Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:34

АҚШ ўз фуқароларини огоҳликка чақирди


АҚШ Давлат департаменти мамлакатнинг Марказий Осиёдаги фуқароларини огоҳ бўлишга чақирди. Давлат департаменти баёнотида Американинг минтақадаги идораларига террорчи гуруҳлар қолдиқлари томонидан ҳужум уюштириши мумкинлиги эҳтимолдан холи эмаслиги айтилган.

“АҚШ ҳукумати Марказий Осиёдаги террорчи гуруҳлар АҚШ ҳукуматига қарашли идоралар ва минтақада фаолият юритаётган америкаликларга қарши ҳужум уюштиришни режалаётган бўлиши мумкинлиги тўғрисида маълумотлар олмоқда. Марказий Осиёдаги экстремист гуруҳлар, жумладан, “Исломий жиҳод”, “Ал-Қоида”, Ўзбекистон исломий ҳаракати ва Туркистон исломий ҳаракатининг қолдиқлари ва тарафдорлари АҚШга қарши кайфиятда эканини мунтазам билдириб келган. Улар минтақанинг бир қанча давлатларида террор ҳужумлари амалга ошириш имкониятига эга”, - дейилади баёнотда.

Покистонлик Марказий Осиё бўйича мустақил таҳлилчи Аҳмад Рашид “Озодлик” радиоси мухбири билан суҳбатда АҚШ Давлат департаменти эълон қилган баёнотда номлари келтирилган террорчи гуруҳлар АҚШнинг Марказий Осиёдаги элчихоналари ва фуқароларига доим таҳдид солиб келганини айтади.

Унинг фикрича, айниқса, Ўзбекистон исломий ҳаракати Американинг минтақадаги идоралари ва фуқароларига қарши ўз иттифоқчилари билан бирга мувофиқлаштирилган ҳужумни режалаётган бўлиши мумкин.

“Мен Ўзбекистон исломий ҳаракати томонидан доим таҳдид бўлиб келганига ишончим комил. Чунки бу ташкилот бошқа террор гуруҳлари билан иттифоқчидир. Қирғизистон, Тожикистон, шунингдек, Ўзбекистонда ҳам бу ташкилотнинг яширин аъзолари бор. АҚШ элчихоналарига ҳозир қандай хавф таҳдид солаётганини аниқ билмайман. Бироқ Ўзбекистон исломий ҳаракатининг иттифоқчилари бўлмиш “Ал-Қоида” ва толиблар биргаликда бу ташкилотни бирор ҳаракат қилишга ундаётган бўлиши мумкин. Улар АҚШ элчихоналарига мувофиқлаштирилган ҳужум уюштиришни режалаётган бўлиши эҳтимолдан холи эмас”, – дейди покистонлик таҳлилчи.

А.Рашид АҚШ Давлат департаментининг “қора рўйхати”га киритилган мазкур гуруҳлар Марказий Осиёда ўз тузилмаларига эгалигини таъкидлади.

“Мен улар Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Афғонистонда ўз тузилмаларига эга, деган фикрдаман. Минтақада уларнинг кўплаб тарафдорлари бор. Ўзбекистонда уларнинг яширин тизими қанчалар кучли эканини билмайман, аммо бу гуруҳнинг АҚШ манфаатларига таҳдиди мавжуд”, - деди Аҳмад Рашид.

Бироқ ўзбекистонлик сиёсатчи Шарофиддин Тўлаганов Аҳмад Рашид фикрларига қўшилмаслигини билдирди. Унинг сўзларига кўра, “Исломий жиҳод”, “Ал-Қоида”, Ўзбекистон исломий ҳаракати ва Туркистон исломий ҳаракати каби террор гуруҳлари АҚШнинг Марказий Осиёдаги элчихоналари ва фуқароларига қарши ҳужум қилиш имкониятига эга эмас.

“Менимча, АҚШнинг Марказий Осиёдаги элчихоналари ва фуқароларига таҳдид йўқ. Чунки "Ал-Қоида” ва “Исломий жиҳод” минтақада деярли фаолият юритмайди. Туркистон исломий ҳаракати ва Ўзбекистон исломий ҳаракати ҳақида гапирадиган бўлсам, улар Марказий Осиёдаги ҳукуматларни ағдариб, ҳукмронликни ўз қўлига олиши ҳақида баландпарвоз гаплар айтган. АҚШ Давлат департаментининг “қора рўйхати”га киритилган бўлишига қарамай, бу икки ташкилотнинг Америкага қарши бош кўтаришига кучи етмайди, деб ўйлайман. Улар чегара минтақаларида дуч келган одамни террор йўли билан ўлдириши мумкин. Лекин уларнинг Америка элчихонасига тажовуз қилиш имконияти йўқ. ... Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ходимлари мамлакатдаги элчихоналар хавфсизлигини таъминлаган. Улар ўз вазифаларини сидқидилдан бажаради”, – дейди Ш.Тўлаганов.
XS
SM
MD
LG