Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:01

Парламентнинг собиқ раиси мухолифатга қўшилди


22 май куни Арманистон парламенти раиси лавозимидан истеъфо берган Артур Багдасарян ўзи раҳбарлик қилаётган “Оринац Еркир” партияси ҳам сиёсий мухолифат сафига қўшилганини эълон қилди.

А.Багдасарян ўз партияси номзодлари 2007 йилда ўтказиладиган парламент сайловида қатнашишига умид билдирди.

Артур Багдасаряннинг айрим сиёсий рақиблари фикрича, у ҳукумат коалициясига путур етказиб, жиддий хатоликка йўл қўйган. Унинг истеъфосидан кейин “Оринац Еркир” партиясининг Арманистон президенти Роберт Кочарян билан яқин муносабатда бўлган 15-20 нафар йирик тадбиркор аъзолари ҳам ҳукумат коалициясидан чиққан.

А.Багдасарян “Озодлик” радиосига ўз партияси мавқеи аввалгига қараганда анча кучайиб, Арманистондаги энг йирик сиёсий ташкилотга айланганини айтди.

“Мамлакат аҳолисининг салмоқли қисми бизни қўллаб-қувватлайди ва мамлакат ташқарисида ҳам бизни яхши тушунишади. Биз билан ҳамфикр кучлар кўп ва биз ўз йўлимиздан боришни давом эттирамиз”, – деди парламентнинг собиқ раиси.

Ўз истеъфосини эълон қилиш чоғида А.Багдасарян Арманистон олдида икки йўл турганини маълум қилди.

“Арманистон Россия-Беларус иттифоқига қўшилиб, Европа Иттифоқи билан яхши муносабатда бўлиши керак ёки Европа Иттифоқига аъзо бўлиб, Россия билан яхши муносабат ўрнатиши лозим.“Оринац Еркир” иккинчи йўлни танлади”, - деди А.Багдасарян.

Собиқ раис ўз партияси сиёсий кучлар билан мувофиқлашган ёки якка ҳолда фаолият юритиши тўғрисида қарор қабул қилиши кераклигини билдирди.

“Мен “Оринац Еркир” сайловда иттифоқчилар билан бирга ҳаракат қилиши эҳтимолдан холи эмаслигини айтмоқчиман. Айни пайтда партия сайловда якка ўзи ҳам иштирок этиши мумкин”, – дейди А.Багдасарян.

У сиёсий мухолифат сафига қўшилгани ва энди ҳокимият тепасидаги кучлар, жумладан, Арманистон президенти лавозимига даъвогар бўлиши тахмин қилинаётган мудофаа вазири Серж Саркисянни ҳам танқид қилишини таъкидлади.

“Ўз ғояларимиз ва дастуримиз доирасида Серж Саркисян, Роберт Кочарян ва кимнинг фаолияти бизни қониқтирмаса, ўшаларни танқид қиламиз”, – деди Арманистон парламентининг собиқ раиси.

Президент Роберт Кочарян ва 2003 йилда парламент раиси этиб сайланган Артур Багдасарян ўртасидаги муносабат бирдан совушига нима сабаб бўлгани ҳозирча маълум эмас.
XS
SM
MD
LG