Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:50

Ўзбекистон учун фойдали экани айтилаётган келишув


Ўзбекистон ҳукумати халқаро компаниялар иштирокидаги консорциум билан Орол денгизи ҳудудларида газ ва нефть конларини топиш ва ўзлаштириш бўйича келишувни имзолади.

Консорциум таркибида “Ўзбекнефтгаз”, Россиянинг “Лукойл”, Жанубий Корея ва Хитой миллий нефть компаниялари, Малайзиянинг “Петронас” компанияси бор.

Маълум бўлишича, маҳсулот тақсимоти ҳақидаги келишувга мувофиқ Ўзбекистон ҳукумати қазиб олинадиган табиий бойликларнинг 50 фоизига эгалик қилади, консорциум иштирокчиларига эса 10 фоиздан улуш тегади.

“Лукойл” компанияси матбуот хизматининг ўз номини айтишни истамаган вакили Ўзбекистон ҳукумати билан халқаро консорциум ўртасида маҳсулотни тақсимлаш бўйича келишув имзоланганини тасдиқлади. “Лукойл” вакилининг айтишича, мазкур келишув доирасида ҳозирча фақатгина геология-разведка ишлари олиб борилиши кўзда тутилган.

Маълум бўлишича, геология-разведка ишларини бажариш учун дастлабки уч йилда 100 миллион АҚШ долларига яқин маблағ сарфланиши кутилмоқда. Конларни излаш ишларига ётқизилаётган маблағда консорциум иштирокчилари тенг ҳисса қўшади.

“Хориж сармоядорлари консорциумига бешта ширкат киради. Консорциумдаги улуш тенг миқдорда бўлинади. Шунинг учун маҳсулотни тақсимлаш келишувига кўра, консорциумнинг ҳар бир иштирокчиси ўзининг тегишли ҳиссасини қўшиши керак”, - деди “Лукойл” вакили.

Унинг сўзларига кўра, мазкур лойиҳа бўйича маҳсулот ишлаб чиқариш ҳақида гапиришга ҳали эрта. Чунки геология-разведка ишлари қандай натижа бериши ҳозирча аниқ эмас.

“Демак вазият бундай. Бу объект ҳақида деярли ҳеч нарсани билмаймиз. У ердаги бойликлар захираси қанчалиги ҳақида жуда мавҳум маълумотлар бор. Ҳаммаси геология-разведка ишлари якунлангандан кейин аниқ бўлади. Сармоядорлар дастлабки излаш ишларидан олинган натижаларга қараб хулоса чиқаради. Шунга қараб кейин яна разведка ишлари олиб борилади. Шундагина якуний натижалар қўлга киритилгач, у ерда табиий бойликларни қазиб олиш ишлари бошланиши мумкин”, - дейди “Лукойл” вакили.

Шунга қарамай, консорциумнинг бошқа иштирокчилари мазкур лойиҳага некбинлик билан қарамоқда. Ўзбекистон томонининг башорат қилишича, дастлабки қазиб олиш ишлари 2012 йилда бошланиши мумкин.

Ўзбекистон ҳукумати мазкур лойиҳа муваффақиятли чиқса, мамлакатга катта миқдорда, тахминан бир миллиарддан икки миллиард долларгача янги сармоя келишига умид қилмоқда.

“Лукойл” вакили эса: “Қанча сармоя ётқизилишини айтиш жуда қийин. Ҳаммаси ўрганилаётган майдонлардаги табиий бойликлар захиралари кўламига ва инфратузилмаларни яратишга кетадиган сарф-харажатларга боғлиқ бўлади. Ҳозирча сармоя қанча бўлиши ҳақида гапириш эрта”, - деди.

Маҳсулот тақсимоти ҳақидаги келишувга биноан қазиб олинажак маҳсулотнинг 50 фоизи Ўзбекистон давлатига тегади, қолган 50 фоизи эса консорциум қатнашчилари орасида тенг тақсимланади. Бу эса лойиҳа доирасида қазиб олинадиган нефть ёки газнинг 60 фоизи Ўзбекистонда қолади деганидир. Чунки давлатга кетадиган 50 фоизга “Ўзбекнефтгаз”нинг 10 фоиз улуши ҳам қўшилади.

Ўзбекистонлик мустақил таҳлилчи Малик Абдураззоқов имзоланган келишув шу жиҳатдан Ўзбекистон учун ютуқ бўлганини айтди. Бошқа томондан эса, унинг таъкидлашича, консорциумда Хитойдек мамлакатнинг қатнашаётгани хавотирларга сабаб бўлиши мумкин.

“Россия ва Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатларда Хитой экспансиясининг шимол ва шарққа тарқалишидан хавотирлар билдирилаётган пайтда Хитойга ўз табиий бойликлари калитларини бериш мақсадга мувофиқмикин”, - дея риторик сўроқ ташлайди М.Абдураззоқов.

Халқаро мутахассисларнинг айтишича, Ўзбекистоннинг ғарбий ҳудудларидаги майдонларда бир неча триллион куб метргача табиий газ захиралари мавжуд.

Ўтган йилда Ўзбекистон 60 миллиард куб метр табиий газ қазиб олган. Унинг каттагина қисми экспорт қилинган.

Андижон воқеаларидан кейин Ғарб билан муносабатлари совуқлашиб, Россияга юзланган Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов мамлакат иқтисодининг хусусийлаштирилмаган энг тотли бўлаклари Россиялик тадбиркор ва сармоядорлар учун мунтазир эканини эълон қилган.

“Лукойл” компанияси хориж ширкатлари иштирокидаги консорциумдан ташқари Ўзбекистон билан табиий газ қазиб олиш бўйича алоҳида келишув имзолаган ва майдонларни ўрганиш ишларини бошлаб юборган.

Шунингдек, Россиянинг “Газпром” ширкати ҳам Ўзбекистон билан маҳсулотни тақсимлаш келишувини имзолаш ниятида. Кузатувчилар фикрича, агар “Газпром” билан ҳам бу ҳақда келишилса, Россиянинг йирик ширкатлари Ўзбекистондаги табиий газнинг катта қисми устидан назорат ўрнатиши мумкин.
XS
SM
MD
LG