Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:15

Жорж Буш Ироқдаги сиёсатини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлмоқда


АҚШ Конгрессига бўлиб ўтган сайловда демократлар ғалаба қозонганидан бир ҳафта ҳам ўтмай, Жорж Буш маъмурияти Ироқда юритаётган сиёсатини қайта кўриб чиқишга киришди.

АҚШ телевидениеси орқали бу ҳақда эълон қилган мамлакат Қуролли кучлари бош штаби бошлиғи генерал Петер Пейс янги стратегия ҳақида тафсилий маълумот бермади.

“The New York Times” газетасининг Пентагон расмийсига асосланиб хабар қилишича, П.Пейс АҚШнинг тажрибали ҳарбийларидан гуруҳ тузиб, уларга Ироқ, Афғонистон ва бошқа бўҳронли минтақалардаги вазиятни қайта кўриб чиқиш вазифасини топширган.

Конгрессга ўтган сайловда Жорж Буш мансуб Республикачилар партиясининг мағлубиятга учраб, Вакиллар палатаси ва Сенатдаги назоратни демократлар қўлга олгани Оқ уй маъмуриятини ўз сиёсатини қайта кўриб чиқишга мажбур этгани айтилмоқда.

Демократик партиянинг Конгрессдаги раҳбарларини жума куни Оқ уйда қабул қилган президент мухолифат вакиллари билан бирга ишлашга тайёрлигини яна бир бор маълум қилди.

“Республикачилар ва демократлар бирдек ватанпарвар экани, келажак учун баробар қайғуриши ва биз бирга ишлай олишимизни мамлакатга кўрсатиш учун қулай имконият пайдо бўлди”, – деди АҚШ раҳбари.

Конгрессга сайловдаги мағлубиятдан кейин Ироқ урушининг асосий ташаббусчиси бўлган мудофаа вазири Доналд Рамсфелд истеъфога чиқди. Жорж Буш Америка халқига одатдаги радиомурожаатида Д.Рамсфелднинг ўрнига Марказий разведка бошқармасининг собиқ бошлиғи Роберт Гейтсни тайинлаганини билдирди.

Кўпчилик Р.Гейтсни ташқи сиёсат соҳасида прагматик эканини айтмоқда.

Сенатдаги демократларга Ҳарри Рейд етакчи бўлиши кутиляпти. У ва бошқа демократлар президент билан ҳамкорликда ишлашга тайёр эканини билдирди.

Жума куни Ж.Буш билан учрашувдан сўнг Ҳ.Рейд: “Муҳокама мазмунли ўтди. Биз мамлакат учун муҳим бўлган масалаларни муҳокама қилдик. Сайлов тугади. Икки партиянинг ўзаро ҳамкорлиги, муаммолар бирга муҳокама этилиши, албатта, натижа беради. Бундай ҳамкорлик олдинга қадам ташлашнинг гаровидир”, - дея баёнот берди.

АҚШнинг собиқ давлат котиби Жеймс Бейкер бошчилигида икки партия вакилларидан тузилган комиссия келаси ойда Ироқ бўйича ҳисобот эълон қилади. Жорж Буш Америка халқида радиомурожаатида мазкур комиссия тавсияларини қўллаб-қувватлашини айтди.

Бу комиссия АҚШнинг Ироқдаги ҳарбийлари сонини босқичма-босқич камайтириш бўйича тавсиялар бериши кутилмоқда. Жорж Буш бу масалани 13 ноябрь куни комиссиянинг бир гуруҳ аъзолари билан ҳам муҳокама қилиши белгиланган.

“Ироқдаги Ал-Қоида” раҳбари Абу Ҳамза ал-Муҳожир шу вазиятда Америка маъмуриятининг жиғига тегишга уриняпти. У Интернет орқали баёнот тарқатиб, АҚШни Ироқдан қўшинларини олиб чиқмасликка чақирди ва ўзининг минглаб тарафдорлари америкаликлар қонини тўкишга тайёр эканини билдирди.

Пентагон Ироқ хусусидаги якуний тавсияларини декабрь ойи бошида, яъни икки партия вакилларидан тузилган комиссия ўз ҳисоботини тақдим этадиган бир пайтда эълон қилишни режалаштирган. Демократлар эса 2007 йил 1 январдан Конгрессда етакчи мавқега эга бўлади.
XS
SM
MD
LG