Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:11

Пьер Жамоил дафн қилинди


23 ноябрь куни Ливанда икки кун аввал Байрутда номаълум шахслар уюштирган суиқасдда ўлган саноат вазири Пьер Жамоилни дафн этиш маросими бўлди. Унда ўн минглаб одам қатнашди.

Ливан пойтахтидаги авлиё Георг черковидан бошланган дафн маросимида чет давлатлар вакиллари, жумладан, Франция ташқи ишлар вазири Филип Дуст Блази, Араб давлатлари лигаси раҳбари Амр Муса қатнашди.

Ливан собиқ президентининг ўғли 34 ёшли Пьер Жамоил Байрутдан шарқ томонда жойлашган ўзи туғилиб ўсган Бикфая қишлоғидаги қабристонга кўмилди. Суиқасд чоғида ҳалок бўлган қўриқчи ҳам Пьер Жамоил билан бирга дафн этилди.

Пьер Жамоилга ким суиқасд уюштиргани ҳозирча маълум эмас. Бироқ аксилсурия кайфиятидаги ливанлик сиёсатчилар дарҳол Дамашқ расмийларини мазкур қотилликни уюштиришда айблади. Шу боис, дафн маросими муносабати билан Байрут кўчаларига чиққан минглаб киши Суриянинг Ливан ички ишларига аралашишини қоралади.

Ливан парламентининг аксилсурия кайфиятидаги энг йирик фракцияси раҳбари Саад Ҳаририй ливанликларни “эркинлик ва мустақилликни қўллаб-қувватлашини кўрсатиш учун” Пьер Жамоилнинг дафн маросимида қатнашишга чақирди. Саад Ҳаририйнинг отаси, Ливаннинг собиқ бош вазири Рафиқ Ҳаририй ҳам 2005 йил февралда суиқасд қурбони бўлган эди.

Сурия расмийлари суиқасдга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидламоқда.

Куни-кеча БМТ Хавфсизлик кенгаши Ливан ҳукуматининг Рафиқ Ҳаририйнинг ўлдирилиши иши бўйича халқаро трибунал ташкил этиш ҳақидаги таклифини маъқуллаган эди. Сурия расмийлари Пьер Жамоилнинг айни шу кунларда ўлдирилиши Дамашқ обрўсига имкон қадар кўп путур етказиш мақсадида амалга оширилганини айтмоқда.

Пьер Жамоил ўлдирилганидан бери мамлакатда хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Президент саройи атрофи ҳамда Дамашққа олиб борувчи катта йўлларга қўшимча тўсиқлар қўйилган.

Халқаро ҳамжамият ва дунё раҳбарлари, жумладан, АҚШ президенти Жорж Буш суиқасд юзасидан қилган чиқишида Дамашқ ва Теҳрон расмийларини кескин танқид қилди.

“Биз Ливан бош вазири Фуад Синиора ҳукуматини ва унинг демократия йўлидан боришини, Ливан халқининг тинч яшаш истагини қўллаб-қувватлаймиз. Сурия, Эрон ва иттифоқчилари бу муҳим мамлакатда беқарор вазият ва зўравонликлар келтириб чиқаришга уринмоқда. Биз бу уринишдан ўз демократиясини ҳимоя қилишга уринаётган ливанликларни қўллаб-қувватлаймиз. Мен ушбу қотиллик ортида қандай кучлар турганини аниқлаш учун суиқасд юзасидан тўлиқ текширув ўтказишга чақираман”, – деди АҚШ раҳбари.

Дамашқда чиқадиган нашрларда ёзилишича, Пьер Жамоилнинг ўлдирилишидан фақат Сурияга қарши бўлган Ливан ҳукумати аъзолари манфаатдордир. Чунки Исроил билан урушдан кейин Ливандаги аксилсурия кайфиятидаги ҳукумат аъзолари “Ҳизбаллоҳ” гуруҳи билан зиддиятга борган.
XS
SM
MD
LG