Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:30

“Беслан террорчиси” умрбод қамалди


Россиядаги Шимолий Осетия Олий суди бир йил давом этган суд жараёнидан сўнг Бесландаги мактабда ўқувчиларни гаровга олишда қатнашган Нурпошшо Кулаевни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Гарчи прокурор айбланувчига ўлим жазоси берилишини сўраган бўлса-да, суд Россияда ўлим жазосига мораторий эълон қилингани учун Н.Кулаевга умрбод қамоқ жазоси тайинлади.

Беслан воқеасида қурбон бўлганларнинг айрим қариндошлари суд ҳукмидан норози бўлиб, темир панжара ортида ўтирган айбланувчига ҳужум қилишга уринди.

Маълум бўлишича, Н.Кулаев ўзига қўйилган айбловнинг барча бандлари, жумладан, одамларни гаровга олиш, терроризм, қотилликда айбдор топилган.

Олий суд раиси Тамерлан Агузаров Н.Кулаев ўлим жазосига лойиқ жиноят содир этганини, аммо Россия ўлим жазосига мораторий эълон қилгани учун у фақат умрбод қамоқ жазосига ҳукм қила олишини айтди. Н.Кулаев жазони махсус тартибли колонияда ўтайдиган бўлди.

Россия Бош прокурори ўринбосари Николай Шепел суд қароридан қониқиш ҳосил қилганини айтди.

“Биз суд ҳукмидан қониқиш ҳосил қилдик. Чунки Кулаев ўзига қўйилган барча айблов бўйича айбдор топилди. Ҳукм бўйича прокурор ва ҳакамлар позицияси бир-бирига мос келди. ... Менимча, судланувчи устидан адолатли ва қонуний ҳукм чиқарилди”, - деди Н.Шепел.

Бироқ Беслан қурбонлари яқинларини суд қарори қониқтирмади. Беслан фожеасида қизидан айрилган Анета Гажиева Н.Кулаев ўлим жазосига лойиқ жиноят содир этганини таъкидлади.

“Жазо жиноятга яраша бўлиши керак. Чунки ўлим Кулаевни маҳбуслик ҳаётида кузатилиши мумкин бўлган озгина қувончдан ҳам маҳрум қилади”, – деди А.Гажиева.


Н.Кулаев 2004 йил 1 сентябрда Бесландаги мактабда бир минг 300 ўқувчи, ўқитувчи ва ота-оналарни гаровга олишда қатнашган 32 чечен айирмачисидан бири бўлган. Уч кун давом этган бу фожеада 331 киши ҳалок бўлган, уларнинг ярмидан кўпи болалар эди.
XS
SM
MD
LG