан заҳарланиши ортидан олиб кетилган ва ўша ерда даволанганди.

Навальний Россия пойтахтида қўлга олинганидан бир кун ўтгач, у 30 кунлик ҳибс муддатини ўташ учун “Матросская тишина” тергов ҳибсхонасига йўлланган.

Сенатдаги республикачиларнинг кўпчилиги Трамп импичментига қарши чиқди

АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп

АҚШ Конгрессидаги республикачи сенаторларнинг кўпи 26 январь куни Трамп импичментига оид суд жараёни бошланишига қарши чиқди.

“Америка овози” қайдича, овозлар сони (55 нафар ёқловчи ва 45 нафар қарши) айблов қарори чиқиши имконияти минимумга тушганидан дарак бермоқда – импичмент ташаббускорлари сенатда етарли даражада овоз тўплай олмаган.

Сенатдаги овоз бериш жараёни олдидан республикачи сенатор Рэнд Пол собиқ президентга импичмент эълон қилиш ғояси конституцияга зид бўлиб ҳисобланишини билдирган.

Собиқ президент масаласи сенатда муҳокама қилиниши учун буни юқори палата аъзоларининг учдан икки қисми, яъни демократ сенаторларнинг барчаси ва республикачи сенаторлардан 17 нафари лозим эди.

Республикачи сенаторларнинг кўпи Капитолийдаги тартибсизлик юзасидан Трамп хатти-ҳаракатини танқид қилган бўлса-да, улардан жуда оз қисми амалдан кетган ва партия тарафдорлари орасида ҳалигача катта обрў-эътиборга эга бўлган президентни қоралашга ботинолган.

АҚШ Сенати Энтони Блинкенни Давлат котиби лавозимига тасдиқлади

Энтони Блинкен

АҚШ Сенати 26 январь куни Энтони Блинкеннинг Давлат департаменти раҳбари лавозимига тайинланиши учун овоз берди.

Хабарларга кўра, Россияга қарши кескин чоралар кўриш тарафдори бўлган Блинкен кўпчилик овоз билан Давлат котиби лавозимига сайланган.

Байденнинг узоқ йиллик маслаҳатчиларидан бири бўлган тажрибали дипломат Энтони Блинкен Трамп тарафдори бўлган Майк Помпео ўрнини эгаллайди.

Мулозимнинг биринчи галдаги вазифалари АҚШ билан Эрон ўртасида юзага келган тарангликни юмшатиш, иттифоқчилар билан алоқаларни тиклаш ҳамда Хитой билан тобора таранглашиб бораётган муносабатларни бошқариш бўлиши айтилмоқда.

Блинкен Россия билан алоқаларни ҳам янги маъмуриятнинг асосий муаммоларидан бири сифатида санаган. Алексей Навальнийнинг ҳибсга олиниши хусусида тўхталганда эса АҚШнинг янги Давлат котиби: “Владимир Путиннинг бу одамдан шу қадар қаттиқ қўрқиши жуда ҳайратланарли”, дея билдирган.

Қирғизистонда собиқ бош вазир М. Абилғазиев қўлга олинди

Қирғизистоннинг собиқ бош вазири М. Абилғазиев

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) собиқ бош вазир Мухаммедқалий Абилғазиевни ҳибсга олган. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати ўз манбаларидан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар қилди.

Қайд этилишича, 26 январь куни М. Абилғазиев МХДҚга сўроққа чақиртирилиб, кейин қўлга олинган.

МХДҚ томонидан 27 январь куни тарқатилган маълумотга кўра, собиқ бош вазир коррупция ва ноқонуний бойлик орттирганликда гумонланмоқда.

Тергов версиясига кўра, Абилғазиев бош вазир бўлиб турган пайтда давлат ва фуқаролар манфаатига зид равишда “Қумтор Голд компани”га геологик разведка ва олтин қазиш учун қўшимча майдон ажратишга оид қарорга қўл қўйган. Бу қарор имзолаган пайтда эса кон ҳудудини кенгайтиришга тақиқ кучда эди.

53 ёшли М. Абилғазиев Қирғизистон ҳукуматини 2018-2020 йиллар мобайнида бошқарган. У ўтган йил 15 июнида радиотўлқинлар сотилишига оид можаро ортидан истеъфога чиққан эди.

20 октябрь куни молия полицияси собиқ бош вазирга Қирғизистонни тарк этиш тақиқлаб қўйилгани ҳақида маълум қилган, бироқ бунинг сабабини очиқлаган эмас.

Ўзбек адибининг асари Қирғизистонда “Йил китоби” сифатида тан олинди

Бегижон Аҳмедов 12 асар муаллифи.

Қирғизистонлик ўзбек адиби Бегижон Аҳмедовнинг “Сайёҳ” (бошқа тилларда "Дербиш", "Странник", "Солик" ва бошқа номларда чоп этилган) қиссаси Ёзувчилар иттифоқи ва Чингиз Айтматов номидаги халқаро Иссиқкўл форуми томонидан “Йил китоби” деб топилди.

Қирғизистон тарихида биринчи марта ўзбек ижодкори томонидан ёзилган асар “Йил китоби” сифатида эътироф этилмоқда.

“Сайёҳ” китобининг тақдимоти 2019 йили Бельгия пойтахти Брюссел шаҳрида бўлиб ўтган эди. Ўшандан бери мазкур китоб “Дербиш” деган ном билан 8 тилга, жумладан, рус, қирғиз, турк, тожик тилларига таржима қилинган.

"Марқабой Ааматов таржима қилган Бегижон Аҳмедовнинг "Дербиш" қиссаси 2020 йилнинг энг яхши китоби деб топилди",-дейилади Қирғизистон Ёзувчилар миллий иттифоқи ва Чингиз Айтматов номидаги халқаро Иссиқкўл форуми қўшма қарорида.

Ҳозирга қадар Бегижон Аҳмедовнинг катта кўламдаги 12 китоби нашрдан чиқди. У “Руҳий бангилик” ҳужжатли фильмининг ва ва “Жалолиддин Румий” пьесасининг муаллифидир.

Бегижон Аҳмедов Халқаро Бобур жамғармаси, Қурвонжон Додҳо жамғармаси ва Қирғизистон Ёзувчилар миллий уюшмаси мукофотларининг совриндори.

Қирғизистон президенти фармони билан “Данк” (“Шуҳрат”) медали, Қирғиз Республикасининг Фахрий Ёрлиғи билан тақдирланган, Қирғизистон маданияти аълочиси унвонига эга.

Туркманистонда полиция соқоллиларга ароқ ичирмоқда

Туркманистоннинг Лебоп вилоятида маҳаллий полиция “исломий кўринишдаги шахслар”ни таъқиб қилмоқда, уларни соқолини олишга ва ароқ ичишга мажбурламоқда. Озодлик радиоси туркман хизматининг маълум қилишича, бу йўналишда полиция мунтазам рейдлар ўтказмоқда ва ўз чақимчиларидан фойдаланмоқда.

Радио мухбирларининг билдиришларича, ўтган ҳафтада асосан Фароп ва Чоржў этрапларида ўтказилган рейдлар давомида ёши 55 ёшдан ошган, анъанага кўра соқол қўйган ва намоз ўқийдиган одамлар маҳаллий ҳокимиятларга чақиртирилиб, улар билан “тушунтириш ишлари” ўтказилган.

Полиция рейд давомида кўчада бораётган бир нечта соқолли шахсни тўхтатиб, уларни “диний экстремистлик” ва “ваҳобийлик”да гумонлаб полиция бўлимига олиб борган. Шундан сўнг соқоллилар ароқ ичишга мажбурланган.

Фаропдаги рейд давомида полиция хусусий уйлардан бирида намоз ўқишга йиғилган 10 кишини қўлга олган. Уларнинг барчасига “карантин қоидаларини бузиш” айблови билдирилган.

Озодлик радиоси туркман хизмати мазкур воқа юзасидан расмийлардан муносабат олишга муваффақ бўлмади.

Туркманистонда соқол ҳукумат расмийларининг оғзаки буйруғи асосида бир неча йил аввал тақиқлангани айтилади. Бироқ расмийлар шу кунгача бу масалада тушунтириш бермаган.

Тожикистон президенти мамлакатда коронавирус қолмаганини билдирди

Бу ҳақда президент 26 январь куни парламентда гапирди.

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 26 январь куни парламентга қилган мурожаатида мамлакатда коронавирус беморлари қолмагани ҳақида гапирди.

Озодлик радиоси тожик хизматининг билдиришича, президент: “Январь ойи бошидан бери Тожикистонда биронта коронавирус инфекцияси қайд этилмади ва бизда коронавирус йўқ деб ишонч билан айтишимиз мумкин”,-деб айтган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса сўнгги 15 кун ичида Тожикистонда COVID-19га чалинган янги бемор аниқланмаганини билдирмоқда.

Бироқ экспертлар бу борадаги расмий статистикага шубҳа билан қарамоқда. Уларга кўра, беморлар ва ўлганлар сони Соғлиқни сақлаш вазирлиги эълон қилган рақамлардан кўпроқ бўлиши мумкин.

Раҳмон ўз сўзида фуқароларни санитария-гигиена қоидаларига қатъий амал қилишга ундади. Президент санитария-гигиена қоидаларига қатъий амал қилинмагунича, масжидлар очилмаслигини билдирди.

Тожикистонда пандемия муносабати билан ёпилган масжидларни 1 февралдан қайта очиш режалаштирилаётган эди.

Қозоғистонда коронавирусдан бир кунда 18 бемор ўлди, 1274 кишига вирус юқди

COVID-19дан 2495 киши, “ковиднамо зотилжам”дан 558 киши ўлгани қайд этилди.

Қозоғистонда ўтган бир сутка ичида 1 266 кишида COVID-19, 8 кишида “ковиднамо зотилжам” аниқланди. Беморлардан 18 киши вафот этди.

Қозоғистонда коронавирус ҳолати илк бор ўтган йилнинг март ойида аниқланган эди. Ўшандан бери мамлакатда 179 720 кишига вирус юқди, беморлардан 161 758 киши тузалди. COVID-19дан 2495 киши, “ковиднамо зотилжам”дан 558 киши ўлгани қайд этилди. Айни пайтда касалхоналарда коронавирусдан 27 134 киши даволанмоқда.

COVID-19 бўйича жаҳон статистикасини олиб бораётган АҚШдаги Жонс Хопкинс университети маълумотига кўра, пандемия бошидан бери жаҳон бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони 99 миллион 700 минг кишидан ошган. Беморлардан 2 миллион 140 га яқини вафот этган.

Қирғизистоннинг янги президенти биринчи хорижий сафарини Россияга амалга оширади

Садир Жапаров.

Қирғизистоннинг янги сайланган президенти Садир Жапаров ўзининг биринчи давлат сафарини Россияга амалга оширади. Бу ҳақда 26 январь куни президент матбуот котиби Галина Байтерек маълум қилди.

“Айни пайтда сафарга тайёргарлик кўрилмоқда. Россия томони билан сафар кун тартибини аниқлаш бўйича иш олиб борилаяпти. “Россия Жапаровни қабул қилишга тайёр эмас” қабилида тарқатилаётган хабарлар асоссиздир. Жамоатчиликни бу каби ёлғон хаарларга ишонмасликка чақирамиз”,-деди Байтерек.

11 январь куни Садир Жапаров ўзининг биринчи хорижий сафарини Қозоғистондан бошлаши ҳақида қозоқ президенти расмий сайти хабар қилган эди. Хабарда айтилишича, қозоқ президенти Қосим-Жомарт Токаев телефон орқали Садир Жапаров билан гаплашган, уни президентлик сайловида ғалаба қозонгани билан қутлаган ва расмий сафар билан Қозоғистонга таклиф қилганди.

Хабарда Садир Жапаров Қозоғистон президентига ташаккур билдиргани ва биринчи сафари Қозоғистонга бўлишини айтгани маълум қилинган.

Садир Жапаров 10 январда ўтган президентлик сайловида 17 номзод орасида ғалаба қозонгани эълон қилинган. Уни қасамёдга келтириш маросими 28 январда ўтказилади.

Коронавируснинг Бразилияда аниқланган янги тури АҚШда ҳам пайдо бўлди

Коронавирусдан ўлган қариндошини дафн этаётган Бразилия фуқароси.

Коронавируснинг Бразилияда пайдо бўлган янги штамми Қўшма Штатларга ҳам кириб келгани маълум бўлди. Расмийларга кўра, 25 январь куни Бразилияга бориб келган Миннесота штатида яшовчилардан бирида янги штамм аниқланган.

Президент Жо Байден 25 январдан Британия, Бразилия, Ирландия ва Европанинг катта қисмида бўлган шахсларнинг АҚШга киришини тақиқлади.

Қарор билан коронавируснинг яна бир тури аниқланган Жанубий Африкада бўлган сайёҳларнинг ҳам АҚШга кириши тақиқланади.

Коронавируснинг Жанубий Африкада аниқланган тури жиддий хавотирларга сабаб бўлмоқда. Чунки мазкур вирусга коронавирусга қарши ҳозирда амалда бўлган вакциналар деярли таъсир қилмаслиги аниқланган.

Британияда аниқланган янги штамм эса аввалгисига қараганда тез тарқалувчан бўлиб чиқди. Коронавируснинг Британияда аниқланган янги штаммидан ўлганлар сони ҳам кўпамоқда.

Британия Бош вазири Борис Жонсон коронавирусга қарши чекловларни кучайтириш, жумладан, чегарадан ўтиш қоидаларини қийинлаштириш масаласи ўрганилаётганини билдирди.

Навальний тарафдорлари 31 январь куни “Россиянинг барча шаҳарларида” митинг уюштирмоқчи

Мухолифатчи Алексей Навальний минтақавий штаблари тармоғининг раҳбари Леонид Волков Твиттердаги ўз саҳифасида ҳибсхонада сақланаётган сиёсатчини дастаклаш учун “Россиянинг барча шаҳарларида” янги акциялар ўтказилиши ҳақида эълон қилди. Волковга кўра, митинглар 31 январь куни соат 12:00 га белгиланган.

“Нима учун 31 январь? Чунки 2 февраль куни Алексейнинг суди бўлади. Судга яқин талабимиз кучлироқ жаранглаши мумкин. Москвада эса, албатта, 2 февраль куни ҳам судга келиш керак”, деб ёзган Волков штаблар бор шаҳарларда одамларга йўналишлар берилиши, штаб йўқ шаҳарларда эса бориладиган жойлар мувофиқлаштирилишини билдирган. Волков акциялар ўтказилиши ҳақида расмийларга ариза топширилиш-топширилмаслиги тўғрисида маълумот берган эмас.

Шу йил 23 январь куни Россия бўйлаб Навальний ҳимояси учун ўтказилган норозилик акцияларида 100 мингдан зиёд одам қатнашган. Навальний штаблари вакиллари намойишларда 250 минг киши иштирок этганини иддао қилган. Акциялар Россиянинг 100 дан зиёд шаҳрида ўтказилган.

Норозилик чиқишлари чоғида 3,5 чоғли одам тутиб кетилган – бу эса Россиянинг энг янги тарихи учун рекорд кўрсаткич бўлиб ҳисобланади. “ОВД-Инфо” маълумотига кўра, қўлга олинганлар орасида 195 нафар вояга етмаган бола бор.

Байден трансгендерларнинг АҚШ армиясида хизмат ўташига қўйилган тақиқни бекор қилди

АҚШ президенти Жо Байден

АҚШ президенти Жо Байден 25 январь куни трансгендерларнинг қуролли кучларда хизмат қилишига салафи томонидан қўйилган тақиқни бекор қилди. Бу ҳақда “Америка овози” хабар берди.

Оқ уй баёнотида жинсий ўзига хослик ҳарбий хизмат ўташ учун тўсиқ бўлмаслиги кераклиги айтилган. Баёнотга мувофиқ, малакали америкаликларнинг барчасига ўз мамлакатига хизмат қилиш учун имконият яратиш қуролли кучларнинг янада самарадорроқ бўлишига кўмаклашиш демакдир.

Президент Барак Обама 2016 йили трансгендерларнинг ўз жинсий ўзига хослигини яширмаган ҳолда армияда хизмат қилишига рухсат берганди.

Кейинроқ президент Дональд Трамп трансгендерларнинг қуролли кучлар сафига қабул қилинишини тўхтатиб қўйган. Унинг фармонига мувофиқ, ҳужжат имзолангунича армия сафида юрганларгина ўз хизматини давом эттира олиши мумкин бўлган.

Дунё бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони 100 миллионга етди

COVID-19 бўйича жаҳон статистикасини олиб бораётган АҚШдаги Жонс Хопкинс университети маълумотига кўра, пандемия бошидан бери жаҳон бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони 99 миллион 700 минг кишидан ошган. Беморлардан 2 миллион 140 га яқини вафот этган.

Коронавирусга чалинганлар сони бўйича дунёда АҚШ биринчи ўринда боряпти. Қўшма Штатларда хасталик тарқала бошлаганидан бери 25 миллион 290 мингдан зиёд кишига коронавирус юққан.

Коронавирусга чалинганлар сони бўйича иккинчи ўринни Ҳиндистон (10,667 миллиондан ортиқ), учинчи ўринни Бразилия (8,871 миллиондан ортиқ), тўртинчи ўринни Россия (қарийб 3,7 миллион), бешинчи ўринни эса Буюк Британия (3,680 миллиондан ортиқ) эгаллаб турибди.

Коронавирус билан боғлиқ ўлим сони бўйича ҳам дунё бўйича АҚШ (420 минг 965 та ҳолат) олдинда. Бу кўрсаткич бўйича Бразилия (217 минг 664 та ҳолат) иккинчи ўринда, Ҳиндистон эса (153 минг 470 та ҳолат) учинчи ўринда бормоқда. Мексикада кейинги пайтда COVID-19 билан боғлиқ ўлим сони кўпайиб, шу кунда қурбонлар сони 150 мингдан ошган.

Москва судлари намойишга чиққанларни 15 суткагача қамаш бўйича 30 та қарор чиқарди

Москвадаги акциялар чоғида тутиб кетилаётган намойишчилардан бири, 2021 йил 23 январи

Москва судлари икки кун ичида 23 январдаги рухсат этилмаган норозилик акциялари чоғида йўл қўйилган қонунбузарликлар бўйича 100 га яқин материални кўриб чиқди. Москва шаҳар суди матбуот котиби Ульяна Солопова маҳкамалар томонидан маъмурий ҳибс жазосини тайин қилиш бўйича 30 та қарор чиқарилганини билдирди.

“Интерфакс” агентлиги хабарига кўра, олти киши полицияга бўйсунмагани учун, 24 киши эса оммавий тадбирларни ташкил этиш ёки ўтказиш тартибини бузгани учун 7 суткадан 15 суткагача ҳибс этилган. Шунингдек, намойиш иштирокчиларига нисбатан 10 мингдан 250 минг рублгача 64 та маъмурий жарима жазоси тайин қилинган.

Москва шаҳар суди матбуот котибига кўра, 25 январь ҳолатига Москва судларига маъмурий қонунбузарликка оид 448 та иш келиб тушган.

Россия Ички ишлар вазирлигининг Москва шаҳар бошқармаси 23 январь куни пойтахт кўчаларига 4 минг нафар норози чиққанини билдирган. Уларнинг мингдан зиёди қўлга олинган. Бу ҳақда журналистларга Москвадаги инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Татьяна Потяева маълум қилган.

Бошқа манбалар маълумотига кўра, шанба куни Москвада бўлиб ўтган норозилик намойишларида 15 мингдан 20 минггача киши қатнашган.

Мексика президенти коронавирусга чалинди

Мексик президенти Андрес Мануэль Лопес Обрадор

Мексика президенти Андрес Мануэль Лопес Обрадор коронавирус юқтириб олган. Бу ҳақда у Twitter'даги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.

“Таассуф билан сизга маълум қиламанки, мен COVID-19 га чалиндим. Асоратлари енгил, аммо мен даволана бошладим. Ҳар доимгидек кўтаринки руҳдаман. Ҳаммамиз биргаликда олға қараб юришда давом этамиз”, деб ёзган Мексика президенти. Обрадорга кўра, ҳозирча уни ИИВ раҳбари Ольга Санчес Кордеро тамсил этиб туради.

Аввалроқ Франция президенти Эммануэль Макрон, Британия бош вазири Борис Жонсон, Бразилия президенти Жаир Болсонару, Украина президенти Владимир Зеленский ва бошқалар коронавирус билан хасталаниб, тузалиб чиқишганди.

Жонс Ҳопкинс университети маълумотига кўра, пандемия бошидан бери Мексикада 1,7 миллион дан зиёд киши коронавирусга чалинган, 149 минг 600 нафардан кўпроқ одам қурбон бўлган. Ўтган йилнинг 24 декабридан бошлаб мамлакатда тиббиёт ходимлари орасида эмлов кампанияси бошланган.

Исроил бир ҳафтага дунё билан ҳаво алоқасини узади

Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу (ўнгдан биринчи)

Исроил 25 январь оқшомидан халқаро авиаалоқани бир ҳафтага тўхтатади. Бу ҳақда якшанба куни мамлакат ҳукумати баёнот тарқатган.

Бош вазир Нетаняҳуга кўра, мамлакат “тақатақ ёпилади”, Исроил фуқаролари мамлакатга кириш-чиқиш учун ўта жиддий сабаб кўрсатишлари лозим бўлади.

Исроилда пандемия бошидан бери бунингсиз ҳам мамлакатга кириш-чиқиш бўйича кескин чоралар жорий қилинганди. Галдаги чеклов қадамларини расмийлар аҳоли эмланаётган муҳим бир паллада мамлакатга коронавирус янги штамми кириб келишининг олдини олиш зарурати билан изоҳлаганлар.

Исроил эмлов суръати бўйича айни пайтда дунёда биринчи ўринда турибди, мамлакат аҳолисининг 25 фоиздан кўпроғи камида бир доза вакцина олган. Расмийлар март ойи охиригача катта ёшдаги аҳолининг барчасини эмловдан ўтказишни режалаганлар. 24 январь куни 16 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўсмирлар ҳам эмловдан ўтиши эълон қилинган.

Мамлакатда ҳозир кескин карантин чоралари жорий қилинган бўлиб, улар камида январь ойи охиригача давом этиши керак. Исроил аҳоли жон бошига хасталик юқтириш бўйича дунёда ўринда турган давлатлардан биридир. Айни пайтда у COVID-19 қурбонлари сони энг оз (1 фоиздан камроқ) мамлакатлардан бири бўлиб ҳисобланади.

Россия президенти “Путин саройи”га оид суриштирув юзасидан илк бор изоҳ берди

Геленжик яқинидаги "Путин саройи"

Россия президенти Владимир Путин Алексей Навальнийнинг Коррупцияга қарши кураш фонди (КҚКФ) томонидан амалга оширилган Геленжик яқинидаги саройга оид суриштирув ҳақида илк бор изоҳлади. Талабалар билан ўтказилган онлайн учрашув чоғида Путин суриштирув тўғрисидаги саволга жавоб берди.

Бу каби маълумотни кўриб чиқишга шунчаки бўш вақтим бўлмагани учун мен бу фильмни кўрмадим. Аммо ёрдамчиларим олиб келган видеоподборкаларни варақлаб чиқдим. Сизнинг саволингизга ҳаялламай жавоб беришни истайман: у ерда менинг мулким деб кўрсатилганларнинг ҳеч бири менга ҳам, менинг яқин қариндошларимга ҳам қарашли эмас ва ҳеч қачон менга тегишли бўлмаган. Ҳеч қа-чон”, деган Путин. У Суриштирувнинг ўзини эса Путин “компиляция” (мустақил тадқиқотларсиз, бошқаларнинг суриштирувлари асосида йиғилган демоқчи – таҳр.) деб атаган.

Шу йил 19 январида Коррупцияга қарши кураш фонди Геленжик яқинидаги Владимир Путиннинг саройи деб аталган бинога оид суриштирувини ёйинлаганди. Суриштирув Химки суди КҚКФ асосчиси Алексей Навальнийни Германиядан Россияга қайтганидан кейин 30 суткага тергов ҳибсхонасига йўллаш ҳақида қарор чиқарганидан бир кун ўтиб эълон қилинган. Ёйинланганидан бери ўтган 6 кун ичида YouTube тармоғида 86 миллион мартадан кўпроқ кўрилган фильм Навальний қўлга олинишига қадар ҳозирланган. Қарийб 2 соат давом этадиган ҳужжатли фильмда Навальнийнинг ўзи ҳам иштирок этган.

“Путин саройи” деб аталаётган бино 2005–2010 йиллар мобайнида Қора денгиз бўйича қурилган. Унинг Россия президенти учун қурилгани ҳақида 2010 йилда тадбиркор Сергей Колесников билдирган.

КҚКФ сарой қурилишини 100 миллиард рублга (тақрибан 1,35 миллиард АҚШ доллари) баҳолаган ва бино интерьерини намойиш қилган. Суриштирувда иддао қилинишича, “саройни безашда иштирок этган муҳим пудратчилардан бири” фондга мазкур объектнинг меъморий тархини тақдим этган. Саройда жами ўнлаб хона бўлиб, улар орасида “хизматчилар, яъни шифокорлар, бошқарувчилар, ошпазлар, официантлар учун кийиниш хоналари, гўшт-балиқ цехи, сабзавот цехи, новвойхона, тухумларга ишлов бериш цехи” кабилар бор.

КҚКФ хулосасига кўра, гарчи бошқалар номига расмийлаштирилган бўлса-да, Путин мазкур кўчмас мулкнинг асл соҳиби бўлиб ҳисобланади, сарой ва унинг инфратузилмаси эса коррупцион схемалар ҳисобидан қурилган.

Мухолифатчи Алексей Навальний 17 январь куни Берлиндан Москвага учиб келиши билан қўлга олинган. Германияга у ўтган йил ёзида “Новичок” моддаси билан заҳарланиши ортидан олиб кетилган ва ўша ерда даволанганди. Навальний Россия пойтахтида қўлга олинганидан бир кун ўтгач, у 30 кунлик ҳибс муддатини ўташ учун “Матросская тишина” тергов ҳибсхонасига йўлланган.

23 январь куни Россия бўйлаб Навальний ҳимояси учун ўтказилган норозилик акцияларида 100 мингдан зиёд одам қатнашган. Навальний штаблари вакиллари намойишларда 250 минг киши иштирок этганини иддао қилмоқда. Акциялар чоғида 3,5 чоғли одам тутиб кетилган – бу эса Россиянинг энг янги тарихи учун рекорд кўрсаткич бўлиб ҳисобланади.

Қирғизистонда коронавирус қурбонлари сони 1400 нафардан ошди

Ўзбекистонга қўшни бўлган Қирғизистонда ўтган кеча-кундузда пневмония дохил коронавирусга чалинганлар сони 71 нафарни ташкил қилган, хасталик туфайли бир киши вафот этган. Бу ҳақда 25 январь куни Коронавирус инфекциясига қарши кураш республика штаби маълумот тарқатди.

Сўнгги маълумотларга кўра, Қирғизистонда COVID-19 инфекциясини юқтириб олганларнинг умумий сони 83 минг 971 нафарга, қурбонлар сони эса жами 1 минг 401 нафарга етган.

Тиббиёт ходимлари ўртасида 24 январь куни коронавирусга чалиниш ҳолати қайд этилмаган. Пандемия бошидан бери эса 4 минг 168 нафар тиббиёт ходими вирусга чалиниб, улардан 4 минг 75 нафари тузалиб кетган.

Айни пайтда мамлакатда эпидемия аввалидан бери ҳаммаси бўлиб 80 минг 25 нафар бемор соғайгани айтилмоқда.

Россия Тергов қўмитаси намойишларда санитария тартиби бузилгани юзасидан жиноят иши очди

Алексей Навальнийни дастаклаш акциясидан лавҳа, Москва, 2021 йил 23 январи

Россия Федерацияси Тергов қўмитаси 23 январь куни мамлакатнинг ўнлаб шаҳрида мухолифатчи Алексей Навальнийни дастаклаш намойишлари ўтказилгани муносабати билан санитария қоидалари бузилиши (РФ Жиноят кодекси 236-моддаси) тўғрисида иш қўзғатган. Бу ҳақида Коррупцияга қарши кураш фонди (КҚКФ) юридик бўлими бошлиғи Вячеслав Гимади маълум қилди.

КҚКФ директори Иван Ждановга кўра, бу иш юзасидан фонд ходимларини сўроқ қилиш (ҳозирча гувоҳ сифатида) аллақачон бошланган. Жумладан, терговчилар Навальнийнинг матбуот котиби Кира Ярмиш, Навальнийнинг Москвадаги штаби координатори Олег Степанов ҳамда фонднинг суриштирувлар бўлими бошлиғи ўринбосари Георгий Албуровларни излаб келганлар ва ушбу ходимлар айни пайтда махсус ҳибсхонада сақланмоқда.

Жиноят кодексининг санитария-эпидемиология нормалари бузилиши тўғрисидаги моддасида икки йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси назарда тутилган. Мазкур қоидабузарлик эҳтиётсизлик туфайли одам ўлдиришга олиб келган тақдирда, айбдор етти йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Алексей Навальнийнинг тарафдорлари 23 январь куни мухолифатчини дастаклаб, умумроссия норозилик акциясини ўтказишган. Эслатиб ўтамиз, “Новичок” гази билан заҳарланган сиёсатчи Берлинда даволаниб қайтганидан кейин (2021 йил 17 январи) Москва аэропортидаёқ ҳибсга олинган бўлиб, ҳозирда тергов изоляторида сақланмоқда.

Оммавий ахборот воситалари ҳисоб-китобига кўра, Москвадаги намойишларда 40 минг нафаргача одам иштирок этган, “Белий счетчик” акция қатнашчилари сонини 20 минг нафаргача (ИИВ баёнотида — 4 минг) деб кўрсатган. "МБХ медиа" Россия бўйича норозилик чиқишларида 110 минг киши иштирок этгани, жами қўлга олинганлар сони эса 3,4 минг кишидан ортиқ эканини таъкидлаяпти.

Намойишлардан бир неча кун аввал Москва маъмурияти коронавирус эпидемияси муносабати билан оммавий тадбирлар тақиқланганини боис митинг ўтказиш тўғрисидаги аризаларга рад жавоби берилишини очиқлаган эди.

Намойишлар арафасида Тергов қўмитаси ахборот-коммуникация тармоқларидан фойдаланган ҳолда вояга етмаганларни уларнинг ҳаётига хавф туғдирувчи ноқонуний хатти-ҳаракатларга жалб этганликка оид (ЖК 125.2-моддаси 2-қисми "а" ва "в" бандлари) жиноят иши очганди.

Тергов қўмитасининг Москва бошқармаси ЖКнинг 318-моддаси (“Ҳокимият вакилига нисбатан зўравонлик ҳаракатларини содир этиш”), 167-моддаси (“Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга шикаст етказиш”) ҳамда 213-моддаси (“Безорилик”) билан жиноят ишлари қўзғатган. Шунингдек, ЖКнинг 267-моддаси (“Транспорт воситалари ёки қатнов йўлларини яроқсиз ҳолга келтириш”) 2-қисми бўйича жиноят иши очган.

Владивостокда РФ Жиноят кодексининг 267.1-моддаси (“Транспорт воситаларидан хавфсиз фойдаланишга таҳдид солувчи хатти-ҳаракатлар содир этиш”) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Яна икки жиноят иши ҳокимият вакилига нисбатан зўравонлик содир этиш (ЖК 318-моддаси 1-қисми) ҳолатлари юзасидан қўзғатилгани айтилмоқда.

Новосибирскда оммавий тартибсизликларга чақириш тўғрисида жиноят иши очилган. Тергов тахминига кўра, 2021 йил январида “номаълум шахслар” ижтимоий тармоқларда оммавий тартибсизликларга чорлаганлар. Бу хабарлар воситасида, Тергов қўмитаси иддаосича, гўё 23 январь куни Навальнийни дастаклаш намойишларига чиққанда зўравонлик, талон-торож қилиш, ўт қўйиш, мулкларни йўқ қилиш, қурол ва портловчи моддаларни қўллаш, шунингдек қуролли қаршилик кўрсатиш сингари жиноий хатти-ҳаракатларга даъват қилинган.

Қирғизистон пойтахти жаҳонда ҳавоси энг ифлосланган шаҳарга айланди

25 январь куни шаҳарда ҳавонинг ифлосланиши 279 даражада эканини қайд этди.

Жаҳоннинг йирик шаҳарларидаги ҳаво сифатини ўрганувчи World Air Quality ташкилоти Қирғизистон пойтахти Бишкекда ўрнатган мослама 25 январь куни шаҳарда ҳавонинг ифлосланиши 279 даражада эканини қайд этди.

Бу билан Қирғизистон пойтахти Бишкек жаҳонда ҳавоси энг ифлосланган шаҳарга айланди. Бишкекдан кейинги ўринларни биринчи ўнликда Ҳиндистоннинг Дели, Калькута, Мўмбай, Хитойнинг Шэнян, Пекин, Покистоннинг Лахор, Непалнинг Катманду, Бангладешнинг Дакка ва Вьетнамнинг Ханой шаҳарлари эгаллади.

Айни пайтда Бишкекнинг Ак-Ўргў мавзесида ҳавонинг ифлосланиш индекси 450 даражага, Қизил қурувчи мавзесида 428 даражага, Новопавловка қишлоғида 410 даражага етган. Бу ўта хафли даража ҳисобланади.

World Air Quality ҳисобича, ҳавонинг ифлосланиш индекси 50 даражадан паст бўлиши лозим. Айнан мана шу даража инсон саломатлиги учун хавфсиз ҳисобланади.

Бишкек ўтган йилнинг ноябридан бери жаҳонда ҳавоси энг ифлосланган шаҳарлар ўнлигидан тушмай келмоқда. Ўтган ҳафтада Бишкекда ҳавонинг яхшилангани кузатилган, аммо 24 январдан яна ифлосланиш даражаси кўпайди.

Россия Озодлик радиосига босим ўтказишда давом этса, АҚШ санкция жорий этиши мумкин

Озод Европа-Озодлик радиосининг Прагадаги бош қароргоҳи.

АҚШ конгрессменлари Кремль Озод Европа-Озодлик радиосининг Россиядаги фаолиятига тўсқинлик қилишда давом этадиган бўлса санкциялар жорий этишлари мумкин.

Конгрессменлар 22 январь куни президент Жо Байден маъмуриятига жўнатган мактубларида мана шу ҳақда билдирганлар.

Конгрессменлар мактубида Жо Байденни Озод Европа-Озодлик радиосининг Беларусдаги фаолиятини кўпроқ қўллаб-қувватлашга чақирди. Беларусда ўтган йилнинг августидан бери амалдаги президент Александр Лукашенко истеъфоси талаб қилинган намойишлар тўхтамаяпти.

Аввалроқ Роскомнадзор Озод Европа-Озодлик радиосини “хориж агентлари” тўғрисидаги қонунга амал қилмаётганликда айблаб, бир неча юз минг доллар миқдорида жарима солишини билдирган. Мазкур қонунга асосан Озодлик журналистлари жиноий таъқиб қилиниши ҳам мумкин.

Роскомнадзор Озодлик радиоси рус хизматидан ўз контентига “хориж агенти” белгисини қўйишни талаб қилмоқда. Радио бу талабни бажаришдан бош тортган.

Дейзи Синделар Озодлик радиоси президенти вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди

Озод Европа-Озодлик радиоси президенти вазифасини вақтинча бажарувчи Дейзи Синделар.

АҚШ Глобал медиа агентлигининг янги раҳбари Келу Чао Озод Европа-Озодлик радиоси президенти вазифасини вақтинча бажарувчи этиб Дейзи Синделарни тайинлади.

Бундан ташқари 24 январь куни эълон қилинган буйруққа асосан Бэй Фанга Озод Осиё радиоси президенти, Келли Салливан Яқин Шарқ радиоэшиттиришлар тармоғи - Middle East Broadcasting Networks президенти вазифасини бажарувчи сифатида тайинланди.

Мазкур уч радио президентлари Чао томонидан 22 январда ишдан бўшатилган эди. Улар бу лавозимларга АҚШ Глобал медиа агентлигининг аввалги раҳбари Майкл Пак томонидан тайинланганига бир ой бўлган эди.

21 январь куни Келу Чао “Америка овози” раҳбари, унинг ўринбосари ва Кубага эшиттириш берувчи радио раҳбарини ишдан бўшатганди.

АҚШнинг янги президенти Жо Байден 20 январда ўз лавозимига киришганидан икки соат ўтгач АҚШ Глобал медиа агентлиги директори Майкл Пак ўз лавозимидан истеъфо беришга мажбур бўлган ва унинг лавозимини вақтинча Келу Чао бажармоқда.

2020 йилнинг 30 декабрида Озод Европа-Озодлик радиосининг 23 хизмати бош муҳаррирлари АҚШ глобал медиа агентлиги – USAGAM бош директори Майкл Пакка норозилик мактубини жўнатганди.

Мактубда агентлик раҳбари икки париявийлик принципидан “мисли кўрилмаган даражада воз кечганликда” ва “ўзи ҳимоя қилиши шарт бўлган оммавий ахборот воситаларининг мустақиллигига даҳл қилганликда” айбланди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG