Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:32

Ўзбекистон расмийлари ЕТТБ анжуманига қатнашмаяпти


21-22 май кунлари Лондонда Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг йиллик мажлиси ва бизнес форуми ўтказилди. Анжуманда Европа ва Марказий Осиё давлатларининг икки мингдан ортиқ расмийси ва тадбиркорлар қатнашмоқда.

Ўзбекистон расмийлари анжуман қатнашчилари рўйхатида йўқ. ЕТТБ Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистонга бериладиган кредитлар миқдорини жиддий қисқартирган ва ҳукумат дастурларига оид ёрдамни умуман тўхтатган эди. Ўзбекистон ҳукумати вакилларининг Лондондаги анжуманда қатнашмаётгани сабаблари ва ЕТТБнинг Марказий Осиё дастурлари раҳбари Масару Ҳоона гапириб берди.

Мухбир: Жаноб Ҳоона, банкнинг йиллик анжуманида Ўзбекистон вакиллари нега қатнашмаяпти? Улар таклиф этилмаганми ёки таклифни қабул қилмадими?

М.Ҳоона: Ўзбекистон ҳукумати нега бу йилги мажлисда қатнашмаётгани сабабларини билмаймиз. Ҳар бир давлат бу анжуманда қатнашиш ёки қатнашмаслик ҳуқуқига эга. Бу сафар Ўзбекистон ҳукумати қатнашишни истамади, бунинг сабабларини била олмадик.

Мухбир: Демак, Ўзбекистон ҳукумати вакиллари анжуманга таклиф этилган, шундайми?

М.Ҳоона: Ҳа, уларни таклиф қилганмиз. Биз ўзимиз фаолият олиб борадиган барча 27 мамлакат ҳамда Мўғулистонга, ҳаммаси бўлиб 28 мамлакатга йиллик йиғилишда иштирок этиб, ўз мамлакатлари учун ҳисоботларни тақдим этиш таклифи билан мурожаат қилганмиз. Ўзбекистон ҳукумати йиғинда иштирок этишни истамади. Балки бунга қандайдир сабаблар бордир. Ким билади дейсиз.

Мухбир: Жаноб Ҳоона, ўтган йили Андижон воқеаларидан кейин ЕТТБ Ўзбекистонга молиявий кўмак миқдорини камайтирган эди, бугунги кунга келиб ташкилотингизнинг Ўзбекистондаги стратегияси нимадан иборат?

М.Ҳоона: Эгаллаган позициямиз яқинда Ўзбекистонга нисбатан эълон қилинган стратегиямизда аниқ кўрсатилган. Бу стратегия Андижон воқеаларидан кўп ўтмай, ўтган йили июлда эълон қилинган эди. Унинг асосий йўналиши Ўзбекистондаги хусусий секторни ривожлантиришдан иборатдир. Фаолиятимиз, айниқса, кичик ва ўрта тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилади. Билвосита молиялаштириш воситалари орқали Ўзбекистонда фақатгина хусусий сектор билан иш олиб борамиз. Яъни Ўзбекистон ҳукумати билан бевосита ёки билвосита ҳамкорликсиз иш олиб борамиз. Ҳозиргача бундай лойиҳаларимиз муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Мухбир: Жаноб Ҳоона, тўғри тушунган бўлсам, Ўзбекистондаги фаолиятингиз фақатгина хусусий тадбиркорларга қаратилган, яъни ҳукумат тузилмалари бу лойиҳаларга жалб этилмайди. Буни Ўзбекистон ҳукумати қандай қабул қилмоқда?

М.Ҳоона: Ўзбекистон ҳукумати ҳозирча хусусий секторни ривожлантириш бўйича лойҳаларимизга эътироз билдиргани йўқ. Ўзбекистонлик тадбиркорларга микрокредитлар тақдим этишнинг Ўзбекистон тараққиёти учун аҳамиятли эканини улар яхши тушунади. Шу боис, ҳозирча Ўзбекистонда микрокредит банкини ташкил этишга эътибор қаратмоқдамиз. Бу банк ЕТТБ, Осиё тараққиёт банки ва Халқаро молия корпорацияси томонидан жорий этилади. Шунингдек, Германия халқаро банкини ҳам Ўзбекистонда микрокредит банкини ташкил этишда ҳамкорликка таклиф этяпмиз. Ҳозиргача Ўзбекистон ҳукумати билан музокараларимиз муваффақиятли ўтяпти.
XS
SM
MD
LG