Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:21

Россияда Грузияни ҳали ҳам кечирмаган кўринади


Россиядаги газ монополиячиси ҳисобланган “Газпром” ширкати 2007 йил 1 январдан бошлаб Грузияга етказиб берилаётган газ нархини икки баробардан кўпга оширмоқчи эканини билдирди.

“Газпром” ширкати Грузияга етказиб берилаётган ҳар минг куб метр газ учун ҳозиргидек 110 доллар эмас, балки 230 доллардан ҳақ тўланишини хоҳламоқда.

“Газпром” Грузияга сотилаётган газ нархини ошириши ҳақидаги хабар аксарият грузияликларни ҳайратга солгани йўқ. Чунки улар Грузия Россиянинг нишони бўлаётганини билади. Дастлаб Россия Грузияда ишлаб чиқарилган винолар ва минерал сув импортини тақиқлаганди.

Сентябрь ойида икки давлат ўртасида жосуслар масаласида жанжал кўтарилгандан кейин Россия расмийлари мамлакатдаги грузияликлар юритаётган бизнес ҳамда грузиялик мигрантларни таъқиб остига олди. Ўтказилган рейдлар давомида ушланган юзлаб грузиялик ўз ватанига депортация қилинди.

Грузияликлар бу тадбирларнинг ҳаммаси сиёсий асосга эгалиги, Грузия президенти Михаил Саакашвили Ғарбга яқинлашиш сиёсатини юритаётгани учун Россия Тбилиси расмийларини жазолашга ҳаракат қилаётганини айтмоқда.

Бироқ Россия Грузияга нисбатан кўрилаётган чоралар асосли эканини таъкидлаяпти. 2 ноябрь куни Россия Энергетика вазирлиги вакили Юрий Ершов: “Биз бошқаларга субсидия бериш амалиётига чек қўйишимиз керак. Қиммат маҳсулотга арзон нарх белгилаб, биз унинг ҳақиқий қийматини олмаётган эдик. Ҳозир бизда ҳам вазият оғир. Камбағаллар ва ижтимоий муаммолар кўп. Шунинг учун биз кимгадир шунчаки ёрдам бериш имкониятига эга эмасмиз. Шу боис, нархлар дунё бозоридагидек бўлиши керак”, – деди.

Ҳозирча газ нархи оширилиши ҳақида келишувга эришилгани йўқ. Бу масала Грузия расмийлари ва “Газпром” вакиллари ўртасида ноябрь ва декабрь ойларида бўладиган сўзлашувларда муҳокама этилади.

Россия Европа давлатларига ҳар минг куб метр газни 230-250 доллардан сотади. “Газпром” Грузиядан ҳам худди шунча нарх талаб қилишни режалаштирган.

Москвада журналистлар билан учрашган Грузия ташқи ишлар вазири Гела Бежуашвили газ нархи борасида музокара давом этишини маълум қилди.

“Биз бундай нарх қандай қилиб белгиланганини билмоқчимиз. Грузия Россияга яқин жойлашгани ва транзит нархи анча паст бўлишига қарамай, нима учун Грузиядан Шарқий Европа тўлаётган нархни талаб қилинмоқчи? Бу техник сўзлашувлар мавзуси ва менимча, биз бозор иқтисодиёти тамойиллари асосида келишувга эришишга ҳаракат қилишимиз керак. Аммо ҳозир, менимча, иқтисодиётдан кўра сиёсат кўпроқ рол ўйнаяпти”, – деди Гела Бежуашвили.

У Москвага Россия билан кескин муносабатларни юмшатиш мақсадида борган. 1 ноябрь куни Г.Бежуашвили россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан учрашди. Аммо президент Владимир Путин Грузия ташқи ишлар вазирини қабул қилмади.
XS
SM
MD
LG