Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 21:01

Таниқли имом


Абдуллоҳ Эргаш “Ҳизб ут-таҳрир” партияси аъзолари куни-кеча ўлдирилган Муҳаммадрафиқ Камоловнинг таъзиясига келиб, таниқли имом ҳеч қачон мазкур диний гуруҳ аъзоси бўлмагани ҳақида баёнот берди.

"Биз Муҳаммадрафиқ Камолов ҳеч қачон "Ҳизб ут-таҳрир" партияси аъзоси бўлмаганини расман эълон қиламиз. Лекин у ҳақиқий мусулмон эди. Ҳақиқий мусулмон дегани қўрқмасдан ҳақ гапни айта оладиган одам демакдир. Муҳаммадрафиқ қори ана шундай мусулмонлардан эди", - деди ҳизбчилардан бири ўз партияси номидан баёнот бериб.

М.Камолов имомлик қилган масжидда намоз ўқийдиганлар орасида кўпгина мамлакатларда, жумладан, Қирғизистонда ҳам фаолияти тақиқланган “Ҳизб ут-таҳрир” партияси аъзолари ҳам кўпчиликни ташкил этади. Шу муносабат билан М.Камолов бир неча марта махсус хизматлар томонидан қисувга олинган, бундан бир неча ой муқаддам эса бир кун қамоқда ҳам ушлаб турилган ва уйи тинтув қилинганди.

6 августдан 7 августга ўтар кечаси Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати томонидан ўтказилган махсус амалиёт пайтида отиб ўлдирилган таниқли дин арбоби М.Камоловнинг жасади дастлаб Ўш шаҳри шифохонаси ўликхонасига келтирилди. “Озодлик” мухбири бу ерга етиб келганида шифохонага кириш-чиқиш йўллари автоматлар билан қуролланган йигирмага яқин милиционер ва МХХ вакиллари томонидан қўриқланаётганига гувоҳ бўлди. Бу ерда М.Камоловнинг қариндошлари ҳам ҳозир эди.

"Отам шаҳид бўлди. Худо хоҳласа, у билан жаннатда кўришамиз... Бу қандай сиёсатки, имомларни ўлдирса...", - деди йиғлаб М.Камоловнинг ўғли Рашод журналистларга.

Марҳумнинг укаси Абдуллоҳ Камолов эса:"У 6 август куни масжиддан хабар олиб келайин, деб уй кийимида кўчага чиқиб кетган эди. Шу куни уйга қайтмади. Уни қидиришга тушдик. Бугун 7 август куни уни Ўш шаҳри шифохонаси ўликхонасидан топдик. Уни отиб юборишибди. Масжидда ҳақ гапни айтгани, давлат сиёсатига маддоҳлик қилмагани учун уни отишган", - деди.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати тарқатган расмий ахборотда Ўш шаҳри мавзеларидан бирида махсус амалиёт ўтказилиб, уч террорчи ўлдирилгани айтилади.

Мазкур воқеа гувоҳларидан бири бўлиб ўтган отишмани қуйидагича ҳикоя қилди:

"Кеча соат ўнлар чамасида Ўш шаҳрининг Оқтилак микрорайонида уч минутга яқин отишма бўлиб ўтди. Ўқ отганлар формадаги кишилар эди. Улар ўқ отган машинада уч киши бор экан. Машинада кетаётган уч кишининг ҳаммаси ўлдирилган. Бугун билсак улардан бири Муҳаммадрафиқ Камолов экан".

Ўш шаҳри шифохонасидан М.Камоловнинг жасади олиниб, Қорасув шаҳрига келтирилгач, бу ерга минглаб одамлар йиғила бошлади. Журналистларга М.Камоловнинг жасади кўрсатилди. У тўрт еридан ўқ еган эди.

"Бу ваҳшийликни ким амалга оширган бўлса, албатта, қасос олинмай қўйилмайди. Лекин, муҳим гап шуки, бугунги фожеа Қирғизистонда ҳам диндорлар ҳаёти хавф остида қола бошлаганини кўрсатди. Авваллари Қирғизистонда диндорларни қамаш ҳолатлари учраб турган бўлса, энди диндорларни жисмонан йўқ қилиш анъанаси бошлаб берилди", - дейди марҳумнинг қариндошларидан бири.

Жанозага йиғилган диндорлар Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан М.Камоловнинг террорчи сифатида отиб ўлдирилганидан ғазабда эканини билдирди.
XS
SM
MD
LG