Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:42

Назарбоев ҳали ҳам Сибирь дарёларидан умидини узгани йўқ


Остонада Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов билан учрашуви чоғида Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев бошқа масалалар қатори сув ресурслари тақсимоти муаммосини ҳам кўтарди.

Музокара пайтида Н.Назарбоев минтақанинг сувга бўлган эҳтиёжини қондириш учун Сибирь дарёларининг бир қисмини Марказий Осиёга буриш масаласини яна бир бор эсга олди.

Сибирь дарëларининг бир қисмини МОга буриш совет пайтида бошланиб тўхтатиб қўйилган лойиҳа ҳисобланади. Хўш, ўтган асрнинг 80-йилларида эколог олимлар эътирози боис тўхтатилган бу лойиҳа нега яна кун тартибига чиқди?

Москвадаги МДҲ институти катта илмий ходими Владимир Егоров бу саволга жавоб берар экан, ҳозир МОда сув масаласи сиëсий аҳамият касб этаётганини айтди.

“Сув захиралари муаммоси бугун МОда сиëсий тус касб қилди. Сув муаммоси бугунга келиб Ўзбекистоннинг Тожикистон ва Қирғизистон билан муносабатларини асабийлаштирмоқда. Сув тақсимоти омили МОдаги сиëсий вазиятни ўзгартирадиган воситага айланди. Ўзини МОнинг лидери ҳисоблайдиган Н.Назарбоевнинг сув муаммосини кўтаргани бежиз эмас. Постсовет Ўрта Осиëда муроса ва тинчлик барқарорлиги сув тақсимотининг адолатли бўлиши билан боғлиқлигини Н.Назарбоев яхши тушунмоқда”, - дейди В.Егоров.

Демак, ташқаридан қаралганида манзара ойдин. МО давлатларидаги сув муаммоси учинчи давлат - Россия ҳисобидан ечилиши кўзда тутилмоқда. Бу эса Россиянинг айрим сиëсатчилари миясидаги табиий сув захираларини тижорий товарга айлантиришдек ғоядан келиб чиқмоқда.

“Бугун Россия иқтисодчилари, сиëсатчилари орасида мамлакатнинг сув захираларини товарга айлантириб сотиш ишқида юрганлар бор, аммо бу ғоя ҳозирча Кремль тарафидан маъқулланмаяпти”, - деди В.Егоров.

Унинг сўзларига кўра, Сибирь дарëларини МОга буриш масаласи амалга ошмайдиган ва Россия раҳбарияти режасида бўлмаган лойиҳадир.

Бу фикрни ўзбекистонлик таҳлилчи Малик Абдураззоқов ҳам тасдиқлади.

Ўзбекистонлик бошқа бир таҳлилчи Искандар Худойбергановнинг таъкидлашича, Сибирь дарëларининг Ўзбекистонга бурилиши ғояси лойиҳадан моддий фойда кўришни ўйлаган тор доирага тааллуқли.

Аммо минтақадаги сув муаммолари долзарб бўлиб тургани аниқ. Бу эса Тожикистон ва Қирғизистонда сувни Қозоғистон ва Ўзбекистонга сотиш фикрини уйғотгани кўпчиликка сир эмас.

Шундай бир вазиятда Сибирь дарёларини сувини МОга буриш масаласи кўтарилганини изоҳлар экан, В.Егоров минтақа раҳбарлари ўз олдиларидан оққан сувни қадрламаётганини таъкидлади.

“МО Россиядан келадиган сувга муҳтож эмас. МОнинг ўзида сув захиралари мўл-кўл. Тожикистон тоғларидаги музликларда дунëдаги ичишга яроқли сув захирасининг 40 фоизи мавжуд. Бу жуда катта захира. МО давлатлари бу захиралардан келишган ҳолда фойдаланиши лозим”, - деди В.Егоров.

В.Егоровнинг айтишича, Сибирь дарёларининг МОга бурилиш оқибатлари юзасидан эколог олимлар билдираётган хавотирларга асос бор. Биринчидан, Россиянинг ўзи гидрозахираларга муҳтож, иккинчидан, дарëларнинг бурилиши бартараф қилиб бўлмайдиган экологик ўзгаришларга олиб келиши мумкин.

Ўзбекистондаги “Экосан” жамғармаси мутахассислари эса Сибирь дарëларининг бир қисмини МОга буриш лойиҳасини маъқуллашини билдирди.
XS
SM
MD
LG