Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:05

Аёлларни зўравонликдан асранг!


25 ноябрь - Аёлларга нисбатан зўравонликка қарши кураш халқаро куни муносабати билан дунёнинг кўплаб мамлакатларида турли тадбирлар ўтказилмоқда.

Уч йил олдин аёлларга нисбатан зўравонлик содир этилишига қарши қонунлар дунёнинг атиги 45 давлатида қабул қилинган эди. Ҳозирга келиб бундай давлатлар сони қарийб икки баробар кўпайди. Аёлларга нисбатан зўравонликлар содир этилишининг олдини олишга қаратилган дастурлар учун БМТ томонидан ажратилаётган маблағ ҳам 2004 йилдан бери тўрт ҳиссага кўпайиб, салкам тўрт миллион долларни ташкил этмоқда.

БМТнинг “Аёллар учун тараққиёт” жамғармаси 20та давлатда фаолият юритаётган 28та ноҳукумат ташкилотни маблағ билан таъминлаб, аёллар ҳуқуқлари ҳимоясига қаратилган лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Мазкур жамғарма раҳбари Нолийн Ҳейзер “Озодлик” мухбири билан суҳбатда ўз ташкилоти ишлаб чиққан лойиҳаларнинг аксарияти Марказий Осий ва Кавказ минтақаси давлатлари учун мўлжалланганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, ўз анъаналарига эга бўлган бу минтақа халқлари ҳаётида 15 йил муқаддам Совет Иттифоқи парчалангандан кейин юзага келган қийинчиликлар оқибатида аёлларга зўравонликлар кўпайган.

“Қирғизистон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Озарбойжон, Грузия ва бошқа давлатларда иш жойларида бу жуда долзарб масала ҳисобланади. Чунки кўпчилик хотин-қизлар иш жойларида жинсий камситилмоқда. Оилаларда ҳам аёлларга нисбатан зўравонликлар юз бермоқда. Кўп оилаларда ишсиз қолган эркаклар ичкиликка берилиб, аёлларга қўл кўтаради. Биз аёлларга нисбатан зўравонлик содир этилишига қарши кампания олиб боряпмиз. Биз бу борада ўз стратегиямизни ишлаб чиққанмиз. Улар, асосан, Марказий Осиё республикаларига қаратилган”, – деди Н.Ҳейзер.

Унинг айтишича, Марказий Осиё давлатларида балоғат ёшига етмаган қизларни унинг хоҳишига қарши турмушга бериш ҳоллари тез-тез кузатилади. Бундай амалиёт, айниқса, Афғонистон ва Покистонда кенг тарқалган. БМТ маълумотига кўра, Афғонистонда 57 фоиз қиз 16 ёшга тўлмасдан ўз истагига қарши турмушга берилади.

Исломий уламолар, хусусан, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари “Озодлик” мухбири билан суҳбатда турмуш қуриш икки томоннинг ихтиёрига кўра амалга ошиши кераклигини, акс ҳолда бу Исломга зид эканини айтди.

“Ислом нуқтаи назаридан ҳар бир шахс, хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин, ўз ихтиёри, ўз розилиги билан турмуш қурмоғи лозим. Бу ерда ижоб ва қабул, яъни турмуш қуриш таклифи бир тарафдан, иккинчи тарафдан уни қабул қилиш бўлади. Шу вақтда икки томон ҳам рози бўлиши керак. Шариат розилик гувоҳлар олдида эркин ҳолатда айтилишини таъминлаган. Мана бу ҳадисни ва бошқа бир қанча ҳужжат ва далилларни келтирган ҳолда қизларни мажбурлаб турмушга узатиш мутлақо мумкинмаслиги айтилади”, - деди шайх ҳазратлари.

БМТ расмийлари фикрича, хотин-қизлар савдоси ҳам аёлларга нисбатан содир этилаётган мудҳиш зўравонликлар сирасига киради. Дунёда ҳар йили 500 мингдан 2 миллионгача хотин-қиз одам савдоси қурбони бўлмоқда.
XS
SM
MD
LG