Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:36

АҚШ давлат котиби Конгресс қўмиталарида кўрсатма берди


АҚШ давлат котиби Кондолиза Райс президент Жорж Буш маъмурияти 2008 йил учун таклиф қилган бюджет маблағини қандай ишларга сарфлашни режалаётгани ҳақида Конгрессда икки кун давомида кўрсатма берди.

Бироқ Сенат ва Вакиллар палатаси қўмиталаридаги муҳокамалар тез фурсатда Яқин Шарқ, хусусан, Эрон мавзусига бурилиб кетди.

Сенатнинг ташқи алоқалар қўмитаси раиси бўлган демократ сенатор Жозеф Байден 8 февраль кунги йиғилиш очилишида Жорж Буш Эронга қарши уруш бошлашни режалаштираётган бўлиши мумкинлиги ҳақида хавотир билдирди.

Яқинда Ж.Байден АҚШ нафақат Эронга қарши кайфиятни кучайтиргани, балки бортида самолётлар бўлган иккинчи ҳарбий кемани Форс кўрфазига жўнатганини айтган эди. Эрон жосуслари АҚШнинг Ироқдаги ҳарбийларига ҳужум қилаётган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги гапларни инкор қилмаган Ж.Байден Ж.Бушнинг баёнотлари унинг салкам 4 йил олдин Ироқ уруши бошланиши арафасидаги кайфиятини ёдига солаётганини айтди.

Эроннинг ядровий дастури ҳақиқий таҳдид солаётгани ҳақида гапирган сенатор: “Стратегия қуйидагича бўлиши мумкин: чегара ортидан Эронга босимни кучайтириш орқали биз Теҳронни мудофаа позициясига қўямиз ва музокараларда устунлигимизни мустаҳкамлаймиз. Агар биз музокаралар ҳақида жиддий гапираётган бўлсак, бунда мантиқ бор. Агар биз ҳақиқатан ҳам сўзлашув олиб бориш ниятида бўлсак, мен сиздан буни эронликлар, иттифоқчиларимиз ва Америка халқига очиқ-ойдин айтишингизни сўрайман”, - деди.

Ж.Байден фикрича, агар Эрон билан музокара ўтказиладиган бўлса, сўзлашув жараёнида дастлаб Ироқ масаласи муҳокама этилиши, сўнг икки давлатга тегишли масалалар, жумладан, Эроннинг ядровий дастури, террорчиликка алоқадорликда гумон қилинаётган гуруҳларнинг Теҳрон томонидан қўллаб-қувватланаётгани, Араб-Исроил тинчлик жараёнига Эроннинг қаршилик кўрсатаётгани каби масалалар кўрилиши керак.

Ҳозирга қадар кўпчилик К.Райсдан Эрон ядровий дастурини тўхтатган тақдирда АҚШ у билан музокараларни бошлаш-бошламаслиги ҳақида сўрамоқда. 8 февраль кунги йиғилишда сенатор Ж.Байден давлат котибига яна шу саволни берди.

“Агар эронликлар БМТ Хавфсизлик кенгаши қабул қилган резолюцияда талаб қилинганидек ўз ядровий дастурини тўхтатса, мен эронлик ҳамкасбим билан исталган пайт, исталган жойда ҳар қандай масалани муҳокама қилишга тайёрман”, – деди К.Райс.

Йиғилишда К.Райсга Саудия Арабистонининг Ливан масаласини ҳал қилиш борасида Эрон билан ўтказаётган мулоқотини қўллаб-қувватлайсизми, деган савол берилди.

Давлат котиби агар бўҳронни ҳал қилиш чоралари демократик йўл билан сайланган Ливан ҳукумати учун мақбул бўлса, Оқ уй маъмурияти уни қўллаб-қувватлашини билдирди.
XS
SM
MD
LG