Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:02

Уйсиз қолган ўшликлар очлик эълон қилди


Шерзод Юсуф Қирғизистонда 2005 йил март инқилобидан сўнг уйсиз аҳоли томонидан турли ташкилот ва шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулкларни босиб олиш ҳолатлари кузатилган эди. Ўш шаҳри ҳам бундан мустасно эмас.

Куни–кеча Ўш шаҳридаги қирғиз –ўзбек университетига тегишли ҳали қуриб битирилмаган кўп қаватли уйни босиб олганларни ҳайдаб чиқариш ҳаракати қонли якун топди.

Ўш вилоятининг тоғли қишлоқларидан келган 24 оила Ўшдаги қирғиз-ўзбек университетига тегишли бўлган ва ҳали қуриб битказилмаган кўп қаватли уйни босиб олган эди. Уйни эгаллаб олганларни ҳайдаб чиқариш учун милиция, тез ёрдам хизмати ва суд ижрочилари жалб қилинди. Уйни эгаллаб олган аёллардан бири қаршилик кўрсатиб, суд ижрочисининг бармоқларини болта билан чопиб ташлади.

“Бу аёл милиционерларга қараб: “Биз бу уйдан ҳеч қачон чиқиб кетмаймиз. Бу ердан фақат ўлигимиз чиқади ёки сизлар шу ерда ўласизлар. Бўлмаса бу уйни портлатиб юборамиз”, - деб бақириб, жанжал кўтарган эди. Кейин у қўлига болта олиб суд ижрочисининг панжаларини чопиб ташлади. Суд ижрочисини бинодан тез ёрдам ходимлари олиб чиқиб кетди. Тез ёрдам ходимлари ҳалиги аёлдан бу боланинг бармоқларини беринг, уни вақтида ўз ўрнига тикса бўлади, деб илтимос қилди. Бироқ аёл суд ижрочисининг бармоқларини бермай, яшириб қўйди”, - дейди воқеа гувоҳларидан бири.

Айни мана шу воқеа Қирғизистон жамоатчилиги диққатини уйни эгаллаб олганларнинг муаммоларига жалб этди. Бугунги кунда кимдир уйни эгаллаб олган аёлнинг бу ҳаракатини оқласа, кимдир қораламоқда. Лекин ҳар икки фикрдаги одамларнинг нуқтаи назарлари бир нарсада уйғун.

“Қиш пайтида 24 оилани балоғатга етмаган болалари билан кўчага ҳайдаб чиқариш ваҳшийликдир”, - деб ёзмоқда газеталар.

Қирғиз матбуоти бу воқеа қирғиз-ўзбек университети обрўсини кескин тушириб юборганини билдиряпти. Бироқ университет раҳбарияти матбуотдаги бундай чиқишларни рад этади.

“Қирғиз-ўзбек университети ҳеч кимнинг ҳуқуқини бузаётгани йўқ. Биз ҳеч кимни кўчада қолдирмоқчи эмасмиз. Биз бу уйни эгаллаб олганларга шаҳарнинг бошқа мавзеларида яшаш учун шароити бўлган уйларни ижарага олишни таклиф қилдик. Университетимиз май ойигача мана шу 24 оиланинг ижара ҳақи харажатларини ҳам тўлаб беришга розилик берди. Бироқ уйни эгаллаб олганлар бундан қатъиян бош тортди. Шундан сўнг куч ишлатар тизимлар ёрдамида суд қарори билан уларни уйдан ҳайдаб чиқаришга мажбур бўлдик”, - деди университет проректори Гулмира Эрқулова.

Уйни эгаллаб олганлар эса бу ерни эпақага келтириш учун анча-мунча харажат қилинганини билдиряпти.

“Биз бу уйнинг томини ёпдик. Ўз харажатимиз билан хонадонларни қуриб битирдик. Уйни яшаш учун тайёр қилиб қўйганимизда уни биздан тортиб олмоқдалар. Биз балоғатга етмаган болаларимиз билан шу кунларда кўчада яшамоқдамиз. Совуқдан касаланиб шу кунгача ўн киши шифохонага ётқизилди”, - дейди уйни эгаллаганлардан бири Нурбой Қапаров.

Айни пайтда 24 оиладаги аёллар ва болалар Қирғизистон президентининг жанубдаги вакили қабулхонасида яшамоқда. Эркаклар эса кўча-куйда ёки иш жойларида яшаётир. Бу оилалар аъзолари ўзларининг очлик эълон қилганини билдирди. Улар очлик уларга ўзлари эгаллаб олган уй қайтарилмагунича давом этишини айтмоқда.
XS
SM
MD
LG