Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:23

Германиядаги андижонлик қочқинлардан бири Ўзбекистонга қайтиш нияти йўқлигини билдирди


Сўнгги олинган маълумотларга кўра¸ Ўшда қамоққа олинган Акрам Йўлдошевнинг қизи Гулмира Мақсудованинг Германияда яшаëтган турмуш ўртоғи Омонулла ëнига олиб кетилиши масаласи кўриб чиқилмоқда. Бу ҳар бир қочқиннинг ажралмас ҳуқуқи бўлган оилани бирлаштириш тадбири доирасида амалга оширилади.

БМТ Қочқинлар идораси билан¸ қочқинларни қабул қилиб олувчи давлат ўртасида оила бирлашуви ҳақида келишув имзоланади. Бундай келишувнинг Швейцария билан имзолангани маълум. Аммо Германиянинг бундай келишувни имзолагани ҳақида маълумот йўқ.

Акрам Йўлдошевнинг қизи 21 яшар Гулмира Мақсудовани Ўшдаги ҳибсҳонадан қутқариб Геманияга олиб келиш билан БМТ қочқинлар идораси¸ Германия ташқи ишлар вазирлиги¸ Германия иммиграция ва ички ишлар вазирлиги ҳамда Германиянинг Қирғизистондаги элчихонаси шуғулланаëтгани маълум бўлди. Фақат Гулмира Мақсудованинг БМТ қочқинлар идорасида рўйҳатдан ўтмагани бу ишни қийинлаштиргани аниқланди. Гулмира Мақсудованинг БМТ қочқинлар идорасига мурожаат қилмаганлигини унинг яқинлари ҳам тасдиқлашди. Минтақада фаолият олиб бораëтган мустақил журналист Багила Буҳарбаева Қирғизистон ИИВ мулозимлари билан боғланганида¸ улар Гулмира Мақсудованинг қалбаки паспортдан фойдаланганлигини айтишган.

Айни пайтда Ўш шаҳрида Гулмира Мақсудованинг бир ярим яшар қизи Маҳдия Нуриллаева ва синглиси Муяссар Йўлдошева ҳам назорат остида қолмоқда.

Гулмира Мақсудованинг турмуш ўртоғи ўз рафиқасини Германияга олиб келишга уринаëтган бир пайтда ҳукуматга қарашли Пресс Уз Инфо саҳифасида Германиядаги Андижонлик қочқинлар уйларига қайтишмоқчи деган мазмундаги мақола эълон қилинди.

Озодлик мухбири билан суҳбатлашган Германиядаги қочқинлардан бири Ўзбекистонга қайтиш нияти йўқлигини таъкидлади.

Бундан олдин Германиядаги қочқин мақоми олган Андижонлик Насрулло ака Ўзбекистонга кетиш нияти борлигини ва бу борада Ўзбекистон президентига мактуб ëзганлигини ОАВ орқали билдирган эди.
XS
SM
MD
LG