Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:29

Қозоғистон раҳбарининг Брюсселга сафари


Айни пайтда Брюсселга сафарини давом эттираётган Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Европа Иттифоқи расмийлари билан сўзлашувлар чоғида, асосан, энергетика масалаларини муҳокама қилди.

Еврокомиссия раҳбари Жозе Мануэл Баррозу Қозоғистон президенти билан 4 декабрь куни учрашди. Музокарадан сўнг у ЕИ Қозоғистоннинг улкан нефть ва газ захираларига катта қизиқиш билан қарашини яширмади.

“Энергия таъминоти хавфсизлиги ЕИ кун тартибидаги долзарб сиёсий масаладир. ЕИ Қозоғистон билан алоқаларни мустаҳкамлашни хоҳлайди. Биз Қозоғистон билан ҳамкорликни қадрлаймиз. Учрашув чоғида президент Нурсултон Назарбоев биз билан барча масалани прагматик ва иқтисодий нуқтаи назардан муҳокама қилишга тайёрлигини айтди. Бу бизни янада рағбатлантирди”, – деди Баррозу.

Музокарадан сўнг энергетика соҳасида ҳамкорлик ва атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш ҳақида шартнома имзоланди.

Н.Назарбоев мазкур учрашувлар ЕИ-Қозоғистон муносабатларини юқори даражага кўратишини айтар экан, стратегик ҳамкорлик ҳақида янги шартнома имзоланса, мақсадга мувофиқ бўлишини билдирди.

“Биз ЕИ ва Қозоғистон ўртасида 1995 йилда имзоланган ҳамкорлик шартномаси асосида ишлаяпмиз. Мен навбатдаги ҳужжат нафақат энергетика, балки стратегик ҳамкорликни ҳам ўз ичига олиши ҳақида таклиф киритдим”, – деди Н.Назарбоев.

Қозоғистон 2009 йилда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига раислик қилишга интилмоқда. ЕИга аъзо давлатлар Қозоғистон номзодини қўллаб-қувватлашга ишора қилган. Аммо АҚШ Остона расмийларини бу ниятини амалга оширишни кечиктиришга чақирган.

Брюсселда Н.Назарбоев Қозоғистон ЕХҲТга раислик қилиш уринишидан воз кечмаслигини таъкидлади.

“Охирги етти йил мобайнида Қозоғистон иқтисодиёти қарийб уч марта кенгайди. Мамлакатда ишлаб чиқариш йилига 9-10 фоиз ўсмоқда. Қозоғистон очиқ иқтисодиётга эга. Шу боис, биз 2009 йилда ЕХҲТга раислик қилиш ниятидамиз ва бу мақсаддан воз кечмоқчи эмасмиз”, – деди Н.Назарбоев.

Жозе Мануэл Баррозу Қозоғистонда кўпроқ ислоҳот ўтказилиши кераклигига урғу берди. Бироқ у қайси соҳаларда ютуқларга эришиш кераклигини назарда тутганини айтмади.

Қозоғистон раҳбари 4 декабрь куни Брюсселда НАТО бош котиби Яап де Ҳооп Схеффер билан ҳам учрашди. Музокара чоғида “Амалий ҳамкорлик дастури” доирасидаги алоқалар муҳокама этилди. Схеффер Қозоғистонни Марказий Осиё минтақасидаги энг фаол ҳамкор, деб атади.
XS
SM
MD
LG