Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:11

Ҳамкорликдаги қотилликми?


Расмий Тошкент нуқтаи назарини ифодаловчи “Press-uz.info” сайтида қирғизистонлик имом Муҳаммадрафиқ Камоловнинг ўлдирилиши Ўзбекистон ва Қирғизистон махсус хизматлари ҳамкорлигидаги операция натижаси экани айтилади.

М.Камолов айнан ҳамкорликда ўтказилган операция давомида ўлдирилганини қирғиз расмийлари ҳам тасдиқламоқда.

“Қирғизистон махсус кучлари ўзбекистонлик ҳамкорлари билан биргаликда террорчилар гуруҳини йўқ қилди”, - дейилади “Press-uz.info” тарқатилган хабарда.

Сайт хабарида 7 августга ўтар кечаси ўлдирилган қорасувлик имом М.Камолов ҳақида ҳам маълумотлар бор.

Унда ёзилишича, М.Камолов Ўзбекистон исломий ҳаракати тарафдори бўлган ва бу ташкилот фаоллари, хусусан, унинг етакчиси Тоҳир Йўлдошга дўстона моддий ва мафкуравий ёрдам кўрсатиб турган. Ҳозир Европа мамлакатларидан бирида ҳижратда яшаëтган таниқли имом Обидхон қори Назаров эса Ўзбекистон исломий ҳаракати ва М.Камолов ўртасида ўзига хос алоқа кўприги ролини ўйнаган.

О.Назаров “Озодлик” мухбири билан суҳбатда “Press-uz.info” тарқатган айбловни рад этди. Шу билан бирга, у қорасувлик имомнинг ўлдирилиши Марказий Осиёнинг яқин тарихида учрамаган ҳодиса эканини таъкидлади.

Айни пайтда ўзбек режимининг тазйиқ сиëсати қўшни мамлакатларга тарқалаётгани борасида хавотирлар янграй бошлади.

Ўзбекистондаги “Бирлик халқ ҳаракати” партияси раиси Абдураҳим Пўлатов ўзбек режимининг бу иши ҳеч бир қуюшқонга сиғмаслигини айтади.

“Эрк” демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳ эса М.Камоловнинг ўлдирилишини “Каримов режими деб аталган зулм дарахтининг заҳарли меваси”, деб атади.

Баъзи кузатувчилар М.Камоловнинг ўлдирилишига муносабат билдирар экан, Марказий Осиёда низо чиқаришдан Россиядаги баъзи кучлар ҳам манфаатдор эканини айтмоқда.

“Бирлик” раҳбари А.Пўлатов бу тахминларда жон борлигини таъкидлаётган бир пайтда “Эрк” етакчиси М.Солиҳ Қирғизистонда юз берган воқеаларда Кремлнинг эмас, балки “Каримовнинг дастхати борлиги”ни қайд этди.

Ўзбек мухолофатининг ҳар икки вакили ҳам Қирғизистоннинг нисбатан заиф демократик ҳукумати Ўзбекистон босимига дош бера олмаслигини таъкидлади.

М.Солиҳ эса Марказий Осиёдаги ҳеч бир давлат Ўзбекистончалик тажовузкор эмаслигини қўшимча қилди.
XS
SM
MD
LG