Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:47

Ливан жанубида уруш нега тўхтамаяпти?


Ливан жанубида Исроил армияси ва Хизбуллоҳ жанггарилари ўртасида қуролли тўқнашувлар бошланганига икки ҳафтадан ошди. Юзага келган бўҳронни ҳал этишда дипломатик уринишлар давом этаётганига қарамай, урушнинг охири кўринмаяпти. Озодлик радиоси мухбири Жереми Бранстен бунинг сабабларини ўрганишга ҳаракат қилди.

Британия Бош вазири Тони Блэр АҚШ президенти Жорж Буш билан учрашиш мақсадида 28 июл куни Вашингтонга борди.

Музокара чоғида Блэр ва Буш Яқин Шарқда юзага келган бўҳрон, Ироқ, Эрон, Афғонистон ва бошқа масалаларни муҳокама этишлари кутилмоқда.

Исроилга қарашли учқичлар Ливан жанубидаги Хизбуллоҳ жанггариларига қарашли экани тахмин қилинган нишонларга жума куни ҳам ҳаводан зарбалар берди. Оқибатда ўнга яқин одам нобуд бўлди. Кун ўтган сари Европа ва араб давлатларида ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги чақириқлар кучаймоқда. Ҳозирга қадар Британия АҚШ тутган позициясини қўллаб-қувватлаб келди. 27 июл куни АҚШ президенти Жорж Буш Вашингтон расмийлари “соҳта тинчлик”ни хоҳламаслигини таъкидлади.

Кузатувчиларга кўра, муаммо шундаки, қуролли тўқнашувлар оқибатида Исроил ва айниқса, Ливанда тинч аҳоли орасида катта талафот кўрилмоқда. Шу боис АҚШ тутган позицияни қўллаб-қувватлаётган одамлар кун сайин камаймоқда. Таҳлилчилар фикрича, ўт очишни тўхтатиш асосан урушаётган томонларга боғлиқ. Улар эса яқин фурсатда бундай қилиш ниятида эмасга ўхшайди.

25 июл куни чиқиш қилган Хизбуллоҳ раҳбари Ҳасан Насруллоҳ:

“Биз ўз ҳужумларимизни давом эттирамиз. Мен шуни эълон қилмоқчиманки, Исроил армиясининг доимий қаршилигига қарамай, биз Хайфагача ҳужум қиляпмиз. Айни пайтда, мен биз Хайфадан нарига ҳам ҳужум уюштира олишимизни сизларга билдиришни лозим топдим. Бунга бизни душман мажбур қиляпти”, – дея баёнот берган эди.

Бир кун олдин чиқиш қилган Исроил Бош вазири Эхуд Олмерт эса бундай баёнот берган эди:

“Исроил Хизбуллоҳга қарши уруш олиб боришга бел боғлаган. Биз уларгача етиб борамиз ва уларни тўхтатамиз. Биз бегуноҳ одамларни ўлдириш мақсадида минглаб ракета отаётганларга қарши кескин чоралар кўришдан асло тортинмаймиз. Биз вазият шундай давом этишига йўл қўмаймиз”.

Мутахассислар Хизбуллоҳни қўллаб-қувватлаётган Сурия ва Эрон билан музокара ўтказмай, ўт очишни тўхтатиш имконсиз, деган фикрда. Сурия АҚШ билан юқори даражада дипломатик музокара ўтказишга тайёр эканини билдирди. Бироқ Сурияни терроризм хомийси, деб билувчи Вашингтон расмийлари бунга хоҳиш билдирмади. Кўпгина араб давлатлари, жумладан Миср, Иордания ва Саудия Арабистони Яқин Шарқ бўҳрони қандай ҳал этиш борасида аниқ позиция эгалламаган. Бошқа томондан Қоҳира, Оммон ва Риёдда Хизбуллоҳни қўллаб-қувватлаётган одамлар сони кўпайиб бормоқда.

Европа давлатлари Ливан жанубида урушаётган томонларни ўт очишни тўхтатишга чақирмоқда. Аммо улар Ливан жанубига ўз қўшинларини тинчликни сақловчи кучлар сифатида жойлаштиришни хоҳламаяпти. Британия ҳукумати Ироқ ва Афғонистонга кўп сонли қўшин жойлаштиргани боис Ливанга қўшин жўната олмаслигини айтган.

Шу ҳафта Германия ва Франция ҳукуматлари Ливан жанубига ўз ҳарбийларини жўнатмаслигини маълум қилди. Айни пайтда, Франция президенти Жак Ширак Ливан жанубига НАТО кучларининг жойлаштирилишига қарши эканини таъкидлади. Ширак ўз фикрини кўпчилик НАТОни Ғарб давлатларининг ҳарбий ташкилоти сифатида қабул қилиши билан изоҳлади.

Таҳлилчилар фикрича, Яқин Шарқда юзага келган бўҳронни ҳал этиш бўйича халқаро ҳамжамият ҳозирга қадар муштарак режага ишлаб чиқа олмагани учун Ливан Жанубида қуролли тўқнашувлар давом этаверади. Ўз навбатида, бу тинч аҳоли орасида қурбонлар сони янада ортишини англатади.
XS
SM
MD
LG