Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:40

БМТ Ливанда қийинчиликка дуч келмоқда


БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияси асосида Ливан жанубида назоратни ўз қўлига олиши кўзда тутилган халқаро тинчликпарвар кучларни жойлаштириш муаммо бўлиб қолмоқда.

Хавфсизлик кенгашининг Исроил ва “Ҳизбаллоҳ” ўртасидаги қуролли тўқнашувни тўхтатишга қаратилган резолюциясига кўра, Ливан жанубига 15 минг аскардан иборат тинчликпарвар кучлар жойлаштириши керак. Бироқ ҳозирга қадар фақат Италия ҳукумати Ливанга ўз қўшинларини юборишга тайёрлигини билдирди.

Италия ташқи ишлар вазири Массимо Д’Алема душанба куни Байрутга сафари чоғида Италия БМТ тинчликпарвар кучлари таркибида Ливан жанубига ўз ҳарбийларини жойлаштиришга тайёрлигини айтди.

Италиядан ташқари яна қайси давлатлар Ливанга қўшин жўнатиши ҳамда белгиланган вазифа қанча муддатда амалга ошиши, шунингдек, бошқа саволлар ҳозирча очиқ қоляпти.

Д’Алема агар БМТ минтақада ўрнатилган ўта нозик тинчлик сақланиб қолишини хоҳласа, бу саволларга жуда қисқа фурсатда жавоб топиши кераклигини таъкидлади.

“Менимча, биз халқаро кучларни имкон қадар тез фурсатда жойлаштиришимиз керак. Чунки бу Исроил билан эришилган келишувнинг шартидир”, – деди Италия ташқи ишлар вазири.

БМТ резолюциясига мувофиқ, Исроилнинг 30 минг аскардан иборат қўшини Ливан жанубидан олиб чиқилади. Айни пайтда халқаро кучлар билан бир қаторда минтақага Ливан армиясининг 15 минг аскари жойлаштирилади. Аммо бу иш қанча муддатда амалга ошиши номаълум.

Ғарб ахборот агентликларининг айрим дипломатлар айтганига асосланиб маълум қилишича, бу вазифани тўлиқ амалга ошириш учун ҳафталар ва балки ойлар керак бўлиши мумкин.

БМТ резолюциясида Ливан ҳарбийлари “Ҳизбаллоҳ”ни қуролсизлантириши назарда тутилган. Аммо бу ишни қандай амалга ошириш аниқ кўрсатилмаган. Партизанлар Ливан армиясига қўшиладими ёки улар тинч ҳаётга қайтадими, буниси ҳам номаълум.

Ҳозир бу ва бошқа масалалар БМТни қизиқтираётгани йўқ. Айни дамда Ливанга жойлаштириладиган халқаро тинчликпарвар кучларни қандай қилиб тўплаш асосий муаммо бўлиб қолмоқда.

БМТ бош котиби матбуот вакили Стефан Дужаррич шу ҳақда гапириб: “Ливанга жойлаштириладиган тезкор ва кучли ҳарбий қисмлар тузишда халқаро ҳамжамиятнинг БМТга ёрдам бериши жуда муҳимдир. Ҳозирга қадар бирорта мамлакатдан ўз қўшинларини Ливанга жўнатиши ҳақида расмий таклиф олмадик. Биз бу борада музокараларни давом эттирамиз”, – деди.

Туркия бош вазири Ражап Тоййиб Эрдўғон эса Ливанга қўшин жўнатиш учун унинг мандати аниқ бўлиши лозимлигини таъкидлади. У Туркия Ливанга ўз ҳарбийларини жўнатиши мумкинлигини, аммо улар қандай вазифани бажариши кераклиги аниқ ва равшан бўлишини хоҳлашини айтди.

Ливан ҳукумати Марокаш, Индонезия, Испания ва Малайзия ҳам Ливанга ўз қўшинларини жўнатишга рози бўлганини билдирди. Аммо бу давлатларнинг бирортаси ҳозиргача ўз ниятини расман эълон қилгани йўқ.
XS
SM
MD
LG