Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:57

Ўзбекистон расмийлари Андижон воқеаларини ЕИ вакиллари билан Тошкентда муҳокама қилмоқда


Фарруҳ Юсуфий Андижон воқеаларини ўрганиш бўйича Европа Иттифоқи экспертлари иштирокидаги ишчи гуруҳнинг Тошкентдаги учрашувлари чоршанба куни ҳам давом этди. 2005 йил 13 май воқеаларини муҳокама қилишга бағишланган учрашув ўтказиш ноябрь ойида Брюсселга сафар қилган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норов томонидан таклиф қилинган эди. Норовнинг ташаббуси Брюссел расмийлари томонидан олқишланган ва Андижон воқеаларидан кейин расмий Тошкентга инсбатан жорий қилинган жазо санкцияларининг юмшатилиши сабабларидан бири сифатида кўрсатилган эди.

Андижон воқеалари бўйича ишчи гуруҳида қатнашаётган Европа Иттифоқи расмийлари 11 декабрь куни Тошкентга борди. Аммо бу ташриф ва учрашувлар ҳақида оммага маълумот тарқатилмади. “Озодлик” радиоси мухбири Европа Иттифоқи делегациясига етакчилик қилаётган Финляндия Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Пекка Ҳойнонен билан телефон орқали суҳбатлашди.

Мухбир: Андижон воқеалари бўйича ишчи гуруҳида Ўзбекистон томонидан кимлар қатнашяпти?

Жаноб П.Ҳойнонен: “Биласизми, муҳокамаларда Ўзбекистон томонидан қатнашётганларнинг исмини ошкор қилолмайман. Исмлар ошкор қилинмаслиги ҳақида Ўзбекистон ҳукумати билан келишиб олганмиз. Ўзимдан бошқа ҳеч кимнинг исмини ошкор қила олмайман. Фақатгина шуни айтишим мумкинки, муҳокамаларда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа вазирликлар вакиллари қатнашяпти. Европа Иттифоқи томонидан Иттифоққа президентлик қилаётган Финляндия ҳамда Европа Кенгаши вакиллари иштирок этяпти. Бундан ташқари, Германия, Британия, Франция ва Швециядан экспертлар бор”, – деди Финляндия Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Пекка Ҳойнонен.

Мухбир: Жаноб Ҳойнонен, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили жаноб Пьер Морел ишчи гуруҳнинг Андижонга ҳам бориши ҳақида гапирган эди. Делегация аъзолари Андижонга бордими?

Жаноб П.Ҳойнонен: “Йўқ, ҳозирча борганимиз йўқ”.

Мухбир: Тошкентдаги учрашувлар 14 декабрь куни тугаши айтилмоқда. ЕИ делегациясининг Андижонга бориш режаси амалга ошадими?

Жаноб П.Ҳойнонен: “Ҳа, умуман олганда, бу режамиздан воз кечганимиз йўқ. Лекин бу ҳақда сизга ҳозирча ҳеч нарса айта олмайман”.

Мухбир: Тошкентдаги дипломатлардан бири, ЕИ делегациясининг Андижонга бориш-бормаслиги ҳақида ҳозирча келишувга эришилмади Ўзбекистон ҳукумати бунга розилик бермади, деди. Шу гап ростми?

Жаноб П.Ҳойнонен: “Йўқ бу нотўғри. Аксинча, Ўзбекистон томони Андижонга сафарни уюштиришда қўлдан келганча ҳаракат қилишига ишонаман. Бу ерда фақатгина об-ҳаво муаммо бўлиб турибди. Тошкентда икки кундан бери қуюқ туман. Бугун ҳаво сал очилгандек бўлиб турибди. Агар об-ҳаво эртага ҳам яхши бўлса, Андижонга боришимиз мумкин. Агар туман тушса, Андижонга сафар бекор қилинади”.

Мухбир: Андижон воқеаларини ўрганиш бўйича ЕИ ишчи гуруҳнинг ҳулосалари қачон эълон қилинади?

Жаноб П.Ҳойнонен: “Йўқ, бу хулосалар умуман ошкор қилинмайди. Биз ўз ҳисоботимизни Европа Иттифоқидаги мутасадди идораларга юборамиз”.

Мухбир: Бўлмаса, муҳокама ўтказишдан мақсад нима? Европа Иттифоқидаги мутасадди идораларга юборадиган ҳисоботингиз қай мақсадларда ишлатилади?

Жаноб П.Ҳойнонен: “Ҳозирча қўлимизда маълум ахборотлар бор. Аммо улар воқеаларни тўлиқ акс эттирмайди. Шунинг учун ўтган йилги воқеалар ҳақида қўшимча маълумотларни тўплаш имконини қидиряпмиз. Бу ахборотларни топиш экспертларнинг иши. Ҳисоботдан кўзланган мақсад ҳақда ҳозирча ҳеч нарса айта олмайман”.

Мухбир: ЕИ ишчи гуруҳнинг хулосалари, келаси йилнинг февраль ойида қайта кўриб чиқиладиган санкцияларнинг бекор қилинишига сабаб бўлиши мумкинми?

Жаноб П.Ҳойнонен: “Кечирасиз, ҳозирча бу ҳақда сизга ҳеч нарса айтолмайман”.

Мухбир: Жаноб Ҳойнонен, охирги савол, маълумотларни тўплаш масаласига қайтсак. Европа Иттифоқи экспертлари тўплаётган ахборотлар фақатгина Ўзбекистон расмийлари тақдим этаётган маълумотлардан иборатми, ёки 13 май воқеаларини ўз кўзи билан кўрган оддий одамлар ва воқеалардан кейин мамлакатдаги вазиятни кузатган мустақил кузатувчилар билан ҳам суҳбатлар ўтказиладими?

Жаноб П.Ҳойнонен: “Биласизми, Европа Иттифоқи экспертлари Андижон воқеаларидан кейин биринчи марта Ўзбекистонга келишди. Бу гурҳнинг иши нимадан иборат бўлишини ҳозирча айта олмайман”.
XS
SM
MD
LG