Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:12

Исроил ҳарбийлари Ливанга ҳужумни кучайтирмоқда


Исроил ҳарбийлари Ливанга ҳужумни кучайтирди. Исроил самолётлари 4 август куни Байрутнинг жанубий минтақалари ва Ливан жанубидаги ҳудудларга юздан ортиқ бомба ташлади.

Исроил қуруқлик кучлари “Ҳизбаллоҳ” билан жанглар давом этаётган Ливаннинг жанубий минтақаларини тўплардан ўққа тутди. Ҳаво ҳужумлари оқибатида Ливаннинг камида икки фуқароси ва бир ҳарбийси ҳалок бўлди.

“Ал-Арабия” телевидениеси хабарига кўра, Ливан жанубидаги Маркаба қишлоғи яқинидаги отишмада Исроил армиясининг беш аскари нобуд бўлган. Исроил ҳарбийлари бу хабарни шарҳламади.

Исроил самолётларининг Байрут шимолига ҳаводан ҳужум уюштиргани оқибатида пойтахтни мамлакатнинг шимолий минтақалари билан боғловчи тўртта кўприк вайрон бўлди. Ҳозир мазкур кўприклар орқали қатнов тўхтаб қолган.

“Ҳизбаллоҳ” жангарилари билан 3 август куни содир бўлган тўқнашувларда Исроилнинг саккиз ҳарбийси ҳалок бўлди. Бир соатдан кам вақт ичида “Ҳизбаллоҳ” жангчилари Исроилнинг шимолий минтақаларига юздан ортиқ ракета отди. Пайшанба кунги тўқнашувлар уч ҳафтадан бери давом этаётган уруш ҳаракатларининг энг шиддатлиси бўлгани айтилмоқда.

Гуруҳга қарашли “Ал-Манар” телевидениеси орқали чиқиш қилган “Ҳизбуллоҳ” раҳбари Ҳасан Насруллоҳ Исроилга келишув таклиф этди.

“Агар шаҳарларимиз, қишлоқларимиз, тинч аҳоли ва инфратузилмаларга қарши ҳужум уюштиришни тўхтатишга қарор қилсангиз, биз Исроил шаҳарлари ва аҳоли пунктларига ракеталар отмаймиз”, – деди Насруллоҳ.

Айни пайтда у агар Исроил ҳарбийлари Байрут жанубига қилаётган ҳужумларни кенгайтирса, “Ҳизбаллоҳ” ҳам жавоб чораси кўриши ҳақида огоҳлантирди.

“Агар пойтахтимизни бомбардимон қилсангиз, биз ҳам сизнинг репрессив давлатингиз пойтахтини бомбардимон қиламиз. Агар Байрутга зарба берсангиз, исломий қаршилик ҳаракати Тел-Авивга зарба беради. Гуруҳ Яратганнинг ёрдами билан бу ишни амалга оширади”, – деди “Ҳизбаллоҳ” раҳбари.

4 август куни Исроил ҳарбийлари Ливан шарқидаги Сурия билан чегарадош Бекаа водийсига ҳужум қилгани оқибатда тинч аҳолидан ўндан ортиқ киши ўлгани тахмин қилинмоқда. Ахборот агентликларининг гувоҳлар ва Ливан хавфсизлик хизмати ходимларига асосланиб хабар қилишича, Қаа қишлоғи яқинида уюштирилган ҳужумда 12 тадан 40 тагача одам нобуд бўлган.

Исроил полицияси “Ҳизбаллоҳ” жангарилари Исроил шимолига 120та ракета отгани оқибатида икки яҳудий аёл ҳалок бўлганини билдирди.

Ироқда эса 100 мингдан ортиқ шиалар Ливан жанубида Исроил армиясига қарши жанг олиб бораётган “Ҳизбаллоҳ” гуруҳини қўллаб, Бағдодда тинч норозилик намойиши ўтказди. Мазкур намойишни Ироқдаги радикал шиа уламоси Муқтадо ас-Садр уюштирди. Бағдод кўчаларида юриш бошланишидан олдин намойиш қатнашчилари Ироқ ва АҚШ байроқлари чизилган матоларни оёқлари билан топтади.
XS
SM
MD
LG