Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:30

Ислом Каримовнинг “қутқарув чамбараги”


“Мардикорга кетди Андижоннинг мард йигитининг бир бўлаги”. Бу қўшиқ ўтган асрнинг иккинчи ўн йиллигида Россияга мажбуран жўнатилган мардикорлар, уларнинг қайғу алами ҳақида.

Ўша пайтда Россияга мардикор жўнатиш норозиликларга сабаб бўлган эди.

Бугун ўзбекистонликлар ўз ихтиëри билан, тирикчилик илинжида Россия, Қозоғистон ва бошқа узоқ ўлкаларга мардикорликка кетмоқда.

Уларни “мардикорликка етаклаган нарса мамлакатдаги ижтимоий муаммолар ва ишсизлик” эканини айтади лондонлик тадқиқотчи Алишер Илҳомов.

“Меҳнат миграцияси Ўзбекистон учун янги ҳолат бўлса ҳам Марказий Осиё кўламида янги ҳодиса эмас. Айни ҳолат Модаги бошқа мамлакатлар, хусусан, Тожикистонда ҳам кузатилади. Асосан, мигрантлар оқими иш ўринлари ва моддий фаровонлик бўлган Россия ва Қозоғистонга йўналган”, - дейди А.Илҳомов.

Унинг таъкидлашича, миграция тўлқини бу мигрантлар чиққан мамлакатдаги иқтисодий аҳволдан аниқ даракдир. Миграция камбағал мамлакатдан бой давлатларга томон йўналган бўлади. Ўзбекистондан мигрантлар оқимининг кўпайгани мамлакатдаги ишсизлик ва қашшоқлик аломатидир. Айнан ишсизлик ва қашшоқлик миграцияни ҳаракатга келтирувчи кучдир.

“Кўпчилик ҳолатларда мигрантлар нисбатан тўқ ва барқарор маблағ келтирадиган жойларга ўрнашади, аммо шу баробарида камситилиш ва хўрликларга ҳам дуч келади. Агар улар мигрант сифатида қайддан ўтса, озми-кўпми ҳимояга эга бўлади. Аммо Ўзбекистондан борган аксар мигрантлар қайддан ўтмай, кимнингдир паноҳида бир амаллаб ишлашни маъқул кўради. Мигрантларни қайддан ўтиш жараëнининг мушкуллиги ва бу соҳадаги коррупция чўчитади”, - дейди тадқиқотчи.

Кўпгина мамлакатлар, жумладан, Россия ва Қозоғистон мигрантларнинг иқтисодга ëрдамини англаб етиб, уларни қайддан ўтказишни осонлаштириш борасида қонун қабул қилиш ҳақида ўйламоқда.

А.Илҳомовга миграциянинг Ўзбекистон учун ижобий омил эканини таъкидлади. Чунки, биринчидан, ишсизлар армияси муаммоси бирмунча енгиллашади. Иккинчидан, мамлакатга озми-кўпми қаттиқ валюта кириб келади. Ташқаридан келаëтган пул оқими мамлакатдаги истеъмол жараëнини кенгайтиради.

“Агар миграция бўлмаганида ишсиз, пулсиз қолган миллионлаб одам исëн кўтарган бўлар эди. Миграция аҳоли ўртасидаги норозилик тўлқинини бироз бўлса ҳам пасайтиради. Шу маънода, миграция президент Каримов учун ҳам қутқарув чамбарагидир”, - деди А.Илҳомов.
XS
SM
MD
LG